Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев биз билан суҳбатда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Қуйида суҳбатдошимизнинг айни масаладаги асосий фикрларини келтирамиз.

Педагог бўлмаган йўналишлардаги талабалар учун мактабда дарс бериш ҳуқуқини берувчи тайёрлов модуллари йўлга қўйилади. Бу жараён қандай амалга оширилади?

Президент қарори билан нопедагог йўналишда таҳсил олаётган иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун тайёрлов курсларида ўқиб, мактабда дарс бериш имконияти яратилмоқда. Бу педагогик модул ҳаммага ҳам мос келади дегани эмас. Масалан, техника йўналишида ўқиётган талаба мактабда она тилидан дарс беролмайди. Талаба ўқиётган йўналиш у дарс беришни истаган йўналиш билан турдош, яқин бўлиши талаб этилади.

Масалан, иқтисодиёт йўналишида таҳсил олаётган талаба тайёрлов модули асосида математикадан болаларга сабоқ бериши мумкин бўлади. Ахир улар олийгоҳга тайёргарлик жараёнида ҳам дарс берадиган фанидан чуқур билим олган бўлади. Биз ана шу билимга психология ва методикани қўшимча равишда ўргатсак, улардан халққа фойдаси тегадиган ўқитувчилар чиқиши мумкин.

Англия ва АҚШ каби давлатларда охирги 20 йилда бу амалиёт кенг тарқалди. Чунки мактаблар кўп, аҳоли сони эса ошиб боряпти. Ўзбекистон аҳолисининг ўсиш даражаси ҳам уларникидан кам эмас. Бу эса мактаб ва ўқитувчиларга бўлган талабни оширади. Ҳозирда педагоглар тайёрлайдиган 10 дан зиёд олийгоҳларга қўшимча равишда нопедагог йўналишда ўз мутахассислиги бўйича билими етарли, аммо педагогик кўникмаси ва маълумоти бўлмаган кадрларни соҳага жалб қилмасак, келажак учун мактаб ўқитувчиларини ҳозирдан тайёрламайдиган бўлсак, эртага таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Бу мажбурий эмас, ўзида ўқитувчиликка хоҳиш бўлган, шу соҳага қизиққан одам бемалол ўқиши мумкин.

Тайёрлов курслари қаерда ташкил этилади ва улар пулли бўладими?

Бу курслар ҳозирча Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва унинг вилоятлардаги 14 та филиалида амалга оширилади. Агар бу тизим ўзини оқлаб, яхши натижалар кузатилса, нодавлат таълим муассасаларига ҳам бу ҳуқуқни бериш мумкин бўлади. Бу курслар иккита йўналишда ташкил қилинади: талабгорларнинг асосий қисми тўлов-контракт асосида ўқитилса, бир қисми учун грант ўринлар ҳам ажратилиши мумкин. Бунинг ўзига яраша талаблари ҳам бўлади. Грант асосида таълим олган бўлажак устозлар республиканинг «қизил» тоифадаги ҳудудларига, таълим сифати юқори бўлмаган ёки олис ҳудудлардаги мактабларга бориб маълум муддат ишлаб бериши керак бўлади.