– Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўзи мол-мулки, активлари ва даромадларини очиқлай оладими?
— Очиқлай оласизми эмас, биринчи ўринда биз намуна кўрсатишимиз керак. Aввало, мен оила аъзоларимнинг мол-мулкини декларациялашга мажбурман. Биринчидан, айнан шу ташкилот, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг вакили сифатида мажбурман, иккинчидан, биз бунга намуна бўлишимиз керак, учинчидан, бунга тайёрмиз. Тизим ишга тушган куниёқ агентлик ходимлари, раҳбарияти мол-мулкини декларациялайди.
— Бюджетдан ташқари фонд ва жамғармалардан ҳам қўшимча пул маблағлари оладиган амалдорлар даромадларининг шаклланишида коррупция ҳолатлари борми?
— Aмалиётда кўплаб давлат хизматчилари базавий ойликларидан ташқари турли жамғармалардан, бюджетдан ташқари маблағлар, қўшимча устамалар олиб ойликлари икки-уч баробарга ошиб кетган ҳолатлар бор. Aгар бу ҳолатлар ҳақиқатан KPI тизими, яъни ўзларининг меҳнатларига яраша бўладиган бўлса, бунинг ҳеч қанақа ёмон жойи йўқ, деб ўйлайман. Ўша ташкилотнинг хатти-ҳаракатлари, фаолияти натижаси ўлароқ бу пуллар бюджетдан ташқари фондда кўпайган бўлса, бу ходимларга берилиши керак, аммо жамоатчиликка очиқ бўлиши керак.
Ҳозир давлат хизматчилари даромадлари, мол-мулкини декларациялаш тизимини тезлатишимиз, яъни даромадларини қаердан топаётганини, иккинчиси, турли жамғарма ва фондлардан келиб тушадиган маблағлар ва уларнинг сарфланишини очиқлашимиз керак.
— Aмалдорларнинг қўшимча даромадлари борасида агентлик ўрганишлар ўтказганми?
— Ҳар қандай фуқаро ҳар йили даромадларини декларациялаши керак. Бу мажбурий. Бугунги кунда Коррупцияга қарши кураш агентлигининг декларациялашни назорат қиладиган вазифаси йўқ, бу агентлик тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида акс эттириляпти, яъни декларациялашни талаб қилиш ва даромадларини очиқламаган тақдирда уларни жавобгарликка тортиш масаласи бор. Шу қонун қабул қилингандан сўнг биз давлат хизматчиларининг қўшимча маблағларининг келиб чиқиш манбаларини кўрсатишини таъминлаш бўйича вазифаларимизни амалга оширамиз.
















