2021 йилнинг 1 апрел ҳолатига кўра, давлат ташқи қарзи 21 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 36,3 фоиз) ташкил этди. Молия вазирлиги мазкур маблағларнинг тармоқлар кесимидаги тақсимоти ҳақида маълумот берди.

Давлат ташқи қарзининг тармоқлар кесимида тақсимланиши

Вазирлик ҳисоботига кўра, ички имкониятлар чекланган ҳолатда, давлат ташқи қарзи асосан инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда.

Хусусан, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида жами давлат ташқи қарзининг 20,8 фоизи ёки 4,4 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга сарфланган.

Шунингдек:

  • 3 млрд доллар (14,5 фоиз) электр энергетика соҳасига,
  • 2,6 млрд доллар (12,6 фоиз) энергетика соҳасига,
  • 2,4 млрд доллар (11,3 фоиз) транспорт ва транспорт инфратузилмасига,
  • 2 млрд доллар (9,4 фоиз) уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

«Давлат ташқи қарзининг катта қисми узоқ муддатга, имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган. Ўзбекистон халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашувга ҳамда хатарларни бошқариш тамойилларига амал қилади», дейилади вазирлик маълумотида.

Давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши

Ўзбекистоннинг халқаро молиявий институтлардан жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 10,1 млрд долларни ташкил этади. Хусусан, 2021 йилнинг январ-март ойларида Корея Эксимбанки билан 164 млн долларга тенг 40 йил муддатга (10 йиллик имтиёзли даври билан) 0,15 фоизли 2та қарз битими, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 135,5 млн долларга тенг 15 йил муддатга (4 йил имтиёзли даври билан) 0,01 фоизли битта қарз битим имзоланди.

Давлат ташқи қарзининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5 млрд доллар), Жаҳон банки (3,8 млрд доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этилишича, мазкур қарз манбалари диверсификацияси таъминланган бўлиб, унинг 43,8 фоизи хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.