Ташқи қарз, агар тўғри йўналтирилса, барқарор ривожланишга ҳисса қўшади. Шунинг учун жалб қилинадиган ресурсларни оқилона бошқариш, лойиҳаларни пухта танлаш, қарз олиш ва кредитлаш амалиётини яхшилаш ҳамда бу соҳаларда шаффофликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.

Одатда ташқи қарз давлат ташқи қарзи ҳамда хусусий сектор ташқи қарзига бўлинади. Давлат ташқи қарзи – ҳукумат томонидан жалб қилинган ёки унинг кафолати остида олинган ташқи қарзлар. Хусусий сектор ташқи қарзи, ўз навбатида, давлат мажбурият олмаган қарзлардир.

Қарз юкининг ошиши хатари

Қарз – иқтисодиёт ва жамиятлар учун кенг кўламли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган омил. Масалан, Аргентина, Греция ва Замбия каби давлатлар ташқи қарзлар ва уларни бошқаришдаги хатоликлар туфайли жуда қийин иқтисодий вазиятга тушиб қолган.

Аргентинанинг иқтисодий муаммолари сиёсий беқарорлик, иқтисодий нотўғри бошқарув, валюта инқирозлари ва хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги каби омилларнинг комбинациясидан келиб чиқади. Юқори инфляция, валюта қадрсизланиши ва даромадлар тенгсизлиги каби таркибий муаммолар мамлакатнинг қарз муаммоларини янада кучайтирган. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, бу мамлакатда ҳақиқий бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 10 фоизини ташкил қилади, давлат қарзи 400 миллиард доллардан ошган, бу номинал ЯИМнинг 80 фоизидан кўпроғини ташкил қилади.

Грецияда давлатнинг ҳаддан ташқари кўп, мақсадсиз, пухта ўйланмаган харажатлари (бюджет сарфлари), солиқ тўлашдан бўйин товлашлар, коррупция ва иқтисодий нотўғри бошқарув қарз инқирозини кучайтирди. Бюджет-солиқ интизомининг заифлиги, давлат қарзининг барқарор бўлмаган даражаси ва таркибий ислоҳотларнинг йўқлиги мамлакатнинг иқтисодий муаммоларини кўпайтирган.

Умумий олганда, қарз юкининг ноўрин кучайиши одатда барқарор бўлмаган қарз олиш амалиёти, нотўғри молиявий интизом ва тизимли бошқарув камчиликлари, қонун устуворлигининг таъминланмаслиги ҳамда юқори коррупция каби носоғлом ҳолатлар туфайли юзага келади.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи йилдан йилга ортиб бораётгани сир эмас. 2023 йилнинг якуни бўйича Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 29 млрд 636 млн долларни ташкил этган эди. 2024 йилда жалб этилган кредитларни ҳисобга олганда, қарз миқдори 30 миллиард доллардан ошган. Жорий ҳолат ўта хатарли деб баҳоланмаса-да, хавф-хатарлар етарлича (юқорида келтирилга мисолларга ўхшаш). Бу эса инклюзивликни таъминловчи инновацион ва алтернатив ечимларни талаб қилади. Муқобил молиялаштириш механизмларини ўрганиш ва уларни жорий этиш бўйича мамлакатимизда сўнгги йилларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда, аммо бу кам.