Ўзбекистон | 14:42 / 03.06.2021
5983
11 дақиқада ўқилади

«Болаларда табиатан табиатдаги ўзгаришларни ўрганишга иштиёқ бўлади» – Табиий фанлар дарслиги халқаро эксперти билан суҳбат

Республика таълим маркази маълумот беришича, мамлакатимизда илк бор жорий этилаётган Табиий фанлар дарсликларининг 1-синфлар учун яратилган илк намунаси тайёр бўлди. Мазкур жараёнларда ушбу фан дарсликларини яратиш бўйича 20 йилдан ортиқ халқаро тажрибага эга UNICEF консультанти Филиппа Гардон ҳам бевосита иштирок этган.

Республика таълим маркази британиялик консультант билан Ўзбекистонда умумтаълим мактабларига илк бор жорий этилаётган табиий фанларнинг аҳамияти ва дарслик ёзиш жараёнлари ҳақида суҳбат ташкил этди.

– Табиий фанларни ўқитиш тажрибаси ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Мен яқинда Финландия тажрибаси феноменал дарс бериш деган методни ўқидим, яъни бу атрофингизда содир бўлаётган ҳодисани ўргатиш, деган ёндашув. Боғча ёки мактаб боласи ҳам бугунги кунда пандемия нима, касаллик нима, билади. Чунки бу ҳақда кўп гапириляпти. Бу эса феноменал жиҳатдан табиий фанларни ўргатиш учун яхши усул эканлигини англатади.

Биз яратган ресурсларда бу масала инобатга олинган. Яратилган ҳар бир дастур, дарслик бўладими, бўлимларда бунга эътибор қаратилган. Масалан, қуйи синфларда бундай мавзулар 1-2 та бўлса, юқори синфларда, кўпайиб, чуқурлашиб боради.

Бу билимларни ўзлаштириш келажакда ижтимоий фаоллик, мулоқот маданияти ва савол бера олиш қобилиятини ривожлантиришнинг асосий элементларидан бири. Ва бу кўникмалар ўйлайманки, ўқувчиларга фойда келтиради.

Бугун ўқитувчилар яратган ресурслар ўқувчиларни рағбатлантиради. Ўзбекистонда кўп болалар қишлоқларда туғилиб ўсган ва табиат билан ҳамнафас бўлган. Шунинг учун табиатга нисбатан яқин муносабатимиз бор.

– Янги фан ва стандартларни яратишда сиз нималарга эътибор қаратдингиз? Ушбу фан ва янги дарсликнинг хусусиятлари ҳақида нималар деган бўлардингиз?

– 1-синф дарслиги жонли-жонсиз нарсалар ҳақида маълумот беришдан бошланади. Кейинги боб ўсимликлар, кейингиси эса – ҳайвонлар ҳақида. Ва айнан шу ердан биз табиий фанларни ўргатишни бошлаймиз.

Дастлабки бўлимдаги жонли-жонсиз нарсаларни таснифлаш болаларда табиатга муҳаббат уйғотишга хизмат қилади. Дарсларни ёзма, оғзаки ёки суратлар билан беришдан кўра, ўқувчиларни очиқ муҳитга олиб чиқишни тарғиб қиламиз. Бу орқали ўқувчиларда табиатни кузатиш, ўсимлик ёки ҳайвонларни тавсифлаш, таснифлаш ва хулоса қилиш кўникмаларини шакллантирамиз.

Агар улар жонли-жонсиз нарсалар ўртасидаги умумий хусусиятлар нималигини англай олсалар, хулоса чиқара оладилар. Болаларда табиатга муҳаббатни шакллантира олиш асосий мақсадлардан бири. Янги ва амалдаги дарсликларни солиштирсак, ўртадаги фарқ катта.

Ҳозир олдимизга қўйилган алоҳида мақсад янги дастур, стандарт, дарсликлар болаларда махсус кўникмаларни ривожлантириши лозим.

– Янги ўқув йилидан бошлаб биз янги фанни ўргатишни бошлаймиз. Буни эълон қилганимизда жамоатчилик шок ҳолатига тушди. Дарс соатлари қисқариши ва табиий фанлар ўзи нима эканлигини тушунтиришимизни сўраб мурожаат қилишди.

Табиий фан ўзи нима эканлигини жуда яхши биладиган одамлар ҳам бор, улар ижобий фикр-мулоҳазалар ҳам билдиряпти. Лекин барибир норозилик билдирганлар кўпчиликни ташкил қилади. Барча ривожланган давлатлар таълим тизимида табиий фанлар мавжуд. Бу борада бизга қандайдир кўникмалар керак. Биз аввало, табиат тилини билишимиз керак. Бу ҳам қандайдир кўникма. Ва табиий савол туғиладики, биз буларни ўқувчиларда қандай шакллантирамиз?

Мазмунга йўналтирилган таълимдан, компетенцияга йўналтирилган таълимга кўчяпмиз. Бу борада қандай кўникмалар ривожланади?

– Компетенцияга йўналтирилган бу тажриба жаҳонда илғор тажриба сифатида кўрилиши мумкин. Демократик жамиятда яшар экансиз, ҳамма нарсани сизга айтилганидек қилиб олиш нотўғри. Сизга берилган маълумотларга танқидий фикр билдира олиш ва савол бера олиш керак бўлади.

Шунингдек, бу болаларда далилларга таянган ҳолда қарорлар қабул қилишга хизмат қилиши керак. Масалан, табиат билан боғлиқ қарорлар, қандай автомобиль сотиб олиш кабилар. Агар улар иқлим ўзгариши ҳақида яхши билсалар, автомобиль ўрнига велосипед сотиб олиш керакдир ёки жамоат транспортидан фойдаланиш фойдалироқ, деган хулосага кела оладилар.

Улар одамлар одатда қандай қарор қабул қилишига қараб эмас, танқидий фикрлаш орқали қарор қабул қиладилар.

Яна бир жиҳат – далилларни танқидий кўриб чиқиш. Иқлимнинг ифлосланиши ва шунга ўхшаш масалалар кўп ҳолларда ахборот билан боғлиқ. Болалар бу ахборотни қабул қилар экан, хўш бу ахборот қаердан келяпти, манбалар ишончлими, деган саволни бера олишлари ва жавоб излай олишлари, ахборотларни таққослай олишлари керак.

Менинг қўлимда китоб турибди, мен уни қўлимга олишим билан мотивация ҳис қилдим. Бу ердаги ранглар, дизайн ўқувчида мотивация уйғотади. Китобни ўрганиб чиқишга рағбат уйғотади. Бу эса таълимнинг самарадорлигида муҳим омилдир.

– Дарсликда айнан нима ўқувчида мотивация уйғота олади?

– Биз Табиий фанлар дарслигини яратаётганимиз учун қайсидир маънода омадимиз келган. Чунки болаларда табиатан табиатдаги ўзгаришларни ўрганишга иштиёқ мавжуд. Айнан шу қизиқиш асосида бобларни яратамиз. Масалан, кеча-кундузнинг ўзгариши, ой ва юлдузлар, қуёш – болалар буларни фансиз ҳам ўрганишга ҳаракат қилади. Китобни яратган жамоа, дизайнер ва муаллифларни илғор жамоа деб айтган бўлардим. Улар мутлақ фойдали бўладиган дарсликни яратишмоқда.

Ушбу дарсликни ўқийдиган болаларнинг омади келган, деб айтган бўлардим. Фанни қандайдир имтиҳондан ўтиб олиш учун ўргангандан кўра, ҳақиқий қизиқиш нуқтайи назаридан ўрганиш анчайин самарали.

Энди бизда ҳозир ўқитувчилар омили ҳам бор. Биз дарсликларни ўзгартиряпмиз. Лекин биз ўқитувчиларни ҳам ўзгартиришимиз керак.

Бизда аввалига шундай савол бор эдики, дарсликларни ўзгартиришимиз керакми ёки ўқитувчиларними? Тан олиш керак, ўқитувчиларни баҳолаш учун аниқ стандартлар йўқ. Бироқ дарсликларни баҳолашимиз мумкин.

– Ўқитувчиларга бу фанни ўқитишлари учун қандай тавсиялар берган бўлардингиз? Қандайдир алоҳида услуб, метод, стратегиялар борми?

– Ўқитувчилар жуда катта иштиёқ билан ишлашади. Бутун дунёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам. Бошқа томондан, ўйлайманки, ўқитувчилар очиқ фикрли бўлиши керак. Бу жараён, албатта, қийин. Янгича услубда дарс беришга мослашиш осон эмас. Бироқ ўқувчиларнинг фанни ўзлаштиришга бўлган мотивацияси, рағбати ўқитувчилар учун ҳам мотивация бўлади. Нима бўлганда ҳам уларда катта тажриба бор. Дарслик, дастур, дарс ишланмалари, ўқитувчилар учун яратилаётган методология уларга жуда ҳам катта ёрдам беради.

Ўқитувчилар бошқа ўқитувчиларга устозлик қилиши керак бўлади. Баъзилари бир-бирининг дарсини кузатиб, нима камчиликлари бор, нимага аҳамият бериш кераклигини маслаҳатлашишлари, баъзи ўқитувчилар эса йиллар давомида ўз малакасини ошириб боришига тўғри келади. Албатта, ўқитувчилар ўзларига ўргатилганидек ўргатишга мойил бўлишади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш тизими йўлга қўйилганлиги муҳим, деб ўйлайман.

21-аср кўникмалари ўзига хос хусусиятларга эга. Хусусан, танқидий ва ижодий фикр юритишда табиий фанлар жуда муҳим бўлиб, болаларда ушбу кўникмаларнинг ривожланишига хизмат қилади. Табиий фанларни ўзлаштириш орқали ўқувчилар келажакда янги инновацияларни кашф қилишлари мумкин.

– Дарсликда замонавий кўникмаларни ўқувчиларда шакллантиришга хизмат қиладиган қандай алоҳида мавзулар бор, бу йўналишда жаҳон тажрибаси қандай?

– Ривожланган таълим тизимларида, хусусан, Финландияда ҳам ўқувчиларни ижодкор бўлишга даъват қиладилар. Кўп одамлар ҳайрон қолиши мумкинки, табиий фанларнинг ижодкорликка қандай алоқаси бор? Бу аслида энг кўп ижодкорликни талаб қиладиган соҳа. Ўқувчилар қандай савол беришни ўрганадилар, саволларга илмий жавоб беришни ўрганадилар.

Масалан, Германияда энергетика ресурсларининг янги манбаларини ишлаб чиқишда ҳам болаларни янги олимлар авлодини тарбиялаш орқали борилади. Янги нарсаларни ихтиро қилишга болалар ёшлигидан табиий фанлар орқали тайёргарлик қилиб боради.

Кейинги саволим, бизнинг жамоа билан ишлаш сизга қандай таассурот берди?

– Биз ҳали ишимизни охирига етказмадик. Лекин айта оламанки, мен жараёндан мароқ олдим. Жамоанинг асосий қисми ўқитувчилар. Ўзлари қилаётган иш ҳақида чуқур фикр-мулоҳаза юрита оладиган педагоглар.

Биз доим қизғин муҳокамалар ичида бўлдик. Уларнинг таклифларини эшитардим, мендан маслаҳат сўрашарди ва мен таълимга оид бир қанча илмий манбаларни ўрганиш орқали уларга жавоб қайтаришга ҳаракат қилар эдим. Биз жуда ҳам мароқ билан ишладик. Ўртамизда ўзаро ишонч ва ҳурмат бизга сифатли маҳсулот ишлаб чиқишимизда ўрни катта бўлди.

Биз одатда жамоани шакллантиришда ўқитувчиларни жалб қиламиз. Бу бизга ўқувчиларни тушунишга ёрдам беради. Амалдаги кўп дарсликлар зерикарли, чунки муаллифлар ўқувчиларни билмайди. Яқинда бир муаллиф билан гаплашдим. У олий таълимда ишлар экан. Ундан охирги марта мактабга қачон бордингиз, деб сўрадим. Қачон ўқувчилар билан ўзингизнинг дарслигингиз ҳақида гаплашдингиз?

 У жавоб бера олмади. Бу жуда ҳам катта муаммо. Биз ўқитувчиларни жалб қилиш орқали бошқа ўқитувчиларга имконият ярата оламиз. Уларга академик мустақиллик бера оламиз.

Биз UNICEF’даги ҳамкасбларим билан суҳбат қилганда ҳам одатда салоҳиятни ошириш ҳақида гаплашамиз. Ўқитувчиларнинг салоҳиятини ошириш жуда ҳам муҳим. Ўзбекистонда дарсликларни яратиш жараёнида ўқитувчилар билан ишлаш эса тарғибот вазифасини ўтайди.

Бу дарсликларга нисбатан бизда шундай стратегия бор: ўқитувчилар ва ўқувчилар учун қўшимча материалларни ишлаб чиқиш. Мен бошқа давлатларда кутубхонага кирганимда ҳар бир фанга оид жуда кўп китоблар борлигини кўрардим. Бироқ бизда бу муаммо. Аммо ўйлайманки, бугунги тажриба бизнинг кутубхоналаримизда ҳам илмий китоблар сонининг ошишига хизмат қилади.

Биз болалар уларни ўқимайди, деб ўйлаймиз. Бироқ улар ўқий оладиган даражада қизиқарли замонавий қилиб яратсак, бошқа муқобил медиа иловаларни ҳам жорий қилсак, улар, албатта, ўқишади. Халқаро нашрлар билан ишлаш яхши, лекин ўзбек муаллифлари билан ишлаш янада кўпроқ самара беради.

– Сизнинг дарсликка баҳонгиз қандай? Илғор давлатлар тажрибаси билан ўхшашликлар борми?

– Умуман олганда дарслик жаҳон стандартларига жавоб беради. Лекин бошқа давлатлар билан солиштириш нотўғри. Чунки бу дарсликлар Ўзбекистон муҳитидан келиб чиқиб тайёрланди.