16:00 / 06.06.2021
8270

Халқ таълими тизимида амалга оширилаётган лойиҳалар хорижлик экспертлар иштирокида муҳокама қилинди

Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институтида «Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг долзарб масалалари» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш юзасидан хорижий таълим экспертлари ҳамда институтнинг халқаро ҳамкорлари билан фикр алмашиш, хориж тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида ўтказилган конференцияда хорижий экспертлардан UNICEF таълим секцияси бошлиғи Дипа Шанкар, АҚШнинг Шимолий Жоржия институти профессор ўқитувчиси Карлс Вомак Винн, «Delivery Associates» халқаро таълим ташкилоти етакчиси Жон Талли, Ўзбекистон Баркамоллик учун Таълим дастури директори Валерия Ҳайгенлар иштирок этишди.

Республикада таълим соҳасини қайта ислоҳ қилиш мақсадида ташланган илк қадамлардан бири Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида соҳадаги раҳбар ва педагог-ходимларни «ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосида узлуксиз малака ошириш тизимига трансформация қилиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилгача амалдаги тартибга кўра, педагог-кадрлар ҳар 5 йилда камида 1 марта, раҳбар ва мутахассис ходимлар эса ҳар 3 йилда камида 1 марта малака ошириб келишган. Ўқитувчининг 5 йилда 1 ой, яъни 144 соатлик ўқув дастури асосида малака ошириши ва қолган 4 йил-у 11 ой ҳеч қандай ўқувга жалб қилинмаслиги уларнинг ўз устида ишламаслиги, катта ҳажмдаги таълимий ахборотлардан бехабар қолишга сабаб бўлади.

Шу камчиликларга барҳам бериш мақсадида жорий йилдан туман халқ таълими бўлимлари фан методистларининг Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтининг «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформаси орқали малака ошириши йўлга қўйилди. Тадбирда мазкур платформада амалга оширилган ишлар натижаси таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Баркамоллик учун Таълим дастури директори Валерия Ҳайген Халқ таълими вазирлиги ҳамда Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда қилинаётган ишлар ҳақида гапирди:

«Бизнинг дастуримиз ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ўқитувчиларнинг малакасини оширишга ва ўқув дастурлари учун рақамли платформани ишлаб чиқишга қаратилган. Бугунги конференция ўқитувчиларнинг доимий касбий ривожланишига йўналтирилган бўлиб, нафақат чет эллик иштирокчилар, балки халқаро ташкилотлардан иштирокчиларни ҳамда маҳаллий мутахассис иштирокчиларни бирлаштиради.

Мактаб директорлари, ўқитувчилар ва таълим методистлари учун малака ошириш бўйича ҳозирги тадқиқотлар, албатта, ўз самарасини беради. Биз Aвлоний тадқиқот институти билан ҳамкорликда ишлаб чиққан ўқув платформаси, дастурлар ва материаллар ҳозирда мактаб директорлари малакасини оширишда татбиқ қилинмоқда».

Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Раджиев конференциядан кўзланган мақсад – амалга оширилаётган ишлардан таълим соҳаси ходимларини бохабар этиш эканлигини айтди.

«Маълумки, жорий йилда давлат раҳбари томонидан халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш тизимини даврийликдан давомийликка ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бугунги конференциядан кўзланган мақсад йўлга қўйилаётган лойиҳаларимизнинг натижалари бўйича кенг аудиторияга маълумот бериш эди. 9 ойлик фаолиятимиз мобайнида 10га яқин АҚШ, Жанубий Корея ва БМТнинг бир қанча идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатдик. Шу асосда амалга оширилаётган лойиҳалардан бири «Узлуксиз касбий таълим» модули бўлиб, бу орқали таълим соҳаси вакилларига мазмунли ва қизиқарли малака ошириш курслари яратиш ҳисобланади. Бугун хорижий ҳамкорларимизга яратилган янги авлод дарсликларидан самарали фойдаланиш усуллари ҳақида маълумотлар берилди.

Бундан ташқари «Узлуксиз касбий таълим» платформаси ва уни бойитиш мақсадида жойланган материаллар, дастурлар, ўқув жараёни тўғрисидаги саволларга ҳам жавоб берилди» деди у.

Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати

Top