11:03 / 28.12.2021
7837

Ҳукумат танқидидан сўнг қайта ташкил этилган институт. Тизимда нималар ўзгарди?

Фото: Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти

Ҳар бир соҳада мутахассислар мунтазам ва замонавий тарзда ўз малакасини ошириб бормаса, ривожланиш ва ўзгариш ўрнига тизим орқага кета бошлайди. Халқ таълими тизими ходимлари малакасини оширишда кўзга ташланган шундай ҳолат сабаб 2020 йил 1 октябрь арафасида бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари томонидан тизимдаги қатор муаммолар танқид остига олинган эди.

Орадан кўп ўтмай Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими ходимлари малакасини ошириш институти фаолиятини тубдан ўзгартириш бошланди. Институт қайта ташкил этилди ва республиканинг 14 та ҳудуди учун методологик мувофиқлаштирувчи этиб белгиланди. Бунга қадар фақат раҳбар ва мутахассис ходимлар малака оширадиган институт энди республикадаги барча педагоглар учун хизмат кўрсатишни бошлади. Хўш, ўтган бир йил ичида муассасада нималар ўзгарди?

Йил давомида 22та ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатилди. Шундан 20таси халқаро ташкилот ва 2таси маҳаллий ташкилотдир. UNICEF, UNESCO, USAID, Жанубий Кореянинг KEDI, KECI, KAIST институтлари, Малайзиянинг Аминуддин Баки номидаги малака ошириш институти, АҚШнинг Georgia, Pittsburg университетлари, Россиянинг РАО, РИСИ ташкилотлари, Япония JICA ташкилотлари билан ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Қўйилган энг катта қадамлардан бири – аввал 3 ёки 5 йилда бир марта малака ошириш учун бир ой давомида уйидан, ишидан узилиб ўқиш амалиётига чек қўйилди. Ўрнига ҳар йили исталган вақт ва исталган жойда туриб онлайн тарзда малака ошириш амалиёти – “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси ишга туширилди. Бу билан ўз ўрнида педагогларнинг ўтган 5 йил мобайнидаги янгиликлардан бехабар қолиши, ўқиш жараёнидаги коррупция ҳолатларига йўл қўйилиши кабиларга барҳам берилди. Платформага малака ошириш контентини яратишда илк бор хорижий ва маҳаллий хусусий сектор вакиллари жалб этилди. 4 520 дақиқалик 291та видеокурс яратилди. Платформа орқали йил охиригача 147 139 нафар тизим ходимлари (фан методистлари ва мактаб директорлари, кимё, биология, бошланғич фан ўқитувчи) малакаси оширилди.

2022 йилда Ўзбекистон илк марта иштирок этадиган Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўришда ушбу институт жамоаси тинимсиз меҳнат қилмоқда. Институт томонидан тайёрланиш механизмларини яратиш бўйича “STesting” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 1 710 000 нафар 4, 8 ва 9 синф ўқувчилари учун PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик бўйича Stesting.uz тренажёр платформаси ишга туширилди. Платформага 1000тадан ортиқ тестлар жойлаштирилди. Ўқитувчиларнинг шу йўналишда малакасини ошириш учун 103та видеокурс ишлаб чиқилди.

Ўқувчиларга хорижий тиллардан сабоқ берувчи ўқитувчилар учун алоҳида лойиҳалар яратилди. Рус тилини ўқитиш сифатини оширишга қаратилган “ЗЎР!” (“КЛАСС!”) лойиҳаси амалга оширилиб, жами 225 нафар россиялик мутахассис 185та мактаб ва 14та марказда фаолият юритишди. 3674 нафар рус тили фани ўқитувчилари ҳамда 751 нафар ўқувчи махсус сертификатини олди.

Инглиз тили бўйича эса British Council билан “Future English in Uzbekistan” лойиҳаси олиб борилди ва 3000 нафар инглиз тили ўқитувчиси малакаси оширилди.

Шимолий Жоржия университети билан биргаликда жорий қилинаётган мактаб директорларининг лидерлик компетенцияларини ошириш ва STEAM фанларини мактабга жорий этишга қаратилган “Мактабларда лидерлик ва STEAM” лойиҳаси мактабларда янги руҳни яратмоқда.

Институт барча ОАВ учун очиқ бўлиб, бу ерда ишлаш учун мутахассисларни Давлат хизматлари агентлигининг очиқ танлови орқали суҳбат асосида танлаб олиш йўлга қўйилди.

“Таълимда менежмент” ихтисослиги бўйича 10 нафар таянч докторант, 9 нафар мустақил изланувчи, 2 нафар стажёр-тадқиқотчи қабул қилинди.

Кадрлар тайёрлашда узвийликни таъминлаш мақсадида Халқ таълими тизимида илк бор “Катталар таълими” ва “Таълим менежменти” мутахассислиги бўйича магистратура ташкил этилиб, 30 нафар магистр қабул қилинди.

Илмий даражалар берувчи Илмий кенгашда йил давомида 6 нафар тадқиқотчининг диссертация ҳимояси (PhD) ўтказилди.

TALIS-2018 тадқиқоти сўровномаси асосида 12446 нафар респондент иштирокида сўровнома-тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот натижалари Сингапур, Япония, Саудия Арабистони, Финландия, Россия, Латвия, Нидерландия, АҚШ каби мамлакатлар натижалари билан қиёсий таҳлил қилинди ҳамда тадқиқотнинг 1-қисм ҳисоботи чоп этилди.

Бугун муассаса ўз брендини ярата олди: ўз логотипига ва ўзбек, рус, инглиз тилларидаги расмий веб-сайтига эга.

Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими ходимлари малакасини ошириш институти 2022 йилда 4та кўникма бўйича Ўзбек тилини билишни баҳоловчи миллий тизим ишлаб чиқишни режалаштирган. Бундан ташқари, ўқитувчилар учун малака оширишнинг 15та муқобил шаклини яратиш, ҳудудлар ва фанлар кесимида ўқитувчилар миллий захираси базаси йўлга қўйилади. Бу орқали иш берувчи ва талабгор ўқитувчилар учун шаффоф тизим – платформа ишга туширилади.

Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати Ⓣ

Top