Жамият | 20:29 / 11.06.2021
29755
8 дақиқада ўқилади

Грантга кириб, контрактда ўқиётган икки талаба. Давлат қабул комиссияси қонунни менсимаяпти

Андижон тиббиёт институтига грант асосида қабул қилиниши лозим бўлган икки талаба қабул комиссиясидаги ходимларнинг хатоси туфайли контракт тўлаб ўқишга мажбур бўлмоқда. Давлат қабул комиссияси қонунларга зид равишда суд қарорларини ижро этмаяпти.

Қувалик икки талаба – Асадбек Ҳотамов ва Музаффар Тоиров Андижон давлат тиббиёт институтининг 2-курсини ҳам контракт асосида тамомлаяпти, ваҳоланки улар кириш имтиҳонида грант асосида ўқиш учун етарли балл йиғган.

Бунга бирламчи сабаб – имтиҳонга ҳужжат қабули вақтида ходим-оператор йўл қўйган хато. Бошқа бир сабаб эса, масъулларнинг масъулиятсизлиги.

Талабаларнинг ота-оналари турли вазирликлар ва мутасадди ташкилотларга кўп бора арз қилиб, натижага эриша олмагач, Тошлоқ туман ва Фарғона вилояти маъмурий судларига мурожаат қилишган.

Ҳар икки суд Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига Асадбек Ҳотамов ва Музаффар Тоировни Фарғона вилояти учун ажратилган давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиш мажбуриятини юклаган. Бироқ комиссия суд қарорини ижро этмаяпти.

Маълумот учун, Давлат қабул комиссиясининг ишчи органи – Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти ҳисобланади.

Музаффар Тоиров ва Асадбек Ҳотамов

Музаффарбек Тоировнинг онаси Азизахон Қодирова ўғлининг тест имтиҳонларида 168,4 балл йиғган бўлса ҳам, шартнома асосида ўқиётгани бўйича Олий таълим вазирлиги, Давлат тест маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар эшигини кўп бора қоққани ҳақида узоқ сўзлади.

«Ўғлим 2019 йил 12 июнда Андижон давлат тиббиёт институтида даволаш йўналиши бўйича ўқимоқчи бўлиб, Фарғона давлат политехника институтида ташкил этилган қабул комиссиясига бориб, ўз ҳужжатларини топширган. Ҳужжат топшириш жараёнида операторнинг айби билан фарзандим Фарғона вилояти учун ажратилган давлат грантида мақсадли танловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Яъни операторнинг айби билан умумий танловда қайд этилган. Оқибатда Фарғона вилояти учун ажратилган давлат грантида бюджет асосида ўқишга балли етган бўлса ҳам контракт асосида ўқияпти.

Музаффарбек Тоировнинг онаси Азизахон Қодирова

Шундан кейин биз зудлик билан Олий таълим вазирлигига, Давлат тест марказига, керакли ҳамма вазирликларга мурожаат қилдик. Лекин улардан қониқарли жавоб олмаганимиздан кейин 25 октябрда судга мурожаат қилдик. Суд бизга, Тошлоқ тумани суди томонидан 2020 йил 15 майда фарзандларимизни давлат грантида ўқишга етарли балл тўплаганини ҳисобга олиб, Фарғона вилояти учун ажратилган давлат грантига ўтказишни кўриб чиқишди ва Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат комиссияси зиммасига юклади.

Биз оғзаки ва ёзма мурожаатларимизга улардан ҳеч қандай жавоб ололмадик. Шундан сўнг Фарғона вилояти маъмурий судининг апелляция судига мурожаат қилдик. Апелляция суди ҳам 2021 йил 24 февралда аризамизни кўриб чиқиб, тўлиқ қаноатлантирди. Мана шундан бери 5 ой муддат ўтяпти, лекин Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат комиссияси томонидан асоссиз равишда суд қарорининг ижроси таъминланмаяпти.

2021 йил 22 апрелда Тошлоқ туманида ташкил этилган сайёр қабулда Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқованинг қабулида бўлиб, ариза ва суд қароридан кўчирмани топширдим. Светлана Ортиқова «бу муаммони республика миқёсида ҳал қиламиз», дея аризамни ўзида олиб қолди.

Ундан кейин президент маслаҳатчиси ўринбосари Бахтиёр Исломовнинг қабулига кирдим. Б. Исломов Фарғона вилояти маъмурий судининг раиси Дилмуродхўжа Маҳаматовни чақириб, суд қарори юзасидан назорат қилишини, яна бу муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришини топшириқ қилиб кетди. Шундан кейин 26 апрелда Фарғона вилояти маъмурий судининг Давлат қабул комиссиясига эслатма хати жўнатилди. Шундан сўнг, мана, ҳеч қанақа натижа йўқ.

Икки йилдан бери фарзандларимиз давлат грантида асосли равишда ўқишга ҳуқуқлари бўлишига қарамасдан, контракт тўлаб ўқитяпмиз. Давлат комиссиясидан ҳеч қанақа ноқонуний нарсани сўраётганимиз йўқ-ку ахир.

Мурожаатлар бўлими ходимлари Шоҳрух Далиев ҳамда Хуршид Мусаевлар билан телефонда гаплашдим. Улар: «Биз туман ва вилоят судларининг ҳеч қандай қарорини ижро қилмаймиз. Улар бизни зиммамизга ҳеч қандай мажбурият юклай олмайди. Фақат Олий суднинг қарорини бажарамиз», дейишди. Биз энди қаерга мурожаат қилишни билмаяпмиз. Ахир суднинг ҳукми Ўзбекистон Республикаси номидан чиққан-ку!

Мен ўзим мактабда ҳамшира бўлиб ишлайман. Турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони. Мана, икки йилдан бери 8,5 млн сўмдан фарзандларимизга контракт тўлаб ўқитяпмиз. Бошқа вилоятда ўқийди, уларнинг квартираси бор, келиб-кетиши ва озиқ-овқати бор.

2 йилдан бери тўлаётган 8,5 млн сўмдан контракт тўлов пулларимизни қайтариб беришларини сўраймиз. Ахир биз ўзимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқимизни сўраяпмиз.

4 нафар фарзандни вояга етказганман. 3 фарзандим олий маълумотли. Бу тўртинчи фарзандим. У 2018, 2019, 2020 йилларда кимё йўналиши бўйича вилоятнинг мутлақ ғолиби ҳисобланади. Фарзандимнинг билимига ишонаман. Бизнинг ишончимизни оқлайди», – дейди она.

Асадбек Ҳотамовнинг онаси Иродахон Усмонова ҳам ўзларини қийнаётган муаммо ҳақида айнан шундай фикрларни билдирди.

Асадбек Ҳотамовнинг онаси Иродахон Усмонова

Талабалар Музаффарбек Тоиров ва Асадбек Ҳотамовлар юқори балл тўплаб, контрактга ўқишаётганидан норози эканликларини билдиришди.

«Тўғриси, бундай ҳолат бизга қаттиқ алам қиляпти. Яъни биз ўз билимимизга ишониб, шундай юқори натижа олиб, институтга яхши ниятлар билан кирсаг-у, лекин айрим камчиликлар деб биз контракт асосида ўқишга тушиб қолганимиз ва кўп харажат қилиб, оиламизга оғирлигимиз тушаётганидан норозимиз», – дейди Асадбек Ҳотамов.

Андижон давлат тиббиёт институтида бўлиб, мутасаддилар билан суҳбатлашдик.

«Айни пайтда Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган ушбу икки нафар талабамизда юзага келган муаммо шундан иборатки, булар 2019-2020 йилги ўқув йилида Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кириш мақсадида Фарғона вилоятидаги Фарғона политехника институтида рўйхатдан ўтишган.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида Давлат тест марказининг базасига киритилаётган маълумотларда мақсадли квота белгиланмай қолган. Шу сабабли бу икки нафар абитуриент юқори балл тўплашига қарамасдан, яъни 168,4 ҳамда 167,7 балл тўплашларига қарамасдан, давлат гранти асосида қабул қилинмаган.

Муаммо ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли қарори ва кўрсатмаларига асосан ҳал қилинади. Бизнинг тиббиёт институтимизга ана шундай кўрсатма келса, икки нафар талабанинг ўқишини грант асосида ўзгартиришимиз мумкин бўлади. Лекин бевосита Андижон давлат тиббиёт институти маъмурияти, яъни ректор томонидан ушбу ҳолатни грант асосида ўқишга қабул қилиш бўйича ваколати йўқ. Шу боис давлат комиссиясининг тегишли қарор ва кўрсатмаларини кутиб турибмиз», – дейди Андижон давлат тиббиёт институти масъул ходими Сарварбек Салоҳиддинов.

У ҳар икки талабанинг муаммоли ҳолати ижобий ҳал бўлса, уларнинг икки йиллик шартнома пуллари қайтариб бериладими, деган саволга жавобан, институт тарихида бундай ҳолат кузатилмагани, шу сабабли бу масала ҳам давлат комиссиясининг қарор ва кўрсатмаларига асосан ҳал бўлишини билдирди.

Бугун сиз гувоҳи бўлган ушбу ҳодиса конституция ва қонунлар устувор бўлган Ўзбекистонда юз бермоқда. Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт, деган қоида Вазирлар Маҳкамасига бориб тақалганда ишламай қоляпти.

Ҳам қонун, ҳам суд қарорларига асосан грантга ҳақдор талабалар айрим амалдорларнинг бефарқлиги, таъбир жоиз бўлса виждонсизлиги оқибатида ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқара олмаяпти.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид