Жамият | 19:35 / 13.06.2021
17764
3 дақиқада ўқилади

Аждодлари амир саройида ишлаган бухоролик темирчи ота-бобосининг касбини давом эттирмоқда

Бухорода аждодлар касбини давом эттириб келаётган уста-ҳунармандлар кўп. Масалан, темирчилик билан шуғулланиб келаётган Шавқиддин Камолов ўз сулоласининг олтинчи авлоди. Беш асрлик устахонада ҳозир ҳам маҳсулотлар эски усулда, қўл меҳнати билан тайёрланади.

Бухорога келган туристлар Аркни томоша қилиш билан бирга халқ тилида Сарой Кулита деб номланувчи, саройдаги XVI асрда бунёд этилган темирчилик устахонасига ҳам кириб ўтишади. Ушбу устахонада ўз даврида донг таратган уста Шамсиддин, уста Шариф каби темирчилар ишлаган. Бугун эса уста Шокирнинг фарзандлари — Шавқиддин ва Завқиддин Камоловлар ота-боболари касбини давом эттиришмоқда.

Шавқиддин Камолов темирчилик билан 10 ёшидан бери шуғулланиб келади. Касбининг ортидан кўп юртларни кезди. АҚШ, Англия, Чехия каби давлатларга бориб, ўз маҳсулотларини сотиб келган.

«Устахонамизга келган туристлар маҳсулотларимиздан харид қилишади. Ўзимизнинг юртдошларга ҳам турли уй-рўзғор буюмлари — кетмон, ўроқ, болғалар ясаб берамиз. Туристлар эса кўпроқ Дамашқ пўлатидан ясалган пичоқлар, қайчи, шамдон ва турли идишларга қизиқишади. Ота-бобомиз қандай усулда ишлаган бўлсалар, биз ҳам ўша усулда, болға билан ишлаб келяпмиз. Тўғри, ҳозирда автоматик босқонлар кўп, аммо улардан фойдаланмаймиз. Ота-боболарим амир саройида ишлаган. Шу сулоланинг вакили эканлигимдан фахрланаман. Ҳозирда ўғлим Шамсиддин Камолов ҳам еттинчи авлод бўлиб, темирчиликни ўрганяпти», — дейди Шавқиддин Камолов.

Устанинг маълум қилишича, темирчиликнинг меҳнати оғир бўлгани сабабли четдан шогирдлар кўп келмайди. Келганлари ҳам маълум муддат ўтгач, ташлаб кетишар экан. Шу сабабли, сулоланинг усталари бу касбни асосан ўз фарзандларига кичик ёшидан ўргатиб келишган.

1992 йилда темирчилик устахонасида музей ҳам ташкил этилган. Мазкур музейда сулола вакиллари томонидан турли йилларда ясалган буюмлар, тарихий темирчиликлар намуналари, эришилган ютуқлар, чет давлатлардаги кўргазмаларда қўлга киритилган сертификатларни кўриш мумкин. 

Шавқиддин Камоловнинг таъкидлашича, музейдаги энг қадрли экспонатлардан бири уста Шариф ясаган кетмон ҳисобланади. Мазкур кетмоннинг оғирлиги 6 килограмм атрофида. Жайдари кетмон деб аталувчи бу меҳнат қуроли ўз сатҳига бир литр сувни сиғдира олган экан.

 Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид