Ўзбекистон | 19:51 / 16.06.2021
19635
6 дақиқада ўқилади

Янги давр ва ОАВ соҳаси: Икки йиллик фарқли кайфият

ОАВ ходимлари куни арафасида, соҳанинг сўнгги икки йилдаги ҳолати ҳақидаги мулоҳазалар – Kun.uz лойиҳаси раҳбари колонкасида.

14 июнь – халқаро блогерлар кунидаги норасмий учрашув. 2019 йил

Бу суратга ҳам роппа-роса 2 йил бўлибди. Умр жуда тез ўтяпти. Кечагидек ёдимда бу учрашув. Катта умидлар билан қайтгандим учрашувдан. Умуман, бу тандемнинг АОКАда иш бошлаши ва кейинчалик қилган ишларини юқори баҳолайман. Ҳозир ҳам сўз эркинлиги учун бевосита ва билвосита курашиб келаётган ватанпарвар ва замонавий инсонлар деб биламан уларни.

Хўш, 2 йилда нима ўзгарди? Қанчалик олдинга қадам ташлай олдик?

Шубҳасиз, суратдаги инсонларнинг кўпчилиги келажакка ва ОАВ соҳасига анча оптимистик руҳ билан қараб турган эди. Айниқса, бу соҳага президент фарзанди келиб қўшилиши қайсидир маънода президентнинг ҳам бу соҳага муносабатини кўрсатиб берди. Президент бу муносабатни деярли ҳар ой турли тадбирларда журналистлар билан учрашувларда қайтариб келяпти. Яъни сўз эркинлиги керак, журналистлар бизнинг дўстимиз, орқага эмас, фақат олдинга юрамиз...

Ҳозир бизда, яъни кўпроқ таҳлилий, танқидий мақолалар ёзувчи журналистларда, медиа инсонларида кайфият қандай? 2 йил ичида бу соҳада олдинга силжиш қила олдикми?

Кўп ҳамкасбларим ҳозир «йўқ» деган жавобни айтса керак. Очиғи, менинг ҳам берадиган тезкор биринчи жавобим – «Йўқ, соҳа ривожланмаяпти, вазият ортга қараб кетишга мойилдек». Ҳақиқатан ҳам ҳозир кўпчиликнинг кайфияти яхши эмас, иккиланишлар, қўрқув, илҳом ва ғайратнинг камайиши... Барчаси кўплар қатори менда ҳам бор.

Балки шунга ҳам салкам бир йилдан бери четда яшаб, ишларни масофадан бошқариб турибман, куни кеча деярли 7 ой деганда яқинларни кўриш учун Тошкентга учиб бордим ва ўз уйим, ватанимда ўзимни «меҳмондек» ҳис қилиб қайтдим. Баъзи ташкилотлар мени «жуда яхши кутиб олишди»...

Шу пайтгача бирор марта чегарада мени тўхтатишмаган. Бу сафар эса киришда ҳам, чиқишда ҳам «Тўхтаб туринг, ўтириб туринг, ҳозир, ана ҳозир, мана ҳозир»лар билан 30-40 дақиқа ушлаб қолишди. Тушунаман, шу соҳада эканман, бу ҳали бошланиши. Нима бўлганда ҳам Аллоҳ юзимизни ёруғ қилсин, Ўзидан бошқа ҳеч кимга муҳтож қилмасин.

Майли, буларни қўя турайлик... Қандайдир сабабларни, позитив нуқталарни излашга ҳаракат қилиб кўрай.

Тўғри, қийин, жуда ҳам қийин. Лекин бизга ким осон бўлишини ваъда қилган эди. Агар фақат пул топиш, бизнес бўлса, дардимиз ўйин-кулги, майда-чуйда мавзулар, шоу-бизнес, футбол билан чекланиб, 10-15 нафар журналист билан ишлаб, «соққани босиб» ўтирардик, лекин биз бу йўлдан кетмадик. Ҳозир жамоада 100га яқин ходим ишлайди. Доимий изланишдамиз, деярли ҳар куни турли мавзулар, мурожаатлар, муаммо ва таҳлиллар. Даромад эса фақат рекламадан. Аллоҳ баракали қилсин. Айрим сайтлар каби муаммоли масала бўйича мурожаатга расман шартнома қилиб, пул эвазига ишлаб ўтирмаймиз.

Хуллас, майли, нега хафа эмас, хурсанд бўлишимиз керак?

Президент кўп тадбирларда, анжуманларда журналистларни қўллаб-қувватлаяпти. Масалан, кўп «акалар» ёқтирмаса ҳам, президент мухбирларимиз билан тез-тез мулоқот қиляпти, фикр алмашяпти.

Интернет сайтлари кўпайяпти, бир сайт улгурмаган ёки чўчиган мавзуни бошқа сайт ёритяпти, ранг-баранглик пайдо бўляпти.

Давлат, айниқса ижро ҳокимияти ОАВ билан ҳисоблашишига тўғри келяпти, мажбур бўляпти.

Босимлар ҳам кўпайяпти, лекин бунинг ижобий тарафи – демак, биз тўғри йўлдамиз. Юқорида айтганимдек, кўпчилик қалами аччиқ журналистларнинг бугун кайфияти йўқлиги, қандайдир умидсизлик ҳам пайдо бўла бошлагани билан, лекин ишлашдан, изланишдан тўхташмаяпти, ёзишяпти, бирининг овозини ўчиришса, бошқаси гапиряпти...

Албатта, цензурага ҳаракат доим бўлган, бўлади ҳам. Лекин бу ишлашдан тўхташ керак дегани эмас. Мавзулар кун сайин кўпайяпти, кескин мақолалар ҳам кўп. Албатта, айрим мавзуларни очиқдан очиқ ёза олмасмиз, лекин барибир ўзгаришларни эътироф этиш мумкин.

Бу – ўтиш даври, ўзгариш даври. Амалдорларнинг аксарияти ҳамон эскича ишлаяпти, қарашлари ҳам эскича, босим билан, пул билан, ёки яна бошқа йўл билан ОАВ овозини ўчираман деб ўйлаб юрганлар бор. Эскича методлар билан ишлаб, «добро» бўлса-ю, бориб адабини бериб келсам», деб турган акахонларимиз кўп. Лекин кундан кунга уларнинг сафи камаяди, ҳозир тўғри иш қиляпман деганлар, эртага ўзгаришга, янгича ишлашга мажбур бўлади. Бошқа йўл йўқ.

Биз эса сабр қилишда, ишлашда, ҳаракатда Аллоҳ қодир қилганча давом этамиз.

Куни кеча аэропорт чегарасида тўхтатган ходимга айтгандим: «Мен ўз ишимни қиляпман, шунинг учун мени ушлаб турибсиз». Жамиятда ҳамма ўз ишини ҳалол ва тўғри бажариши лозим. «Акалар» давлат душманларини тутсин, жазосини берсин, лекин мамлакатига меҳр-муҳаббати бор, ватанпарвар инсонларни душманга чиқариб, «папка семиртириш» билан банд бўлишмасин. Барчаси ўткинчи. Одамларимиз ўқимишли ва бой бўлишсин.

P.S. Фарзандларингизга чет тилларини ўқитинг, ўзига ва атрофига манфаатли бўлади.

Мавзуга оид