«GSP+» — кўпчилигимиз учун тушунарсиз бўлган бу аббревиатура экспортчилар учун жуда кўп нарсани англатади. 10 апрелдан Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг махсус имтиёзлар тизими (GSP+) кучга кирди ва бу Ўзбекистондан 6200дан ортиқ товарларни Европа Иттифоқи давлатларига божсиз олиб кириш имконини беради. Бир қараганда экспортчиларнинг «пичоғи мой устида» бўладигандек, лекин ҳаммаси бир қарагандагидек осон эмас.

Биз ўзбек маҳсулотларининг Европага экспорти ва GSP+ мавзусида Ғарбий Европа давлатларига Ўзбекистондан экспортни кузатиб борувчи, Ўзбекистондаги замонавий ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда халқаро саноат ҳамкорлигини ташкиллаштирувчи Европадаги илк компания асосчиси Дмитрий Родин билан суҳбатлашдик.

— Дмитрий илк саволимиз: Европага экспорт нима учун керак ўзи?

— Келинг, бу саволни икки қисмга бўлайлик: масалага экспортчи ва давлат позициясидан боқайлик.

Хусусий ишлаб чиқарувчи учун асосий «зарурият»лардан учтасини ажратиб кўрсатиб ўтган бўлардим.

Биринчидан, Европа — бу жуда катта бозор. ЕИ бозорига тўлақонли чиқиш — ишлаб чиқаришни каррасига кўпайтириш демак. Агар сифатли маҳсулот ишлаб чиқарар экансиз, бу бозордан улуш ажратишга интилмаслик ғалати бўлар ҳам эди. Миқёсларга эътибор қилинг: Европа Иттифоқи давлатлари ҳар йили 180 млрд евролик кийим-кечак импорт қилади, уй текстили импорти ҳажми эса 150 млрд доллар. Таққослаш учун, расмий статистикага кўра, Россия кийим-кечак ва пойабзал импорти учун 10 млрд доллар сарфлайди.

Иккинчидан, рақобатбардош ўзбек ишлаб чиқарувчилари қоида тариқасида импорт ускуналардан фойдаланишади. Лизинг тўловлари доллар ёки еврода ифодаланган. Агар ишлаб чиқарувчи ўзининг тайёр маҳсулотларини бошқа валютада сотса, ўз гарданига валюта билан боғлиқ жиддий хатарларни ҳам олади.

Ниҳоят, бу бизнеснинг жуда тўғри қурилган моделидир: харажатлар сўмда, тушум еврода бўлса.

Давлат учун Европага экспортни кўпайтириш — бу экспорт-импорт салдоси сифат даражаси яхшиланиши, миллий ва маҳаллий бюджетларга солиқ тўловларининг ошишини билдиради. Бу ҳолатда янги иш ўринлари яратилишини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Мен яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман: енгил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳар бир иш ўрни турдош соҳаларда яна 2-3тадан қўшимча иш ўринлари яратади. Бу ҳар қандай ҳудуд ва бутун мамлакат учун ҳам муҳим ижтимоий-иқтисодий натижа ҳисобланади. Мамлакат келажаги учун турдошлик жиҳати — инсон капиталининг ўсиши: барча даражалар учун европалик ҳамкасблар билан ишлаш тажрибасига эга мутахассислар пайдо бўлиши яқин йилларда иқтисодий ўсиш учун асос бўлади.