Фан-техника | 12:52 / 27.06.2021
94056
11 дақиқада ўқилади

Тасодифий миллиардерлар: етти олим қандай қилиб дунёдаги энг қиммат стартаплардан бирига асос солишди?

Дунёдаги энг қиммат стартаплардан бири – Databricks компанияси тасодифан ташкил қилинган. Саккиз йил муқаддам унинг асосчилари университетда ишлаётиб, маълумотлар таҳлилига асосланган ҳолда келажакдаги воқеаларни олдиндан айтиш инструментини ўйлаб топишади ва хизматни компанияларга бепул таклиф этишади. Пул ишлашни ўйламаган олимлар қандай қилиб миллиардерларга айланишди?

Фото: Forbes

Сан-Францискодаги бизнес марказнинг 13-қаватида жойлашган музокаралар хонасида асабий муҳит ҳукмрон эди. Ташқарида 2015 йилнинг ноябри давом этар, икки йил муқаддам Берклидаги университет олимлари ишга туширган Databricks дастурий таъминоти ҳануз маблағ ишлаб топмаётганди. Ваҳоланки, миш-мишлар йўқ эмасди.

Директорлар кенгашида бундайин ўнғайсиз мавзу яна ва яна кўтариларди. Стартап беш ой аввал пул топишга ҳаракат қилиб кўрган, бироқ венчур капиталистлар компаниянинг арзимас савдосини кўриб шошилмаётганди. Databricks’нинг амалдаги сармоядорларидан бири Пит Сонсини бошқа йўл кўрмади ва «ҳа» дея қўл кўтариб компанияни сақлаб қолди – 30 миллион доллар миқдорида тезкор ёрдам бериб юборди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала янги раҳбар тайинлаш эди. Databricks бош директори ва асосчиси Ион Стойка стартапни тарк этиб, Калифорния университетига профессорликка қайтишга розилик берди. Навбатдаги қадам Кремний водийсидан тажрибали топ-менежер ёллаш эди. Databricks’нинг асосий рақобатчиси Snowflake бултурги IPO рекордини қўйишдан олдин икки бор шундай қилганди. Аммо бунинг ўрнига Стойка ва Databricks’нинг бошқа асосчилари қистови билан муассислардан бири ва компаниянинг ўша пайтдаги муҳандислик масалалари бўйича вице-президенти Али Қудсий (келиб чиқиши эронлик) тайинланди.

Директорлар кенгашининг айрим аъзолари, табиийки, тушунмай қолишганди. «Бир муассисни иккинчисига алмаштиришда қандай маъно бор?» дея хотирлайди Databricks’га сармоя киритган илк венчур капиталист Бен Ҳоровиц. Дастлаб у ҳам бизнесни илгари бирорта компанияни бошқармаган олимга ишониб топшириш ғоясига шубҳа аралаш қараганди. Улар муросага келишди – Қудсийга бир йиллик синов муддати берилди.

Энди эса, Ҳоровиц тан олишга тайёр: 42 яшар Қудсий Andreessen Horowitz портфелидаги юзлаб компаниялар СЕО’си орасида энг яхши бош директорга айланди. Databricks дастурий таъминот соҳасидаги венчур сармоя тикилган энг муваффақиятли компания бўлишга жуда яқин: яқинда стартапни 28 миллиард долларга баҳолашди ва бу Қудсий лавозимга тайинланган пайтдагидан 110 баробарга ортиқроқ.

Айни кунда Databricks’нинг 5 мингдан ортиқроқ мижозлари бор ва Forbes’нинг баҳолашича, компаниянинг тушуми бу йил ўтган йилги 275 миллион доллардан 500 миллионгача ўсиши мумкин. Стартап сунъий интеллект соҳасида ишлайдиган 50та топ-компания рейтингига, булутли хизматлар кўрсатувчи 100та йирик компания рўйхатига кирди ва ҳозирда IPO қилишга тайёрланяпти ҳамда биржага чиққан дастурий таъминот тарихида энг даромадли компаниялардан бирига айланиши мумкин. Қудсийнинг муваффақиятлари туфайли камида уч миллиардер пайдо бўлди: Қудсийнинг ўзи, Databricks’нинг 36 ёшли бош муҳандиси Матей Заҳария ва албатта 56 ёшли Ион Стойка. Forbes маълумотларига кўра, уларнинг ҳар бири 1,4 миллиард доллар ва ундан ортиқроқ қийматга эга бўлган 5-6 фоиздан улушга эга.

Стартапнинг кўплаб асосчилари, шу жумладан, Қудсийнинг ўзи ҳам академик карьерага шунчалар берилиб кетгани, компания ташкил қилишни исташмагани ва ҳатто ўз технологиялари учун пул олишни хоҳлашмаганини ҳисобга олса, барчаси анча ғаройиб кўриниш олади. Дарвоқе, улар яратган таҳлил ва маълумотларни қайта ишлаш дастурий таъминоти Apache Spark деб номланади. Бироқ олимлар инструментнинг очиқ кодини бизнес доираларга таклиф қилишганда уларга бу технология ҳали «корпорацияларга сотишга тайёр эмас» деб айтишади. Бошқача айтганда, Databricks ўз ишланмасини монетизация қилиши керак эди.

«Биз берклилик ҳиппилар тўдаси шунчаки дунёни ўзгартирмоқчи эдик, холос. Биз уларга «Дастурни олинглар» дедик. Улар бизга «Йўқ, бунинг учун сизларга миллион доллар тўлашимиз керак» дейишди», дея хотирлайди Қудсий.

Databricks технологияси қайта ишланмаган маълумотларнинг арзон омборини таҳлил қилиш учун тизимланган маълумотларнинг қимматбаҳо омборини бирлаштиришда сунъий интеллектдан фойдаланади. Фойдаланувчилар ўз маълумотларини киритади, сунъий интеллект прогноз қилиб беради. Айтайлик, John Deere машинасозлик компанияси техникага двигателнинг ҳароратини ўлчовчи датчикларни ўрнатади, Databricks эса, бу хом маълумотлар ёрдамида трактор қачон бузилиб қолишини айтиб беради. Онлайн савдодаги компаниялар сайтдаги қандай ўзгаришлар савдонинг ўсишига олиб келишини билиш учун дастурдан фойдаланишади. Дастурдан, шунингдек, фирибгарларни аниқлашда ҳам фойдаланишади – фонд биржаларида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам.

«Databricks тушуми бу йил 1 миллиард долларга яқинлашиши мумкин», дея тахмин қилади Сонсини.

Қудсийнинг ҳисоблашича, 100 миллиардлик кўрсаткичга эришиш ҳам ҳеч гап эмас. «Оддий математика: корпоратив фойдаланиш учун сунъий интеллект асосидаги дастурлар – бу триллион долларлик бозор ва у шубҳасиз, ўсиб боради. Ушбу сегмент етакчиси бозорнинг 10 фоизини эгаллаб олса, у «кўп, жуда кўп юз миллиард» ишлаб топади», дея таъкидлайди Қудсий.

Эрон-Ироқ уруши бошланганидан 4 йил ўтиб (1980-1988 йиллар) Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Руҳулло Ҳумайний ҳокимиятни сақлаб қолиш илинжида ўзининг сиёсий рақибларига қарши тазйиқни кучайтирганда, Қудсийнинг давлатманд оиласи инқилоб қурбони бўлади ва мол-мулкини ташлаб Швецияга (уларга биринчи бўлиб виза тақдим этган давлат) қочишга мажбур бўлади. 1984 йилда мамлакатни тарк этган беш яшар Қудсий онгида ватанидан бомбардимон ва сиреналар какофонияси қолди ва бир неча ўн йил давом этадиган дарбадарлик бошланади.

Қудсийлар оиласи аввалига талабаларнинг арзон ётоқхоналарида яшаб юришди. Хонада бир талаба эмас, бутун оила яшаётганини билиб қолган жой эгалари муттасил равишда уларни чиқариб юборарди. Баъзида эса, улар ёқимсиз изоҳлар ва svartskalle қабилидаги (қора калла дегани) ҳақоратларга ҳам дучор бўлишарди. Бу қорамағиз одамларни швед тилида ерга уришнинг ифодаси эди. Стокҳолмнинг бир камбағал туманидан бошқасига кўчаётиб, Қудсий ва унинг синглиси мунтазам мактаб алмаштиришга ва янгидан дўст орттиришга мажбур эди. Қудсий ҳозирги ижтимоий малакалари замирида айнан ўша турфа хил контактлар ётганини айтади.

Унинг муҳандислик иқтидори ҳам барвақт намоён бўлди. Қудсийнинг ота-онаси фарзандларига янги совға олиб беришга қурби етмасди. Лекин Али учун фойдаланилган Commodore 64 компьютерини сотиб олиб беришди. Унда видеоўйинлар ўйнаш мумкин эди, бироқ кассета тиқиладиган жойи синганди – шунинг учун ҳам компьютернинг нархи арзон эди. Тўртинчи синф ўқувчиси бўлган Али қизиқишда видеоўйинлар қандай ёзилишини ўрганиб чиқди. «Мен технологиялар ўз домига тортиб кетган гиклардан бирига айлангандим», дея табассум билан эслайди Қудсий.

Бу қизиқишлар у Ўрта Швеция университетида ўқиган даврларда ҳам сақланиб қолганди. Университет саноатлашган сокингина Сундсвалл шаҳрида жойлашган бўлиб, Қудсий у ерда компьютер муҳандислиги ва бизнесни бошқариш бўйича магистр даражасини олишига яна бир йил қолганди. Шундан кейин Қироллик технология институтига кириб, 2006 йилда информатика бўйича Ph.D. даражасини олади.

2009 йилда 30 ёшда бўлган Қудсий АҚШга Калифорния университетининг илмий ходими сифатида ташриф буюради ва илк бор Кремний водийсини кўради. Ўшанда атиги 9 йил муқаддам доткомлар инқирозга кириб, янги инқироз айни тубига етган эса-да, инновациялар авжига чиққанди. Facebook пайдо бўлганига энди беш йил бўлган ва ҳали биржага чиқмаган, Airbnb ва Uber эндигина бир йилдан бери ишлаб келаётганди. Яна бир неча ёш стартаплар уларнинг технологияси топ соҳадаги вазифаларни бажаришда одамлардан устун эканини мақтанишни эндигина бошлаган даврлар эди.

«1970-йилларнинг нейрон тармоқларидаги алгоритмлардан чангни қоқиб юбориб, имкон қадар кўпроқ маълумот ва замонавий жиҳозлардан фойдаланилса натижалар фавқулодда бўлади», дейди Қудсий.

Қудсий аъло қобилиятли хорижликлар учун бериладиган виза ёрдамида АҚШда қолди. У Берклида ўша пайтлар талаба бўлган 24 ёшли Матей Заҳария билан танишди. Улар кучларни бирлаштиришди ва Apache Spark маълумотларни қайта ишлаш дастурини яратишни бошлашди. Тадқиқотчилар бошқа йирик IT-компаниялар нейрон тармоқларда қилган ишни қилмоқчи бўлишди, фақат мураккаб интерфейссиз. «Жамоамиз ҳаётда софт ишлаб чиқариш вазифаси бўлмаган одамлар учун катта маълумотлар базасини қандай соддалаштириш ҳақида бош қотирди», дейди Заҳария.

Apache Spark муваффақиятли лойиҳа бўлди. Жуда ҳам. 2014 йилда дастур маълумотларни саралаш тезлиги бўйича жаҳон рекордини ўрнатди ва Заҳарияга информатика соҳасида энг яхши диссертация мукофотини олиб берди. Бизнес олам уларнинг инструментидан фойдаланади деган умидда Қудсий ва Заҳария дастурнинг кодларини очиқ фойдаланишга қўйишди, лекин тез орада кенг фойдаланилмаётганини тушуниб етишди.

2012 йилда ҳинд ошхоналаридаги бир неча йиғилишлардан кейин етти олим Databricks стартапини бошлашга қарор қилишди. Тадбиркорлик ғояларининг манбалари Заҳариянинг илмий раҳбарлари Скотт Шенкер ва Ион Стойка бўлишди. Уларда керакли тажриба бор эди. Руминиялик Стойка 300 миллион долларга баҳоланган Conviva стриминг стартапида топ-менежер бўлиб ишлаган бўлса, Шенкер Nicira IT-компаниясини бошқарган, кейинчалик стартап Vmware компаниясига 1,3 миллиард долларга сотилганди. Стойка Databricks’нинг бош директори, Заҳария эса бош муҳандиси бўлишига келишилди. Директорлар кенгашига кирган, лекин компания ходими бўлмаган Шенкер Nicira сармоядори Бен Ҳоровиц билан илк учрашувни ташкиллаштирди. Дарвоқе, олимлар инвестор билан учрашишни исташмаганди.

«Биз ўйлаб кўрдик ва «ундан пул олмаймиз, чунки у олим эмас» дея қарор қилдик. Биз фақат бошланғич маблағни – 100-200 минг доллар олиб, бир йил дастурлаб кўриб, кейин нима бўлишини кўрмоқчи эдик», дея хотирлайди Қудсий.

Энг қиммат стартаплардан бири

Февраль ойида Databricks 1 миллиард доллар жалб қила олди ва дунёдаги энг қиммат стартаплар рўйхатида позициясини мустаҳкамлади. Янги сармоялар жиддий ресурслар билан таъминланишга ва дунёнинг йирик компаниялари билан шартномалар тузиш учун курашга сарфланади. Компаниянинг энг йирик рақобатчиси Snowflake стартапи бўлиб, яқинда биржага чиққанди. Databricks Snowflake билан ҳамкорлик қилади. Ҳатто ҳозир ҳам Databricks’нинг 70 фоиз фойдаланувчиси Snowflake мижозлари ҳамдир. Бироқ икки компания орасидаги зиддият ошиб бормоқда.

«Snowflake шубҳасиз аъло даражадаги ақл бовар қилмас компания ва уларда профессионал СЕО бор. СЕО яна қанча туради у ерда? Аниқки, узоқ турмайди», дейди Ҳоровиц.

Ҳоровиц асосчилари бизнесга тўлиқ киришган Databricks’ни бу соҳада ҳеч ким қувиб ўтолмаслигига ишонч билдиради.