Туркиялик киноижодкорлар Амир Темур ҳақида сериал суратга олишмоқчи — продюсерлар билан суҳбат
Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти тўғрисида туркиялик киноижодкорлар сериал суратга олиш ниятини билдиришди. Ижодкорлар Ўзбекистон кинематография агентлигида бу борада музокара ҳам ўтказишди.
Маълум қилинишича, Туркиянинг «Altınkesıt» кинокомпанияси буюк саркарда ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўп серияли фильмни суратга олишни режалаштирган. Ушбу сериал «Муҳташам юз йил» сериали даражасида, бутун жаҳон аҳли учун мўлжалланган, кенг қамровли бўлади.
Туркиялик продюсерлар Амир Темур яшаган жойларни ўз кўзлари билан кўриш асносида Самарқандда Kun.uz мухбирининг бўлажак лойиҳа ҳақидаги саволларига жавоб беришди.
Кино соҳасида 30 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган, бир қанча фильмлар, сериаллар, ҳужжатли фильмларни тасвирга олган «Altınkesıt» ширкати раҳбари ва продюсери Мустафо Гунеш «Сериалда Амир Темур даври асос қилинадими ёки Темурийлар даври ҳам қамраб олинадими?» деган саволга жавобан шундай деди:
— Афандим Темурнинг ўзи буюк бир шахсият бўлгани боис фильмда ундан олдинги ундан кейинги деган даврларга тўхталмаймиз. Темурнинг ҳар бир босган қадами буюк ҳажмдаги ҳикоялардан иборат. Темурнинг ота-онаси, болалиги, тахтга ўтирган даврини олмоқчимиз, бу билан боғлиқ тайёргарликларимиз мавжуд.
— Сериалда «Муҳташам юз йил» сериалида ўйнаган актёрлар ўйнайди, дейилмоқда...
— Йўқ. Албатта, у сериалда ўйнаган исмларни жалб қилишимиз мумкин, аммо у командани батамом сериалда ўйнатамиз, деган гап йўқ. Улар бошқа ширкат, бизлар эса бошқа ширкатмиз.
— Сериалда ўзбек актёрлари ҳам иштирок этадими?
— Албатта, бу филмда асосан ўзбек актёрлари ўйнайди, Туркиядан ҳам жалб қилинади. Масалан, Йилдирим Боязид даври билан боғлиқ саҳналарда Туркиядаги актёрлар ўйнайди. Аммо, ролларга асосан, ўзбек актёрлари жалб қилинади ҳамда бош қаҳрамон ҳам ўзбек актёрлари орасидан танланади.
— Сериал қаерларда суратга олинади?
— Айни пайтда бир қанча таклиф ва тавсиялар мавжуд. Туркияда кино олиш технологияси жуда илғор. Шу туфайли Туркияда олинса, яна ҳам яхши бўлади, деган фикримиз бор. Ўзбекистонда сериал олиш жараёни бўлмайди, деган гап ҳам йўқ. Албатта, Ўзбекистонда ҳам олиниши мумкин. Бу ерда фильм павильонлари қурилса, бу ерда ҳам олиниши мумкин. Сериал қаерда суратга олиниши борасида охирги тўхтамга келганимиз йўқ.
— Тарихий сериал олиш озмунча маблағ талаб қилмайди. Тарихий саҳналарни жонлантиришга ҳам катта пул керак. Сериални молиялаштиришни қандай режалаштиряпсиз?
— Бу катта лойиҳа, буюк шахсият ҳақидаги ушбу лойиҳа бўйича ўзаро ҳамкорлик қиламиз. Молиявий харажатларнинг ярмини Туркия, ярмини эса Ўзбекистон давлати ёки бирор бир тадбиркор ҳомийлик қиладими, ҳозирча маълум эмас. Аммо ҳар икки томон ҳам қўлидан келган нима бўлса амалга оширади.
Мен бу фурсатдан фойдаланиб, Туризм вазирлигига миннатдорчилигимни билдираман. Бизга жуда кўп эътибор қаратишди, саломат бўлсинлар. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси кинематография агентлиги раҳбариятига каттадан катта раҳматларимни айтиб қоламан, улар ҳам бизга жуда яхши муносабатда бўлишди. Халқ ҳам биз билан жуда самимий муносабатда бўлишмоқда. Турли ёзувчилар билан кўришдик. Улар ҳам бизга хайрихоҳлар. Халқ бизлар билан жуда ҳам яқин муносабатда бўлишяпти. Ўзимни ҳақиқатан ҳам Туркиядаги каби ҳис қиляпман. Гўёки бугун оқшом бўлганда уйга кетадигандек ҳис қиляпман. Бу туфайли бу ердаги қардошларимиздан жуда ҳам миннатдормиз. Аллоҳ улардан рози бўлсин.
«Altınkesıt» компанияси продюсери Мустафа Пекчай ҳам бўлажак сериал борасидаги фикрларини билдириб ўтди. Жумладан, бу сериал тарихий воқеалар асосида бўлиши, унинг асосида «Мендирман Жалолиддин» сериалидаги каби бадиий тўқима ҳикоялар бўлмаслигига урғу берди.
— Бу сериал тамоман тарихий манбалар, тарихий ҳақиқатлар асосида суратга олинади. Фойда олиш учун уйдирилган ҳикояларга таяниб қилинмайди. Даставвал тарихий ҳодисаларнинг тўғрилигига риоя қилиб, кейин ҳикоя ва роман шаклига ўтиб кетилмайди. Чунки Амир Темурнинг ҳаёти шундоқ ҳам каттагина тарихий ҳикоя бўлгани боис унинг ҳаётини экранда бутунлай акс эттирганимизда шундоқ ҳам қўшимча бир нарса қилишга ҳожат қолмайди. Тарихий ҳақиқатлар билан бутун дунёга Амир Темурни танитамиз.
— Ижодий жамоа айни пайтда нима билан машғул?
— Шу онда бу сериал оддий ва кичик лойиҳа эмас. Бир жаҳон императори ҳақида сериал суратга олинади. Шунга кўра, айни пайтда бу ишнинг заминини ҳозирламоқдамиз. Бу фильм олинадиган жойлар билан боғлиқ: у Туркияда олинадими ёхуд Ўзбекистонда, каби масалалари устида мулоҳазалар юритилмоқда. Туркияда тасвирга олсак, тайёр платолар бор, Ўзбекистонда олсак бизга бу ерда бир жой кўрсатилиши лозим ва қайтадан бу ерда павильонлар қуришимиз керак бўлади. Айни босқичда бу ишнинг пойдеворини ҳозирлаш билан бандмиз. Актёрлар масаласи, бош қаҳрамонларни аниқлаш ишлари кетмоқда. Бу ишда қандай йўл олишимиз билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам юқори мартабали кишилар билан, ҳам бу ишнинг усталари билан, шунингдек, ёзувчилар, адабиётчилар билан учрашувлар олиб бормоқдамиз. Яъни ҳар гулдан тўғри асални тўплаган асаларилар каби тўғри сценарий тайёрлашга уринмоқдамиз.
Бугун биз эрталабдан бери Ўзбекистоннинг муҳим жойларида бўлдик. Самарқандда шаҳарнинг муҳим жойларини, тарихий шахсиятларини зиёрат қилдик, дуолар қилдик.
Суратга олиниши режалаштирилган сериал учун ҳам кашф фаолиятларимизни амалга оширмоқдамиз. Ҳозир эса Амир Темурнинг она ватани Шаҳрисабзга қараб кетяпмиз. У ерда ҳам кашфларимизни давом эттирамиз. Умуман, оқ экранларга бўлган воқеаларни, бўлиши керак шаклда акс эттирамиз. Билинганларни ва тўғриларни акс эттириш учун мамлакатингизда шаҳарларингизда ўзимизни ҳам шуурлантирмоқдамиз.
Яшаётган, жонли тарихни ўзида мужассам қилган шаҳарларингизнинг ҳар бурчагини кезиб, кашф қилишга уринмоқдамиз ва буларни сериалнинг руҳи сифатида жонлантириш учун амалга оширмоқдамиз. Яъни бизлар ҳам буни ҳис қилишга уринмоқдамиз. Сериал фақатгина шаклдан иборат бўлиб қолмасин, руҳи бўлсин. Бу руҳни ҳам Ўзбекистонлик болаларга, ҳам ўзбек халқига ҳам, Туркиядаги болаларга ватанимиздаги миллатимизга, Европага ҳамда дунёга Амир Темурни ҳақиқий руҳи билан, қалби билан акс эттириш учун, бу ҳисни ўзимиз ҳам яшамоқ учун Темурнинг қадами теккан жойларни одимма-одим кезмоқдамиз.
Тарихий сериални суратга олишда тарихий воқеаларга асосланади. Бу ҳақда Истанбул университети доктори, тарихчи олима Зебинисо Камолова ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Илм-фан ва санъат — кенг жўғрофияга тарқалган, улкан маданият майдонига эга бўлган Турк дунёсини бирлаштирувчи энг муҳим соҳалардир. Кино санъати орқали амалга оширилган ҳамкорликлар кенг кўламли муносабатларга ижобий таъсир кўрсатади ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.
Туркиянинг ривожланган кино санъати ва саноати дунёда ўзига хос ўринга эгадир. Тарих ва тамаддун бешиги бўлган Ўзбекистон эса ўзининг муваффақиятли ўтмиши, буюк аждодлари билан экранларга ранг ва безак берувчи сюжетларга тўладир. Бу икки жиҳатни бирлаштирганимизда дунё миқёсида энг муҳташам кино асарлар яратилади.
Турк дунёсида катта шов-шувларга сабаб бўлган «Мендирман Жалолиддин» тарихий сериали Туркия-Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган муҳим бошланғич қадам бўлди. Бундай ҳамкорликда илмий ва оммабоп тасмаларни олиш ва экран юзига олиб чиқишга арзийдиган бир қанча мавзулар мавжуд.
Туркистон тарихида ўз номи билан энг қудратли давлатга асос солган, ҳамиша музаффар ва аскарий даҳо бўлган Амир Темур бугунги кунгача минтақадаги давлатчилик тарихида, сиёсий-ижтимоий ва маданий соҳаларда катта таъсирга эга. Аммо кино оламида унга нисбатан тарихда тутган мавқейига муносиб рағбат кўрсатилмаган. Амир Темур характерини очиб берувчи илмий ва адабий мерос, меъморий ёдгорликлар қанчалар кўп бўлишига қарамасдан, унинг шахсияти ҳалигача кино соҳасида муносиб талқин қилинмади.
Бугунги Ўзбекистон Республикаси Амир Темур қурган давлатнинг маркази ҳисобланади. Ўзбек халқининг миллий ўзлиги уларнинг аждодлари, хусусан, Амир Темур шахси ва мероси асосида шакллантирилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон тарихида Амир Темур ва унинг даври ўзбекларнинг миллий маданий ғурури ҳисобланади. Шунга асосланиб, Амир Темур ҳақида фильмлар, сериаллар олиниши кечиктириб бўлмайдиган муҳим масаладир.
Амир Темур шахсиятини профессионал кино тасмасида ранглантириш Ўзбекистон давлати ва халқи учун аҳамиятга молик ишдир. Бу эса миллий туйғуларни мустаҳкамлаш, тарихни ўрганиш ва ёш наслларнинг тарихга бўлган қизиқишини орттиришга хизмат қилади.
Турк кино соҳаси вакилларининг ушбу масалага қўл уриши бир жиҳатдан Туркия ва Ўзбекистон орасидаги дўстона ришталарни боғласа, бошқа бир жиҳатдан икки томонлама қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун кўприк бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда ўзбек ва турк актёрлари билан биргаликда фильм суратга олиниши эса икки халқ ўртасидаги ҳаяжонни ва самимиятни кучайтиради», – деди З.Камолова.
«Altınkesıt» ширкати шундай мақсадларни асос қилган ҳолда Амир Темур ҳақида «Соҳибқирон» (ҳозирча тахминий ном) сериалини олишни режалаштириб, муваффақиятли натижаларни кўзламоқда.
Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
21:37
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
16:56
Туркияга меъёрдан ортиқ тамаки маҳсулотларини олиб кирган ўзбекистонликлар қамоққа олинмоқда
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
11:40 / 19.11.2024