20:02 / 07.07.2021
9698

Суҳбат асосида талаба бўлиш, стипендиясиз таълим – Беларусдаги талаба қиз билан суҳбат

UzbekLifе  хориж давлатларида илм олиб, муваффақиятга эришиб келаётган ватандошлар билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги  суҳбатимиз қаҳрамони Беларусь пойтахти Минск шаҳрида таҳсил олаётган Соҳиба Гоибназарова. Қаҳрамонимиз Хоразм вилоятида туғилиб-ўсган.

Ҳозирда Беларусь Республикаси Минск давлат лингвистика университетида таҳсил олмоқда.

Беларусда олий таълим

Мактабни битиргач, нефт-газ коллежига ўқишга кирдим. 3 йиллик ўрта-махсус таълимни айнан шу соҳада ўз шаҳримда олганман ва имтиёзли диплом билан тугатганман. Олий таълимга келадиган бўлсак, бу жараён бирмунча қизиқроқ кечган. Чунки, бир қанча қарама-қаршиликларга қарамасдан олий таълимни Белоруссияда оляпман.

“Нимага айнан бу давлатни танладинг?”

Беларусда ўқишимни эшитиб кўпчилик “Нимага айнан бу давлатни танладинг?” дея савол беришади. Чунки, кўпчилик Беларусни Россиянинг бир бўлаги, деб билишади. Аслида ундай эмас. Беларусь ўзи мустақил, алоҳида давлат. Мен айнан ушбу давлатда ўқишни танлаганимга сабаб бу ерда бизнинг қариндошларимиз бор. Улар орасида ҳозирда мен ўқиётган олий таълим муассасасида таҳсил олганлари ҳам бор. Айнан улар ота-онамга Беларусни, ушбу университетни тавсия қилишган. Аввалбошда ота-онам бунга қаршилик билдирдилар. Яъни ўз қизини бошқа мамлакатга юборишга қайсидир маънода розилик беришга қийналди. Аммо, охирида ҳар тарафлама муҳокама қилиб, Беларусда ўқишимга рози бўлганлар.

Икки университетдан бирини танлашга мажбур бўлганман

Мен ҳозирда Минск давлат лингвистика университетида ўқийман. Аммо бундан олдин Беларус давлат университети кириш имтиҳонидан ҳам ўтгандим. Бу университет кириш имтиҳонларини Тошкент шаҳрида ўтказганди. Тест синовларидан муваффаққиятли ўтдим, аммо бу университетда ўқишимга тўсқинлик қилувчи баъзи ҳолатлар бўлди. Шундан сўнг бу университетни бошқа университетлар билан таққослаб кўриб, ҳозирда таълим олаётганим Минск давлат лингвистика университетига ўқишга кирдим.

Ўқишга суҳбат асосида кирганман

Беларус давлат университетида ўқишдан воз кечганимдан сўнг, ҳужжатларимни Минск давлат лингвистика университетига топширдим. Ҳужжатлар билан ҳеч қандай муаммо бўлмади. Бу ерда кириш имтиҳонлари тест шаклида эмас, балки суҳбат асосида бўлиб ўтаркан. Суҳбат инглиз тилида бўлиб ўтди, мен ушбу суҳбатдан муваффаққиятли ўтдим.

Беларусда барча олий ўқув юртларида талабаларга вақтинча яшаш учун рухсатнома олишда, яшаш жойини топишга ёрдам берадиган уй-жой бўлимлари мавжуд. Талабаларининг аксарияти талабалар турар жойларида яшайдилар ва мен ҳам бундан ҳоли эмасман. Имтиҳондан ўтгач менга университет ётоқхонасидан жой ажратиб беришди ва янги шаклланган гуруҳга қўшишди. Ҳозирда ушбу даргоҳда учинчи босқич талабасиман.

Таржимонликка қизиқиш устун келган

Юқорида айтганимдай бошқа университетни танлашимга тўғри келганида мен ҳеч иккиланмай Минск давлат лингвистика университетини танладим. Чунки, бу олий ўқув юрти айнан чет тилларини ўқитишга ихтисослашган. Беларусь давлат университетида эса лингвистика махсус факультет сифатида мавжуд эди, холос. Ўзим шахсан таржимонликка қизиқишим баланд бўлгани учун ушбу университет таржимонлик йўналишини танладим.

Минск давлат лингвистика университети

Университетимизда таржимонликдан бошқа ҳам бир қанча факультетлар мавжуд. Масалан, инглиз тили филологияси, роман тиллари ва шу каби йўналишлар, бундан ташқари маданиятлараро коммуникациялар факультети бўлиб, буларнинг барчаси анчайин обрўли, талаб кенг бўлган йўналишлар ҳисобланади.

Ўқиш йўналишимдан келиб чиқиб, бу ерда бир қанча тилларни ўрганишга тўғри келмоқда. Хусусан, менда биринчи чет тили инглиз тили, иккинчи чет тили сифатида эса хитой тилини танлаганман.

Стипендия тизими бўлмаган Беларусь таълим тизими

Беларусда хорижий талабаларнинг ўқишга ҳужжат топшириши, ўқиши билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Аммо, фарқли жиҳати, Беларусда бошқа кўпчилик давлатларда бўлгани сингари турли грантлар, стипендиялар мавжуд эмас. Ўқиш тўлов контракт асосида бўлади. Табиийки, мен ўзим ҳам тўлов контракт асосида ўқийман.

Шуни айтиб ўтишим керакки, Беларусда хорижлик талабаларнинг тўлов контракт нархлари маҳаллий талабаларникидан бирмунча баландроқ бўлади.

Хорижий ва маҳаллий талабалар

Университетимизда иккита алоҳида бўлимлар бор: хорижий бўлим ва миллий бўлим. Хорижий бўлимда ўқишни хоҳловчилар хорижлик талабалар билан ўқишади, миллий бўлимда эса Беларусь талабалар таҳсил олишади. Менда рус тили яхши бўлганлиги сабабли рус, инглиз тилини ўрганувчи хорижий бўлимда ўқимасдан, тўғридан тўғри Беларусь талабалар ўқийдиган миллий бўлимни танладим. Хорижий бўлимда ўқувчи талабалар биринчи навбатда рус тилини ўрганишлари зарур. Шунинг учун уларда ўз-ўзидан биринчи чет тили рус тили, иккинчи чет тили эса, асосан, инглиз тили бўлади. Менда, юқорида айтганимдек, рус тилини яхши билганим сабаб биринчи тил сифатида уни ўрганишга эҳтиёж қолмаган.

IELTS’га талаб у даражада юқори эмас

Ўзбекистондагидан фарқли равишда, бу ерда инглиз тилини билиш сертификати IELTS’га бўлган талаб жуда юқори эмас. Масалан, бизда ўқишда, ҳатто, баъзи бир ишларда ҳам ушбу сертификат талаб қилинади. Бу ерда эса IELTS, асосан, Беларус талабаларнинг хорижга ўқишга чиқиши учун зарур, қайсидир маънода. Беларусда ўқиш учун IELTS у қадар катта аҳамият касб этмайди.

Хорижликларга очиқкўнгил Беларусь

Беларусь халқи анчагина меҳмондўст ҳисобланади. Чунки, мен хорижлик талаба қиз сифатида умуман ҳар хил камситилиш, бегона миллатчилик каби ҳолатларга, вазиятларга дуч келмадим. Аксинча, бу ерда ўзимга кўплаб дўстлар орттирдим, уларнинг хуш муомаласига жуда кўп маротаба дуч келдим.

Бу ерга илк келган кезларимда мослашиш бироз қийин бўлган. Чунки, ўз ватанингиздан йироқда, доим ёнингизда бўлган ота-онангиздан узоқда бўлиш кишини бироз қийнаган. Шу сабабдан биринчи курсни бироз қийинчилик билан ўтказганман. Аммо, кейинчалик мустақил ҳаётга шўнғиб, ўқишга киришиб бу соғинч, зерикиш туйғуларини енгганман.

Йилдан йилга кўпайиб бораётган ўзбек талабалари

Беларусь жамиятида ўзбек талабаларини жуда кўп учратиш қийин. Бу ерда туркманистонлик талабалар нисбатан анча кўпчиликни ташкил қилишади. Тўғри, Россияда ўқувчи ватандош талабаларимиз жуда кўп, аммо Беларусда улар бирмунча кам. Бунинг асосий сабаби Беларусда ўзбек талабаларининг қонуний меҳнат фаолияти олиб боришга рухсат йўқлиги бўлса керак. Турли йўллар билан ишлаш имкониятини топиш мумкин, аммо буни билишса, ҳар хил муаммолар пайдо бўлиши табиий. Хусусан, турли жарималардан тортиб, мамлакатдан депорт бўлишгача. Шу сабабдан ҳам Беларусга талабалар асосан ўқиш учунгина келишади. Шундай бўлса-да бу ерда ўқиётган ўзбек талабалари сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.  

Натижада озчилик бўлса-да, бир-бири билан иноқ талаба ёшлар муҳити шаклланган. Жумладан, ўтган йили Беларусь Республикасидаги Ўзбекистон элчисининг шахсан ўзи ташкиллаштирган учрашувда кўплаб ўзбек талабалари бир-бирлари билан учрашиб, яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Айнан ушбу учрашув давомида билдимки, кўплаб ўзбек ёшлари БДУ (Беларусь давлат университети) ва БМТУ (Беларус миллий техника университети)да ўқиш учун келишади. Чунки, БМТУнинг кўплаб ўзбек ОТМлари билан “2х2” номли дастури бор. Яъни 2 йил Ўзбекистонда, 2 йил Беларусда талабаларнинг таълим олишини таъминлайдиган ушбу дастур орқали кўплаб ўзбекистонлик талабалар айнан ушбу ўқув юртини танлашади.

Қардош миллатлар вакиллари билан вақт ўтказиш

Ростини айтсам, мен ўқийдиган ўқув юртида ўзбек талабалар йўқ. Аммо, бошқа университетларда ўқийдиган ватандош танишлар, туркманистонлик дўстлар бор. Биз вақти-вақти билан ўзаро учрашувлар, суҳбатлар уюштириб, вақтни бирга мароқли ўтказамиз. Бу каби учрашувлар менга ўзбек ватандошларимизнинг йўқлигини бир даражада билдирмайди. Бундай учрашувлар вақтида ўзимни худди Ўзбекистонда каби ҳис қиламан.

Таржимонлик соҳасида ўзимни синаб кўришни бошлаганман

Келажакда ўз соҳам бўйича, яъни таржимонлик билан шуғулланиш ниятим бор. Ҳозирда ҳам фрилансер сифатида бу соҳада фаолиятимни бошлаганман. Яқинда нефт-газ соҳасида бир таржима ишини бажариш тўғри келди. Бу таржима рус тилидан ўзбек тилига ўгириш билан боғлиқ эди. Дастлабки ишимлигини ҳисобга оладиган бўлсак, яхши чиқди, деб айта оламан.

Бундан ташқари ўқитувчилик ҳам қилаяпман. Онам ҳам мактабда ўқитувчилар. Билмадим, ўқитувчилик касби ҳам авлоддан авлодга ўтадими, бу ишим ҳам ёмон бўлмаяпти, деб бемалол айта оламан.

Булардан ташқари келажак учун ҳали бир қанча режалар тузиб қўйганман. Биринчи ўринда, бошқа хорижий мамлакатларга саёҳатлар қилиш, таълим олиш кабилар режаларимнинг бир қисми ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз олдига бу каби мақсадларни қўяди. Биринчи уринишда ўхшамаслиги мумкин, аммо инсон ўзига ишончни сўндирмай, олдинга интилиши лозим. Шунда, албатта, ғалаба уники бўлади.

Аввал айтганимдек, менда иккинчи чет тили хитой тили. Шу сабабдан ушбу давлатга ташриф буюриш мен учун жуда қизиқ туюлади. Ўзим ўрганаётган тил, маданиятни яқиндан кўриш анчагина мароқли бўлса керак. Худо хоҳласа, албатта, бу давлатга ҳам ташриф буюраман.

Келажакда ўқишни тугатгач, Ўзбекистонга қайтиб, у ерда ўз карьерамни қуриш ниятим бор. Аммо, бунинг учун аввал керакли билим ва тажрибага эга бўлишим керак.

Давлатбек Асадов суҳбатлашди

Top