Иси пайкални тутган оби новвотлар. Жумақўзи аканинг қовунлари Россиягача жўнатилмоқда
Фарғонанинг Риштонида қовун етиштираётган Жумақўзи аканинг қўли қўлига тегмайдиган кунлар келди. Ҳозир – 4 гектар ерга экилган қовунлари айни пишган пайт. Айниқса, оби новвот нави ҳиди бутун пайкални тутган.
Бувайдалик Жумақўзи Ўктамов узоқ йиллардан буён ер билан тил топишиб, қовун экишнинг ҳавосини олган деҳқонлардан. У узоқ йиллардан буён қовун ортидан яхшигина даромад топиб келяпти.
Деҳқонга етиштирган ҳосилини пайдар-пай йиғиб олиш учун уч ўғли ҳам ёнида туриб ёрдам бермоқда.
Қовун экишга қизиқиш
«Ёшлигимизда отам қовун экиб юрарди. Отам ортидан биз ҳам қовун парвариш қилиб, деҳқончиликни бирмунча ўрганганмиз. 2010 йили Мансур деган 40 йиллик қовунчи деҳқон билан тасодифан танишиб қолганман. Мансур ака ўшанда уч ўғлингиз бор экан, биргалашиб қовун экинглар, кам бўлмайсиз, деб айтган эди.
Шу воқеа сабаб бўлиб, қовун экишни бошладим. Биринчи йили Мансур ака ёрдам бериб турди. Секин-асталик билан деҳқончиликнинг ҳавосини олдим. Ҳам отам, ҳам Мансур ака туртки бўлиб, касбимни қовун билан боғладим. Энди эса кўплар келиб, мендан деҳқончиликни ўрганиб кетяпти.
Фарғона вилояти Бувайда тумани Оқтепа қишлоғида яшайман. Қовунни эса Риштон тумани Янгиобод қишлоғига экканман. Уйимдан пайкалгача масофа 24 км чиқади. Ҳар куни қатнайман», – дейди Жумақўзи ака.
«Оби новвотнинг мазаси ҳам, ҳиди ҳам ўзгача»
«1 гектар ерга 6 минг дона қовун кўчати сиғади. 6 минг дона кўчатдан биттадан мева берса ҳам кўп нарса бўлиб кетади.
Ўзи бир туп кўчат 3-4 та қовун тугади. Ҳар бир туп кўчатдан биттадан мева ҳисобласак, 6 минг дона қовун ўрта ҳисобда 5 минг сўмдан сотилса, 30 миллион сўм пул бўлади.
Қовун – халқимиз севиб истеъмол қиладиган энг сара полиз маҳсулотларидан бири. Оби новвот, кўкмағиз деган қовун нави экиб келаман. Қовунларни чет давлатга ҳам олиб кетишяпти. Оби новвот мазаси ҳам, ҳиди ҳам ўзгача бўлгани учун харидоргир», – дейди деҳқон.
«Қуёш қанча қиздирса, қовунлар шунча сертўр ва ширин бўлади»
Жумақузи ака қовунга ўз вақтида сув очиш кераклигини таъкидлади. Ҳосил кутилмаганда нобуд ва сифатсиз бўлмаслигининг олдини олиб, ҳашаротларга қарши ўз вақтида дори солиш ҳам керак бўлар экан.
«Қовунни узиб, машинага юклаб олиб кетиш учун пайкалга махсус йўлаклар қилганмиз. Илгари қовунлар пайкал ичидан қопларга солиниб, елкага ортилганича олиб чиқилган.
Қовунлар 5 кунда бир узилади. Роса тезлаган пайтида ҳар 3 кунда ҳам етилади. Мана ҳозир ҳарорат жуда иссиқ бўляпти. Ҳаво ҳарорати қанчалик иссиқ бўлса, қовунлар сертўр бўлади, ҳам ширинлиги ортади», – дейди тажрибали деҳқон.
«Меҳр билан гектаридан 80 млн сўм даромад топиш мумкин»
Пайкалдан 10 кмлик узоқликда улгуржи қовун бозори бор экан. Бу бозорчага асосан водийлик харидорлар савдо учун келишади. Жумақўзи акага кўра, қовуннинг бир килоси бозорда 2,5–3 минг сўмдан пулланади.
«3 нафар ўғлим ва жияним – ҳаммаси бўлиб 5 киши қовун парвариши билан машғулмиз. 1 гектар ерга қовун экиш ва парваришлаш учун 15 миллион сўм сарфлайман. Қовунга меҳр бериб яхши қарасангиз, гектаридан 80 миллион сўмгача даромад қилса бўлади», – дейди қаҳрамонимиз.
«Қовун орасига экилган ловия ва маккажўхори барча харажатни қоплайди»
Қовунлар орасига экиладиган ловия ва маккажўхоридан олинган даромад бемалол қовун парвариши учун қилинган барча сарф-харажатни қоплар экан. Қовуннинг пули эса тўлиқ ёнга қолади.
«Ловия ва макка экиш анъанасига содиқман. 1 гектар ерга ловия эксангиз, 1,5 тонна ҳосил оласиз. Бу иккинчи ҳосил ҳисобланади. Бунинг орасига маккажўхори экса ҳам бўлади. Маккажўхоридан эса гектаридан 1,8 тонна даромад қилса бўлади», – дея тушунтирди ишнинг кўзини биладиган Жумақўзи ака.
«Эккан ловияларим ҳам бўй чўзиб қолди. Келгуси йили 5 гектар ерга қовун экмоқчиман. Четга экспорт қилишни йўлга қўймоқчимиз. Айни пайтда қовунларимиз Россия Федерациясига экспорт қилиняпти», – дейди у.
Ота ўз фарзандлари билан шу далада ётиб ишлашади. Қора қумғонда чой, қозонда шўрва биқирлаб қайнаяпти. Таомни ҳам ўзлари тайёрлашади.
Жумақўзи ака пешонасидан оқаётган терни оқ докада артганича, пайкал оралаб қовун узаётганида, уч ўғил оби новвотларни юк машинасига ортарди.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
21:20 / 06.12.2024
“20 миллионлик касал новвосни қассоб 500 мингга сотиб олди”: Риштонда қорамоллар касалликдан нобуд бўляпти
15:43 / 05.12.2024