Спорт | 21:57 / 11.07.2021
11377
8 дақиқада ўқилади

Италия — Англия финали. Ўйин қандай бўлади?

Евро-2020даги асосий ўйиннинг тактик превьюси.

Фото: Getty Images

Европа чемпионатининг якунловчи ўйини бошланишига бир неча соат вақт қолди. Узоқ кутилган финал қандай кечади? Ўйин тақдири майдоннинг қайси участкаларида ҳал бўлади?

Ўйин қарама-қарши курсларда кечиши ҳам мумкин, аммо бунинг эҳтимоли кам
Евронинг ҳал қилувчи ўйинининг тактик схемаси бир томондан очиқ финалга умид уйғотади: майдон марказида Николо Барелла — Жоржиньо — Марко Верратти учлиги турнир давомидаги Испанияга қарши ўйиндан ташқари барча ўйинларда ўйин темпини белгилаб берди. Инглизлар ўйин услуби эса бутун ўйин давомида интенсив равишда юқори прессинг билан ўйнашни назарда тутмайди (Гарет Саутгейт жамоаси фақат илк 10-15 дақиқаликда агрессив босим уюштиради), шундай экан, катта эҳтимол билан тўп назорати Италияда бўлади. Ўз навбатида, қанотларда инглизлар хавфлироқ бўлишади — чап қанотда Люк Шоу ва Раҳим Стерлинг боғлами Жованни Ди Лоренцони қийнаб қўйиши тайин, ўнг қанотда эса Букайо Сака/Жейдон Санчо/Фил Фоденлардан исталган бири ҳужум қилаётганда Эмерсон қарши туриши қийин бўлади.

Аммо бу финал. Англия 55 йилдан буён соврин ютмаган, аммо итальянлар ҳам бир неча йил муқаддам буткул инқирозга учрагандек эди. Бу эса яна бир фикрни туғдиради: ҳеч ким ортиқча таваккалчилик қилмайди ва жараённи бошқаришга уринмайди. Бутун турнир давомида Саутгейтнинг шундай ёндашувига гувоҳ бўлдик, аммо адзурри ҳам рақибга қараб мослашиши, фаол қаршилик бўлмаганида ўйин темпини пасайтириб, тўпни ўзида олиб юришини кўрдик.

Шундай экан, олдинда мухлисларни ёпиқ ўйин кутмоқда, жамоалар имкон қадар хато қилмасликка ва камдан кам имкониятлардан максимум натижа чиқаришга интилишади. Футболчилар роботлар эмас ва кимдир қайсидир вазиятда рақибдан бироз тезроқ, айёрроқ, чаққонроқ ҳаракат қилади. Кимдир бир неча лаҳзада бўшлиқ ва вақтга эга бўлиб, эпизодни ўз фойдасига ҳал қилиши мумкин.

Евронинг энг яхши дриблери захира ҳимоячисига қарши
Англияликлар ҳужумининг чап қанотида Стерлингга Ди Лоренцо қаршилик кўрсатади. Ушбу итальян гуруҳ босқичида Алессандро Флоренци жароҳат олгани туфайли асосий таркибга кириб қолганди. Унинг бирга бир вазиятларда қанчалик бўш ўйин кўрсатиши чоракфиналда Бельгияга қарши кечган ўйинда кўриниб қолганди. Ўшанда «қизил иблислар»нинг 19 ёшли вингери Жереми Доку 13 уринишдан тўққизтасида рақибни алдаб ўтган, бу ҳаракатлардан бири пенальти белгиланишига олиб келганди.

Стерлинг — эса Евродаги энг кучли дриблер. У турнир бошидан буён рақибларни 18 марта муваффақиятли алдаб ўтган. Ўйин давомида у ўнг қанотга кўчиши ва Эмерсон олдинроққа чиқиб кетишидан фойдаланиши мумкин. Испанияга қарши ўйинда «Челси»да захира футболчиси сифатида ўтирадиган Эмерсон кўп вазиятларда Микел Ойярсабалга ета олмаган, агар испанияликнинг омади келганида бир неча гол уриши мумкин бўлган эди.

Кейн орқароқдан очилиши — Кьеллини ва Бонуччи учун қўрқинчли туш
Бу ўринда яна бир бор Италия ва Испания ўртасидаги яримфинал ўйинига мурожаат қилиш керак бўлади. Ўшанда Луис Энрике Дани Ольмони алдамчи «тўққизлик»ка айлантириб, тактик юриш амалга оширганди. «Лейпциг» форварди доимий равишда италияликларнинг прессингини синдиришга ёрдамлашиб, ўз жамоаси ҳужумга ўтишини тезлаштириб берар, шунингдек, майдон марказида ромб ҳосил қилиб, Леонардо Бонуччини ўзига жалб этган ҳолда Ферран Торрес ва Ойярсабал учун ҳудудлар очиб берарди. Лекин ҳужумдаги шериклари бу имкониятлардан кўп ҳолларда фойдалана олишмади, бу кўпроқ испанлар ўйинидаги горизонтал услуб билан ҳам боғлиқ. Стерлинг ва Сака эса олдинга чопиб, тажрибали, аммо секин югурувчи Жоржо Кьеллинидан қочиб кетиш имкониятини йўққа чиқаришмайди.

Агар италияликлар чизиқ бўйлаб жойлашувни ўзгартиришмаса ва Кейнни қарши олишмаса, у Дания билан ўйиндаги каби жазолайди. Яримфинал баҳсида Кейн ўз вақтида орқароқда туриб очилган ва тўпга икки тегиниш билан данияликлар ҳимоясини ёриб ўтиб, биринчи голни яратиб берганди.

Майдон марказида икки жамоадош жанги
Италияликлар тўпга эгалик қиладиган сценарий бўлиши эҳтимоли юқори, бунда Жоржиньо катта ролни бажаради. Испанлар кучли босим ўтказиш орқали уни имкон қадар зарарсизлантиришга муваффақ бўлишганди, аммо инглизлар бошқачароқ услубда ўйнашади.

«Челси»нинг бу футболчисига алоҳида футболчи бириктириш керак бўлади. Бу вазифани унинг жамоадоши — Мэйсон Маунт уддалаши мумкин. Аммо агар Верратти майдоннинг ўз жамоаси қисмигача қайтиб, Жоржиньо билан боғлам ҳосил қилса, Маунт иккига бир вазиятда қолади. Бу ҳолатда унга Келвин Филлипс ёрдамга келиши керак. Аммо бу ўз навбатида таянч зонасида Деклан Райс ёлғиз қолиши эвазига бўлади. Схемага кўра, «Вест Ҳэм»дан фақат Бареллага қарши туриш талаб этиладигандек, аммо аслида бундай эмас.

Италияликлар ҳужумкор 3-2-5 схемасида олдинги чизиқда сон жиҳатдан устунлик қилиб, барча беш чизиқдан вакилга эга бўлишади: икки қанот, икки яримҳимоячи ва бир марказий ҳужумчи. Лоренцо Инсинье доимий равишда чап қанот яримҳимоясидан марказга кўчиб ўйнайди: у бельгияликлар дарвозасига ғалаба голини шу нуқтадан келиб урганди. Бу шуни англатадики, Райс Нголо Канте режимини ёқиши ва барчани ёпиб ташлаши талаб этилади. Ёки англияликлар муросага бориб, майдон маркази учун курашдан воз кечиши ва Жоржиньога эркинлик бериши керак, бунинг эвазига таянч зонасидаги бўшлиқларни минималлаштириш имкони бўлади.

Жоржиньога Кейнни бириктириб қўйиш варианти ҳам бор, аммо бу ҳолда Италия бошқа қуролни қўллаши мумкин — Бонуччининг биринчи паси.

Якун
Узоқ кутилган финал сари йўлдан Саутгейт нафрат, зерикарли ўйин ва Жек Грилишни захирага олгани учун футбол танқидчиларининг виртуал гулханлари аро ўтиб келди. У биринчи марта ўз тамойилларидан воз кечиши ва ҳаётидаги энг муҳим ўйинда таваккалчилик қилишини кутиш маъносиз. Шу туфайли финалда Англиянинг рақибга мослашиб ўйин олиб боришига гувоҳ бўламиз — барчаси имкон қадар хато қилмасликка, бахтсиз ҳодисалар эҳтимолини камайтиришга қаратилади.

Манчини — Италия термаси уйғониши рамзи. У Маурицио Сарри, Жан-Пьеро Гасперини ва Роберто Де Дзерби каби таниқли ҳамкасбларидан айрим кўникмаларни ўзлаштирди. У бутун дунёга Италия ҳам ҳимояни унутмаган ҳолда ҳужумкорликка урғу берувчи замонавий футбол намойиш эта олишини кўрсатди. У мағлубиятсиз ўйинлар серияси билан 90 йил олдинги рекордни янгилади.

Аммо кўҳна анъаналар ҳамон тирик, шу туфайли агар финалда Италиядан худди испанларга қарши бўлгани каби ҳимояда туриб бериш талаб этилса, адзурри футболчилари буни рисоладагидек уддалашади.

Манба: Спорт-Экспресс

Мавзуга оид

Эълонлар

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан