Жамият | 15:56 / 23.07.2021
9204
3 дақиқада ўқилади

Мутахассис бўлмаганлар аҳолини чалғитмоқда — Нурмат Отабеков вакцинация жараёни суст кечаётгани ҳақида

Шу кунгача Ўзбекистон аҳолисининг 1 млн 31 минг нафари, ёки эмланувчиларнинг 4,9 фоизи тўла эмлаб бўлинди. Битта эмлаш пункти бир кунда 70 кишини эмлаши мумкин бўлгани ҳолда 19 кишини эмлаяпти.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятларида коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият оғирлигича қолмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков «COVID-19га қарши вакциналарнинг аҳоли саломатлигига таъсири» мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

«Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 194 миллиондан ошдан, 4 миллиондан ортиқ бемор вафот этди. Албатта, бир қарашда булар бир рақам. Аммо бу рақамлар ортида жуда кўпчиликнинг фожиаси ётибди. Вазият зинҳор юмшаётгани йўқ. Ўзбекистонда ҳам коронавирусга чалинганлар сони ортиб боряпти.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятларида аҳвол оғир. 1 апрелдан бошлаб эмлаш амалиёти татбиқ этилди. Шу пайтга қадар 9,8 млн доза вакцина олиб келинди. Шундан 8,5 млн дозаси Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган вакцинадир.

Бу вакциналар тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган. ЖССТ томонидан ўзбек-хитой ва «Спутник V» вакциналарини фавқулодда ҳолатларда қўллашга кўрсатма берилган. AstraZeneca вакцинаси эса ЖССТ томонидан рўйхатга олинган.

Шу кунгача Ўзбекистон аҳолисининг 1 млн 31 минг нафари, ёки эмланувчиларнинг 4,9 фоизи тўла эмлаб бўлинди. Афсуски, битта эмлаш пункти бир кунда 70 кишини эмлаши мумкин бўлгани ҳолда 19 кишини эмлаяпти. Бунга соҳа мутахассислари бўлмаганларнинг ахборот тарқатиш имкониятидан фойдаланиб, аҳолини чалғитаётгани асосий сабаб бўлаётганини айтиш лозим.

Ягона йўлимиз аҳолини эмлаш орқали касалликни енгиш эканлигини ЖССТ такрор-такрор айтяпти», дея Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Махсус комиссия вакили мажбурий эмланиши белгиланган 14 тоифа вакиллари вакцина олишга рози бўлмаса, уларга қандай чора кўрилиши бўйича саволга жавоб берди.

«Махсус комиссия томонидан 14 тоифа шахслар эмланиши шарт қилиб қўйилганидан кейин бунга риоя қилмаганларга қандай чора кўрилиши бўйича ўрганиш учун Адлия вазирлигига топшириқ берилди.

Лекин ҳозирданоқ бир нарсани айтиб ўтиш лозим – кимдир эмланувчи тоифага кирса-ю эмланмаса, у одам жамоат жойига чиқмай туради. Дейлик у сартарош бўлса, одамлар билан мулоқотни тўхтатади, уйига боради ва эпидемик вазият барқарорлашгунича одамларга қўшилмай туради», деди Отабеков.

Мавзуга оид