Жаҳон | 13:55 / 02.08.2021
5024
3 дақиқада ўқилади

Вакцинация жараёни суст кечаётган мамлакатларда янги штаммлар хавфи жуда юқори – ЖССТ

ЖССТ махсус вакилларининг таъкидлашича, катта захирадаги вакцинага эга бўлган мамлакатлар уларни бошқалар билан ҳам бўлишиши керак. Вируснинг эмланмаган мамлакатларда тез тарқалиши, инфекциянинг кўпроқ юқадиган ва хавфли вариантлари пайдо бўлиш эҳтимолини оширади ва мавжуд дорилар самарадорлиги пасайишига олиб келиши мумкин.

Фото: DPA

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори махсус вакилларининг «Известия» газетасида эълон қилинган мақоласига кўра, COVID – 19’га қарши вакциналарнинг катта захираларига эга бўлган давлатлар уларни бошқа мамлакатлар билан ҳам бўлишиши керак.

«Кўпгина мамлакатлар вакциналар этишмаслигидан азият чекаётган пайтда ушбу дориларнинг катта захирасига эга бўлган давлатлар уларни бутун аҳолига етказиш учун йиғиб олмасликлари керак. Бу уларнинг манфаатларига ҳам тўғри келмайди. Чунки вируснинг эмланмаган мамлакатларда тез суръатларда тарқалиши, инфекциянинг кўпроқ юқадиган ва хавфли вариантлари пайдо бўлиш эҳтимолини оширади ва мавжуд дориларнинг самарадорлиги пасайишига олиб келиши мумкин», дейилади мақолада.

Шунингдек, ташкилот шифокорлар ва кексаларни эмлаш жаҳон ҳамжамиятининг асосий вазифаси бўлиши кераклигини таъкидламоқда.

«ЖССТнинг 2021 йил сентябрига қадар дунё аҳолисининг камида 10 фоизи, декабргача 40 фоизи ва 2022 йил ўрталарига келиб 60 фоиз одам вакцина олиши кераклиги ҳақидаги чақириқ ва прогнозлари ҳисобга олиниши керак», - дейилади мақолада.

Қайд этилишича, бу мақсадга эришиш учун паст ва ўрта даромадли мамлакатларда тўрт ой ичида 250 миллион кишини эмлаш керак ва бунда шифокорлар ва кўпроқ хавф остида бўлган одамлар биринчи ўринга қўйилиши лозим.

ЖССТ ва унинг СОVАХ бўйича шерикларининг вакциналардан унумли фойдаланиш ҳақидаги чақириқларига қулоқ солиш керак, деган муаллифлар. Дунё бўйлаб 3 миллиардга яқин вакциналар тарқатилган, аммо улардан фақат 90 миллиони СОVАХ орқали берилган, 60 га яқин мамлакат бу тизимдан фойдаланади, лекин у ердаги эмлаш даражаси уч фоиздан ҳам паст, дейди махсус вакиллар.

СОVАХ - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эмлаш ва иммунлаштириш бўйича глобал алянс ва эпидемияга тайёргарлик бўйича инновациялар коалицияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган халқаро тизим. Дастур шартларига кўра, кам таъминланган мамлакатлар учун юқори даромадли мамлакатлар вакциналар сотиб олиш учун пул тўлайди. Режаларга кўра, механизм доирасида 2021 йил охиригача 2 миллиард дозада вакцина ишлаб чиқарилиши ва бутун дунё бўйлаб тенг тақсимланиши керак.

Мавзуга оид