Жаҳон | 20:13 / 06.08.2021
19232
6 дақиқада ўқилади

Савдо, йўл ва сув. Тўқаев Туркманистонда нималар ҳақида гапирди?

6 август куни Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: akorda.kz

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилган саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, шунингдек, БМТ бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман иштирок этди.

Қозоғистон президенти ўз чиқишида Марказий Осиё мамлакатлари эришган муваффақиятлар ҳамда минтақадаги муҳим масалалар ҳақида сўз юритди.

Тарихий бирдамлик ҳақида

"Мустақилликнинг илк кунлариданоқ қўлни қўлга бериб, ютуқларимиздан хурсанд бўлиб ва оғир дамларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз. Ва бу табиий. Бизни кўп асрлик тарих, маънавий яқинлик, умумий урф-одатлар бирлаштириб туради. Минтақа мамлакатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликка кучли туртки бермоқда. Нур-Султон ва Тошкентда бўлиб ўтган саммитлар натижасида яқинлашувимиз мустаҳкам, изчил ва ортга қайтмайдиган тусга эга бўлди. Минтақавий ҳамкорликда юқори даражадаги ишончли мулоқот шубҳасиз, муҳим рол ўйнайди", - деди Тўқаев.

Иқтисодий алоқалар ҳақида

Қозоғистон президенти давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишига юқори баҳо берди.

"Охирги беш йил ичида Қозоғистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар алмашуви бир ярим бараварга ошиб, 4,6 миллиард долларни ташкил этди", - деб таъкидлади у.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги савдони ривожлантириш борасидаги ишларни фаоллаштириш лозим.

"Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатларига экспорт ҳажмини 1 миллиард долларгача етказиши мумкин. Минтақанинг бошқа давлатларида ҳам шундай захиралар мавжудлигига ишончим комил. Биз Марказий Осиё транспорт йўлаклари билан интеграциялашган ягона товар ўтказиш тармоғини яратиш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни таклиф қиламиз. Улгуржи-тақсимлаш ва агрологистика марказларидан ташкил топган мазкур янги инфратузилма маҳсулотларимизни Евросиё иқтисодий иттифоқи, МДҲ ва учинчи мамлакатларга мувофиқлашган ҳолда етказиш имконини беради", - деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

У Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида ташкил этилган "Марказий Осиё" савдо-иқтисодий ҳамкорлик халқаро марказини муваффақиятли намуна сифатида кўрсатди. 

Транспорт йўлаклари ҳақида

Қозоғистон президентининг фикрича, минтақа давлатлари Осиё ва Европани боғловчи кўприк вазифасини бажаради. 

"2025 йилгача Достик – Мойинти темирйўл участкасида иккинчи йўл қурилади ва тўлиқ электрлаштирилади. Натижада ушбу йўналишнинг ўтказиш қуввати беш мартага ошади. Мавжуд Қозоғистон – Туркманистон – Эрон темирйўли ҳам катта имкониятлар тақдим этади. Бу давлатларимизнинг Форс кўрфази мамлакатларига чиқиши учун энг қисқа йўлдир. Юк ташув ҳажмининг йилдан йилга ошиши Трансосиё темирйўл магистралининг жанубий йўлагини ривожлантиришни тақозо этмоқда. Масалан, Дарбаза - Мактаарал темирйўл линиясининг ишга туширилиши юк етказиб бериш муддатини 1,5 бараварга қисқартиради. Жанубий Осиё бозорларига йўл очувчи Мозори Шариф – Пешовар – Кобул темирйўлининг қурилиши ҳам истиқболли ҳисобланади", - деди Тўқаев.

Унинг маълум қилишича, Қозоғистон Оқтов порти негизида дунёнинг етакчи операторларини жалб қилган ҳолда контейнер хаби барпо этишни режалаштирган. 

"Ўзбекистон билан янги лойиҳалар фаол ишлаб чиқиш жараёнида. Биринчи навбатда, Туркистон – Чимкент – Тошкент тезюрар темирйўли қурилиши ҳақида гап кетмоқда (лойиҳа қиймати қарийб 700 миллион доллар). Аввалроқ ўзбекистонлик ҳамкорларимизга Қўриқ ва Оқтов портларига қисқа йўл очган Бейнов - Оқжигит автойўлида ётқизиш ишларини якунлагандик. Туркманбоши – Қорабўғоз – Қозоғистон чегараси автомагистрали ҳам сезиларли истиқболга эга", - деб таъкидлади Қозоғистон президенти.

Жаҳон банкининг баҳолашича, Марказий Осиёда транспорт коммуникацияларининг ривожланиши барча мамлакатлар ЯИМнинг 15 фоизга ўсишини таъминлаши мумкин.

Сув муаммоси ҳақида

Қозоғистон раҳбари сув ресурслари билан таъминланиш, минтақанинг био ва экотизимларини сақлаб қолиш муҳим вазифалардан бири деб ҳисоблайди.

"Ҳозирдан сув тақчиллиги ва қуруқ ҳаво кўринишида глобал иқлим исиши оқибатларини кўрмоқдамиз. Бу Сирдарё ҳавзасида айниқса сезилмоқда. Сўнгги икки йил ичида суғориш даврида Шардара сув омборига сув келиши 40 фоизга, Кичик Орол денгизига эса 60 фоиздан ортиқроққа камайди. Трансчегаравий дарёлар ресурсларини биргаликда самарали бошқариш, илғор технологик ечимлар учун мувофиқлашган сув сиёсатини ишлаб чиқиш муҳим. Сув Марказий Осиё учун бирлаштирувчи омил бўлиши ва асло ажратиб ташловчи ибтидо бўлмаслиги даркор", - деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Коронавирус пандемияси ҳақида

"Тўплаган тажриба ва илмий-тадқиқот ишланмалари билан бўлишишга тайёрмиз. Туркманистон президентининг вирусология ва эпидемиология марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз. Дарҳақиқат, мазкур муҳим соҳада илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш керак. Шу кунларда Қирғизистонга қозоқ вакцинаси юборилди. Шунингдек, Россиянинг "Спутник V" вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди", - деди Қозоғистон раҳбари.

"Асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган, фаровон минтақага айлантириш. Дўстлик, аҳил қўшничилик ва ўзаро ишонч руҳида барча қийинчиликларни енгиб ўтишимиз ва бу мақсадга эришишимизга ишонаман", - дея хулоса қилди Қозоғистон президенти.

Мавзуга оид