АҚШнинг Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz'ga берган интервьюсида хусусийлаштириш жараёнидаги нозик нуқталар ҳақида сўзлаб берди.

“Умуман, 1991 йилдан де-юре мамлакатда хусусийлаштириш жараёни кетмоқда. Қачондир ҳамма нарса давлатники бўлган, ҳозир эса кўп нарсалар хусусий. Баъзи мулкларни хусусийлаштириш 5-6 марта амалга оширилган. Бунга яна қайта миллийлаштириш сабаб бўлган.

2017 йилдан кейин мамлакатда хусусийлаштириш тезлашдими деган саволга аниқ жавоб бера олмайман, чунки 1991-1997 йилларда бу жараён тезроқ амалга оширилган. Буни ўша пайтларда ҳаттоки оддий новвойхоналар ҳам давлатники бўлгани билан ҳам изоҳлаш мумкин”, – дейди у.

Иқтисодчининг айтишича, хусусийлаштиришнинг асосий мақсади – самарадорликни ошириш. Буни эса тўғри ташкил этилган аукционлар орқали амалга ошириш керак.

“Бунда корхоналар ёки мулк самарасиз давлатдан самараси кўпроқ одамга топширилиши керак. Бу жараён адолатли ва шаффоф бўлишида ундаги элементлар жудаям муҳим.

Албатта, хусусийлаштиришнинг энг яхши методи бу – аукцион қилиш. Энг ёмон методи эса субъектив хусусийлаштириш ёки адабиётларда “гўзаллик танлови” дейилади. “Гўзаллик танлови”нинг ёмон томони – хусусийлаштириш бюрократларнинг субъектив фикри натижасида амалга оширилишидир. Бу жараёнда улар ўз ақлига таяниб корхоналарни танлашади.

“Гўзаллик танлови” – Ўзбекистонда жудаям кенг тарқалган ва уларда давлат мулкларининг хусусийлаштирилиши субъектив тарзда амалга оширилган. Бюрократлар қайсидир мулк айнан қайсидир корхонага берилишини белгилашган ва бошқа потенциал харидорлар ҳақида маълумотга ҳам эга бўлмаганмиз.

Аукцион – иштирокчилар маълумлиги ва нархлар кўрсатилиши сабабли анча шаффофроқ ва бу энг яхши хусусийлаштириш методи. Шу билан бирга, аукционларнинг турли хил кўринишлари мавжуд ва улар бир-биридан фарқ қилади.

Ким кўп маблағ таклиф қилса, сотилаётган буюм ўшанга бериладиган инглиз аукционини олайлик. Бунда бир киши 100 сўм, иккинчиси эса 200 сўм таклиф қилса, мен ўз мулкимни 200 сўм бермоқчи бўлган одамга сотаман. Аммо давлат ёки сотувчи бу буюмнинг асл нархини баҳолай олмайди. Чунки одамларнинг қанча пул таклиф қилиши мумкинлигини билиш имконсиз. Давлат 300 сўмга баҳолаётган мулкни, харидор 1000 сўмгаям баҳолаши мумкин. Кимошди савдода ҳам одамлар етарлича бўлмаса, мулкни арзонроқ сотиб олиш мумкин. Сиз 1000 сўмга сотиб олишга рози бўлсангиз, бошқалар 200 сўм таклиф қилса, сиз 210 сўм таклиф қилиб, сотилаётган мулкни анча арзонга ҳам олишингиз мумкин. Бу – давлат учун муаммо, чунки арзон сотиляпти.