АҚШнинг Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz'га берган интервьюсида соҳаларни ривожлантиришга берилаётган имтиёзлар ва уларнинг иқтисодиётга таъсири, маҳаллий бюджетларнинг бир қисми фуқаролар таклифлари асосида тақсимланиши ва хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида атрофлича сўз юритди.

Тўлиқ интервьюни юқоридаги видеода томоша қилинг. Қуйида эса суҳбатнинг биринчи қисми матн шаклида тақдим этилади. Унда турли тармоқларни ривожлантириш учун имтиёзлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳақида сўз боради.

Имтиёзларнинг кўплиги бозордаги мувозанатни бузади, дейди суҳбатдошимиз.

“Бирор соҳага имтиёз бериш – қаерга пул тикишни бозордан кўра мен яхшироқ биламан дейишга тенг”

— Иқтисодиётнинг у ёки бу соҳасига имтиёз ва преференциялар берилишининг иқтисодий оқибатлари қандай бўлиши мумкин? Чорвачилик ёки паррандачилик каби тармоқларга имтиёзлар берилиши бу соҳаларнинг келгусида ривожланиб кетишига сабаб бўла оладими?

— Қонуният тариқасида, истиснолар ва имтиёзлар яхши нарса эмас. Лекин баъзан мантиққа асосланган ҳолда имтиёзлар тақдим этилиши ҳам мумкин.

Баъзи бир хил алоҳида имтиёзларнинг кўлами кичкина бўлгани учун умумий иқтисодиётга таъсир ўтказмаса-да, кўлами катта имтиёзларнинг салбий таъсири бор. Ўзи, имтиёзлар берилишининг сабаби – ўша соҳага етарлича пул кириб бормаяпти, деб ҳисоблаш. Имтиёзлар ўша соҳага кўпроқ маблағларни жалб қилиш учун тақдим қилинади. Бунинг фалсафий илдизи шундаки, бирор соҳага имтиёз бериш – қаерга пул тикишни бозордан кўра мен яхшироқ биламан дейишга тенг.

Бир соҳага имтиёзларнинг берилиши бошқа соҳалардан инвестиция ва маблағларни, инсон капиталини камайтириш ҳисобига амалга оширилади. Биз қайсидир соҳага имтиёз берсак, инвесторлар шу соҳага пул тикишни бошласа, улар бошқа соҳаларга ажратиши мумкин бўлган пулни ушбу соҳага ажрата бошлашади, яъни сунъий тарзда бозор мувозанати бузилади.

Хўш, қандай ҳолларда имтиёз бериш мумкин? Бу ўринда бозорда йўқ бўлган нарсаларни айтиш мумкин. Кўплаб иқтисодий хатти-ҳаракатларимизнинг ташқи таъсирлари бор; масалан, мен бир маҳсулотни ишлаб чиқарсам, экологияга салбий таъсир кўрсатаман, ана шу салбий жиҳат – ташқи таъсир.

Бу ташқи таъсирнинг жамиятга етказаётган зарари менинг бухгалтерлик ҳисоб-китобларимда акс этмайди. Мен 100 сўмга олиб, 50 сўм харажат қилиб, 200 сўмдан сотяпман ва 50 сўм фойда кўряпман, деб ҳисоб-китоб қиламан, ваҳоланки мен 50 сўм фойда қилаётган бўлсам-да, шу 50 сўмни деб жамиятга 100 сўмлик зарар келтираётган бўлишим мумкин. Мана шу нарса – ташқи таъсирлардир.