Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) жаҳон иқтисодиёти бўйича ўз прогнозини яхшилади. Жорий йил охирида жаҳон ялпи ички маҳсулоти 3,1 фоизга ошиши мумкин, дея хабар берди ташкилот 2 май, пайшанба куни. Феврал ойидаги прогнозда ўсиш 2,9 фоизни ташкил этиши кутилган эди.
ИҲТТ маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар 2024 йилда глобал иқтисодий ривожланишнинг асосий мотори бўлади. Бу мамлакатда у ялпи ички маҳсулотнинг 2,6 фоиз ўсишини кутмоқда, бу аввалроқ тахмин қилинган 2,1 фоиз кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори.
Германия иқтисодиёти атиги 0,2 фоизга, евроҳудуд - 0,7 фоизга ўсади
Шу билан бирга, Германия иқтисодиёти атиги 0,2 фоизга ўсади, бу ИҲТТнинг феврал ойидаги прогнозидан 0,1 фоизга камдир. Бутун евроҳудуд доирасида иқтисодий ўсиш суръати, ташкилот маълумотларига кўра, 0,7 фоизни ташкил этади (аввалги прогнозда – 0,6 фоиз).
Шу билан бирга, ИҲТТ Хитой ва Ҳиндистон, шунингдек, Россияда ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини яхшилади. Унинг экспертлари фикрича, 2024 йилда Россия иқтисодиётининг ўсиши 2,6 фоизни ташкил қилади. Феврал ойида улар Россия Федерациясида 1,8 фоиз ўсишни кутишган. Хитой иқтисодиёти, 4,9 фоизга ўсиши мумкин (илгари 4,7 фоиз деб тахмин қилинган эди).
Умуман олганда, ИҲТТ ҳисоботида қайд этилишича, глобал иқтисодиётда «эҳтиёткор оптимизм» кузатиляпти. Бироқ, жиддий геосиёсий кескинлик ва хавотирлар, хусусан, энергетика ва молия бозорлари билан боғлиқ хавфлар сақланиб қолмоқда.

















