22:41 / 14.08.2021
17378

“Собиқ совет мамлакатларида таълим мустақил фикрлашни ўргатмайди” — Френсис Фукуяма

“Сиз марказий осиёликлар тақдим этилган фикрни шубҳа остига олишга, очиқ фикр билдиришга, мустақил фикрлашга ўргатилмагансизлар. Менимча, Ғарбий Европанинг иқтисодий муваффақияти сири ҳам шунда эди: улар ҳокимиятни сўроққа тута оладиган интеллектуал маданиятни жуда эрта ривожлантира олган”, – дейди Стенфорд университети профессори.

Фото: YouTube/Hoshimov Iqtisodiyoti

Профессор Френсис Фукуяма – АҚШнинг Стенфорд университети қошидаги, Фриман Спогли номидаги Халқаро тадқиқотлар институтининг катта илмий ходими. У мазкур институт ҳузуридаги Демократия, тараққиёт ва қонун устуворлиги марказининг директори.

Таниқли олим иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг “Ҳошимов иқтисодиёти” лойиҳасига берган интервьюсида Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг ривожланишига оид фикрлари билан ўртоқлашди.

Қуйида Фукуяманинг интервьюдаги фикрларидан айрим парчалар келтириб ўтилади.

“Иқтисодий ўсиш инсон капиталининг ривожланишига боғлиқ”

— Ўзбекистон иқтисодий ўсиши бўйича баъзи қўшниларига қараганда унчалик ёмон натижага эришмади. Aммо менимча, ўсиш барқарор эмас, чунки у нисбатан кам миқдордаги хомашё товарларига асосланган.

Ўйлашимча, жамиятнинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиши кўп ҳолларда инсон капитали ривожланишига боғлиқ. Бу масала эса асосан таълимга бориб тақалади.

Ўзбекистоннинг Узоқ Шарқ, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги ўзаро боғловчи вазифасини бажариш потенциалидан фойдаланиш масаласи. Хабарингиз бор, Ўзбекистон – Си Цзинпиннинг “Бир камар – бир йўл” ташаббусининг бир қисми. Келажакда мазкур йўналиш бўйлаб қайта ишлаш терминали сифатидаги фаолият ўсишнинг бир манбайи бўлиши мумкин.

Aммо ҳақиқатан ҳам ҳар қандай жамиятнинг ўсиши унинг одамлари, уларнинг олган билим даражаси ва ташқи дунё билан алоқаларига боғлиқ. Ўзбекистондаги асосий муаммо мана шу масалада бўлади деган фикрдаман.

Институтларни ислоҳ қилмай туриб, инсон капиталини қандай яхшилаш мумкин?

— Баъзан жуда кучли сиёсий институтлари йўқ, асосан хомашё ишлаб чиқарадиган мамлакатларда ҳам ўсишни кузатиш мумкин. Институтлар эса баъзан кейинроқ пайдо бўлиши мумкин. Бундай жараёнлар қатъий кетма-кетлик асосида содир бўлиши шарт эмас.

[...] Мамлакат ривожланиши жараёнида содир бўладиган ҳодисалардан бири – инсон капиталининг ўсиши. Тараққиёт давомийлигини таъминлаш учун сизга университет таълимини олган, умумий саводхонлик даражаси, базавий математика ва бошқа шунга ўхшаш кўникмаларга эга инсонлар керак бўлади. Муваффақиятли модернизацияга эришган ҳар қандай жамият ўз аҳолисида ушбу кўникмаларни ривожлантиришга эътибор қаратган, деб ўйлайман. Менимча, булар – узоқ муддатли ривожланишга олиб борувчи баъзи омиллардир.

Лекин бу – аввал институтлар яратилиб, кейин ўсиш автоматик равишда рўй беради дегани эмас. Чунки кўплаб Европа мамлакатларида бундай бўлмаган. Улар кўп жиҳатдан заиф институтларга эга бўлсалар-да, жуда тез суръатлар билан ўсишга эришганлар.

Шу сабабли муайян масалага қатъий кетма-кетлик асосида ёндашиш шарт эмас деб ҳисоблайман.

[...] Шуни назарда тутиш керакки, инсон капитали – иқтисодий ўсишнинг муҳим шартларидан бири. Бироқ демократия масаласи бироз мураккаброқ.

Танқидий фикрлашни ўргатмайдиган таълим

— Таълим танқидий фикрлашни шакллантирадиган бўлиши керак, деб ўйлайман. Биласизми, кўп одамлар собиқ совет иттифоқида олим ёки муҳандис бўлиш учун таълим олишган, аммо уларга бу маҳоратларни механик тарзда ўргатишган. Масалан, сиз шунчаки маърузаларни тинглайсиз, маълум деталларни ёдлайсиз, формулаларни қўллайсиз. Ва таълим асосан шундан иборат бўлган.

Сизлар [Марказий Осиё одамлари – таҳр.] тақдим этилган фикрни шубҳа остига олишга, очиқ фикр билдиришга, мустақил фикрлашга ўргатилмагансизлар. Ва менимча, Ғарбий Европанинг иқтисодий муваффақияти сири ҳам шунда эди: улар жуда эрта босқичда – Ўрта асрларда, Уйғониш даврининг бошларида, кейин эса протестант ислоҳотидан сўнг ҳокимиятни сўроққа тута оладиган интеллектуал маданиятни ривожлантирдилар.

Масалан, бу – “Мен шахс сифатида ўз фикрларимга эгаман ва ўз фикрим билан бўлиша оламан” дейиш. Мен билан ишлаган Украина, Грузия ва собиқ коммунистик давлатларнинг бошқа қисмларидан келган кўплаб ёшларда бунинг гувоҳи бўлганман. Улар маданий жиҳатдан маълум маънода жуда европалашган. Aммо уларга ҳали ҳам фикрлаш мустақиллиги етишмаяпти.

80 йиллик савол: демократия иқтисодий ўсишни келтириб чиқарадими ёки иқтисодий ўсиш демократияни?

— Менимча, демократиянинг ўзигина ўсишга сабаб бўлганини кўрсатиш қийин. Тез суръатлар билан ривожланган муваффақиятли авторитар мамлакатлар ҳам бўлган, масалан, Сингапур ва Хитой. Тайван ва Жанубий Корея – иккаласи ҳам диктатура бўлган кезларнинг дастлабки кунлариданоқ жуда тез ўсди. Ва менимча, бу ўсиш учун ёмон эмас, чунки дунёдаги энг бой мамлакатлар демократикдир, лекин мен тараққиёт ва демократия ўртасида етарли даражада боғлиқлик йўқ деб ўйлайман.

Модернизация назарияси мавжуд бўлиб, унга кўра, тараққиёт сиёсий иштирок (political participation) учун талабни туғдириши керак.

Одамлар кўпроқ маълумотга эга бўлишлари билан, мулкка эгалик қилишни бошлаганларида, улар кўпроқ ўрта синф бўлиб, ўзларининг ҳукуматларида бирор бир жавобгарлик бўлишидан манфаатдор бўлади. Ва бу – Жанубий Кореяда ва Тайванда уларнинг аҳолиси яхши маълумотга эга бўлгани ва саноатлашгани сайин содир бўлган ҳодисалардан бири.

Бундан кескин фарқ қиладиган мисол бу – Хитой. Чунки Хитой ҳақиқатан ҳам Тайван ва Жанубий Кореянинг 1980-йилларда демократизациялашган нуқтасини босиб ўтди. Бу икки давлат ўша пайтда ҳозирги Хитойдан камбағалроқ бўлган бўлса-да, Хитойдаги ўрта синфнинг демократияга талаби анча паст. Лекин бу назария нотўғри эканини англатмайди. Бу кўплаб бошқа – аҳоли демократияни талаб қиладими ёки ўрта синф мақомига эгами-йўқми каби омиллар мавжудлигини англатади.

Бир нечта сиёсатшунослар томонидан ўрганилган масалага кўра, сиз аҳоли жон бошига даромаднинг исталган даражасида демократияга ўтишингиз мумкин, лекин харид қобилияти паритети 10 минг – 12 минг долларга яқинлашдими, бу нуқтадан ортга қайтиш, яъни демократиядан авторитар тизимга ўтиш жуда кам ҳолларда учрайди.

Афсуски, ўша даражадан юқори қийматга эга бўлса-да, ривожланиш ортга қараб кетаётган Венгрия ва Польша каби давлатларни биламиз. Юқоридаги қоида 15-20 йил аввал бўлгани каби ҳозир ҳам кучли эканига шубҳам бор.

Профессор Френсис Фукуяма – собиқ совет мамлакатларининг ривожланиш тенденцияларини ўрганган олим. АҚШнинг Стенфорд университети қошидаги, Фриман Спогли номидаги Халқаро тадқиқотлар институтининг катта илмий ходими. У мазкур институт ҳузуридаги Демократия, тараққиёт ва қонун устуворлиги марказининг директори ва Стенфорд университетининг сиёсий фанлар кафедраси профессори ҳисобланади.

Олим 1992 йилда нашрдан чиққан “Тарих интиҳоси ва сўнгги одам” (The end of history and the last man) китоби билан ном қозонган.

Фукуяма тараққиёт ва халқаро сиёсат мавзуларидаги мақола ва китоблари билан жаҳон миқёсида таниқли олимлардан саналади.

Top