Ўзбекистон | 19:48 / 18.08.2021
6228
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Меркель билан фуқароларни Афғонистондан Ўзбекистон орқали эвакуация қилиш жараёнини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 18 август куни Германия канцлери Ангела Меркель билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбатда етакчилар икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни кўриб чиқди ҳамда Афғонистондаги воқеаларнинг ривожланиши нуқтаи назаридан минтақадаги жорий вазият юзасидан фикр алмашди.

Ушбу мамлакатда кескинлик ва зўравонликнинг авж олишига йўл қўймаслик, шунингдек, афғон можаросини сиёсий йўл билан тартибга солишни халқаро ҳамжамият томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларида икки мамлакатнинг позиция ва ёндашувлари мос экани алоҳида таъкидланди.

Фуқароларни Афғонистондан авиация транспортида Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит йўли билан Германияга эвакуация қилиш бўйича гуманитар операцияларни амалга оширишда яқиндан мувофиқлашувни ва фаол идоралараро ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.

Минтақадаги вазиятнинг янада ривожланиши бўйича олий ва юқори даражадаги мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан Афғонистондаги сиёсий вазиятни муҳокама қилганди.

Мавзуга оид