«Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2-босқич якунларига кўра, жами 41 125та таклиф келиб тушди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.
Таклифларни кўриб чиқиш жараёнида 19 289таси белгиланган мезонларга мос келмагани сабабли ишчи гуруҳ томонидан рад этилган бўлса, қолган 21 832та таклиф белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, 3-босқич, яъни овоз бериш жараёнига ўтказилди.
Молия вазирлиги департаменти директори Шерзод Муҳамедовнинг сўзларига кўра, таклифлар маъқулланиши учун 2та мезонга тўғри келиши керак эди:
- Таклиф суммаси 1 млрд сўмдан ошмаслиги;
- Шахсий манфаатга қаратилган бўлмаслиги.
«Шу мезонларга тўғри келадиган таклифлар 21 832тани ташкил этди. Навбатдаги босқичда ташаббуслар овоз йиғиши керак бўлади. Овоз бериш 1 сентябрга қадар давом этади. Бунинг учун «Очиқ бюджет» платформасига кириб, ўз ҳудудидан қолдирилган ташаббусга лайк босиш ёки овоз бериш керак. Ташаббусни Facebook, Telegram’га улашиш имкони ҳам бор. 13 августдан бошлаб эса 20 кун давомида таклифларга овоз бериш жараёни ўтказилади», дейди у.
«Таклифлар 40 баробар ўсди, буни кутмаган эдик»
Блогер Хушнуд Худойбердиевнинг «Ташаббусли бюджет» мавзусида ўтказган овозли чатида молия вазири ўринбосари Aҳадбек Ҳайдаров аҳолидан келиб тушган таклифлар 41 мингдан зиёдни ташкил этганига тўхталди.
«Лойиҳа бошланган пайтда келиб тушган таклифлар сони 1100та эди. Бугунги кунда уларнинг сони 41 125тага етди. Таклифлар суммаси 13 трлн сўмдан ошиб кетди. Биргаликда ҳаракатларимиз ортидан аҳоли «Ташаббусли бюджет» платформасида таклиф қолдиришда фаол бўлди.
Қизиқ маълумот шуки, одамлардан энг кўп келиб тушаётган таклифлар, асосан, ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилган, таклифлар аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни кўрсатиб берди.
Ташаббуслар кесимида ички йўлларни таъмирлаш (1 150), ичимлик сув (552), ижтимоий соҳа объектларини таъмирлашни (1245) ташкил этди», дейди у.
Шунингдек, вазир ўринбосари 3-чорак якунида ташаббусли бюджет учун ажратилган маблағ 400 млрд сўмга етказилишини билдирди.
«Жорий йилнинг бошида 157 млрд сўм аҳолига ташаббусли бюджет учун ажратилганди. Ҳозир бу маблағ 286 млрд сўмни ташкил қилмоқда.








