Иқтисодиёт | 15:00 / 26.08.2021
17685
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Россияга мева экспорти кескин камайди

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг Россияга мева экспорти 10 фоизга камайди. Бунга асосий сабаб сифатида иқлим ўзгариши кўрсатилмоқда.

2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг Россия мева бозоридаги ўрни қисқарган. 2021 йилнинг дастлабки олти ойи натижаларига кўра, Россиянинг энг йирик мева етказиб берувчилари рейтингида Ўзбекистон 14-ўринга тушиб, етказиб бериш ҳажми бўйича 10 фоиз, қиймат бўйича эса 3 фоиз пасайиш кузатилган. Бу ҳақда East Fruit хабар бермоқда.

Пасайишнинг асосий сабаби 2021 йилда Ўзбекистонга таъсир кўрсатган иқлим ўзгаришидир. 2021 йил февраль ойида ҳавонинг кескин исиши мевали дарахтлар жуда эрта уйғонишига сабаб бўлган, сўнгра совуқнинг икки тўлқини кузатилди. Баҳорги аёз етказган зарар натижасида Ўзбекистонда ўрик ҳосили энг кўп зарар кўрган ва унинг Россияга экспорти қарийб етти баробар камайган. Шафтоли ва нектарин экспорти 41 фоиз (июнь охири ҳолатига кўра)га, майиз экспорти 16 фоизга, лимон экспорти 28 фоизга ҳамда олхўри экспорти деярли икки баравар қисқарган. Шунингдек, экспорт таркибида сархил олма 44 фоиз, узум 68 фоиз, ёнғоқ 66 фоиз ва қовун 9 баробар камайгани қайд этилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон тарвуз ва гилос экспортини кескин оширишга муваффақ бўлган. Россияга гилос экспорти 2,6 баробар, тарвуз экспорти эса 4,2 баробар ошган. Шу билан бир қаторда, республика ушбу мевалар экспортни ошириш учун уларнинг нархини пасайтиришига тўғри келган. Хусусан, тарвузнинг экспорт нархи 2020 йилга нисбатан бирданига 62 фоизга тушган.

Умуман олганда, 2021 йилнинг биринчи ярмида Россия мева импортини 3,2 фоизга оширди. Етказиб бериш бўйича Эквадор етакчи бўлиб қолди. Туркия, Миср ва Жанубий Африка ўз позицияларини яхшилади – бу давлатларнинг ҳар бири экспортни 10-17 фоизга оширди. Сербия барқарор экспорт ҳажми билан бешинчи ўринда қолди.