Маълумот учун, ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев “Юристкадр” Telegram-канали асосчиси сифатида соҳа вакилларига таниш.

— Янги қонун қабул қилинганидан кейин фуқароларда “қонун ҳаммага тааллуқлими?” деган савол келиб чиқяпти. Қонунда нималар назарда тутилган?

— Янги қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига алоҳида ўзгартиш киритилди. Бу янги қонунни кўпчилик мажбурий эмлаш, оммавий эмлаш, аҳолининг барча қатламига дахлдор деб тушуняпти.

2021 йил 3 августда қабул қилинган қонун билан Меҳнат кодексига ҳамда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ерда эмланиш билан боғлиқ талаб аҳолининг барча қатламига тегишли эмас. Меҳнат кодексининг 113-моддасида карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда ходим ишдан четлаштирилиши мумкин, дейиляпти.

Яна бир нарсага тўхталишим керак, бу аслида ҳамма ходимларга ҳам тегишли эмас. Бош давлат санитария врачининг 2021 йил 17 июлдаги қарорида аҳоли билан мулоқот қиладиган барча хизмат кўрсатиш объектлари, шу жумладан қўшимча 13та соҳада фаолият юритадиган ходимларнинг мажбурий эмланиши назарда тутилган. Яъни, бу ерда аҳоли билан кўп мулоқот қиладиган ва аҳолига вирус юқтириш хавфи юқори бўлган соҳа вакиллари назарда тутилган.

Рўйхатнинг 1-қаторида бир қанча соҳалар – давлат хизматлари марказлари, нотариал идоралар, ФҲДЁ идоралари, суғурта компаниялари, банклар ва ҳоказо идоралар келтирилган.

— Амалиётда иш берувчилар ишдан четлаштиришни ишдан бўшатиш деб тушуниб, меҳнат шартномасини бекор қилаётган ҳолатлар ҳам бор экан. Бу иккала тушунчанинг бир-биридан фарқини тушунтириб бера оласизми?

— Эмлаш ва четлаштириш масаласи жуда кўп тушунмовчиликларга сабаб бўляпти. Четлаштириш асло ишдан бўшатиш эмас. Ишдан бўшатиш бошқа нарса, четлаштириш бошқа нарса.

Ишдан четлаштириш масаласига келадиган бўлсак, бу Меҳнат кодексининг 113-моддаси билан мустаҳкамланган алоҳида талаблар ҳисобланади. Ишдан четлаштириш – бу иш берувчининг шундай ташаббусли ҳаракатики, меҳнат фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қиладиган сабаблар туфайли ўша сабаблар бартараф этилмагунча, ходимни ишга қўймайди.