Айтиш мумкинки, туманда байрам тантаналари аллақачон бошланиб кетди. Ҳар куни кечқурун мазкур майдонда ватанпарварлик мазмунидаги куй-қўшиқлар янграмоқда, туманнинг истеъдодли ёшлари ўз қобилиятларини намойиш қилмоқда.

Паст Дарғом туманида юрт Мустақиллигининг ўттиз йиллигига алоҳида тайёргарлик кўрилди. Барча тизим-тармоқларда қайсидир маънода ўсиш ва ижобий ўзгаришлар бўлди.

Жорий йилнинг ўзида инвестиция дастурига асосан туманда 25,8 миллиард сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан жами 3 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши режалаштирилганди. Хусусан, 21 ва 74-мактаб биноларини реконструкция қилиш ҳамда Камолот маҳалласи Янгиравот массивидан янги мактаб биноси қурилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Шунингдек, туман прокуратураси, департамент ва мажбурий ижро бюроси комплекс бинолари қурилиши учун 8,5 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ўқувчи фарзандларимиз ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун Нуробод тумани Оқсой маҳалласи ҳудудидан 4 гектар ер майдони олиниб, 220 ўринли янги болалар оромгоҳи қурилиш ишлари давом этмоқда.

Фурқат маҳалласи ҳудудидан намунавий лойиҳалар асосида 80 хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланган. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси қошидаги “Бунёдкор Обод Пастдарғом” ДУК томонидан янги тартибда 4 та кўп қаватли 240 хонадонли (субсидия асосида) кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда. Ўйлаймизки, ушбу турар жой массивлари нафақат аҳолимизнинг уйга бўлган эҳтиёжини қондиради, балки архитектуравий жиҳатдан ўзига хослиги билан ҳудуд кўркига кўрк қўшади.