Жаҳон | 22:15 / 30.08.2021
31285
6 дақиқада ўқилади

АҚШга вайронкор «Ида» ёпирилди. Уни 2005 йилги «Катрина»га қиёслашмоқда

Атлантика океанида юзага келган «Ида» довули Американинг Луизиана штати қирғоқларига ёпирилди. Қарийб миллион киши электрсиз қолган, штатнинг аҳоли энг кўп яшовчи шаҳри - Янги Орлеан зулматга чўмган.

Тўфон Луизиана штатининг икки шаҳри - Янги Орлеан ва Батон-Руж орқали ўтмоқда
Фото: AP/ТАСС

АҚШ Бўронларни кузатиш миллий маркази (NHC) якшанба куни шамол тезлиги соатига 240 километрга етгани, Саффир-Симпсон шкаласи бўйича тўфон тўртинчи даражага чиққани (бешдан) ҳақида маълум қилганди.

Душанба куни «Ида» сусайиб, биринчи даражагача тушган, айни вақтда шамолнинг барқарор тезлиги, марказ маълумотларига кўра, соатига 120 километрга тенг бўлмоқда.

Табиий офатдан бир киши ҳалок бўлгани маълум: Луизиана штати маркази яқинидаги Батон-Ружда уйини дарахт босиб қолган эркак ҳалок бўлган.

«Ида» довули Янги Орлеаннинг сув тошқинларидан ҳимоя тизими учун синов вазифасини ўтаб бермоқда, бу тизим 2005 йил рўй берган ва 1800 кишини ҳаётдан олиб кетган «Катрина» тўфонидан кейин модернизация қилинганди.

Луизианада миллиондан ортиқ киши электрсиз қолди

АҚШ президенти Жо Байден Луизиана штати ҳудудида йирик табиий офат рўй бергани ҳақида эълон қилиб, маҳаллий ҳукуматга «Ида» тўфонидан жабрланган ҳудудларни тиклаш учун федерал миқёсда ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берган.

poweroutage.us портали маълумотларига кўра, Луизиана штатида 980 минг, қўшни Миссисипи штатида 29 мингдан ортиқ киши электр токисиз қолган.

Энергия таъминотини тиклаш учун бир ҳафта вақт кетиши мумкин.

«Ида» номини олган тропик бўрони ўтган ҳафта давомида Кариб денгизи ҳудудида шаклланиб, Куба ғарбидан Мексика бўғози жануби томон ҳаракатланиб тўфон даражасига чиққанди.

Тўфон штат соҳилларига етган вақт, бу вақтда шамол тезлиги соатига 150 милга етди (240 км/с.дан ортиқ). Фото Халқаро космик станциядан олинган. Фото: Zuma\ТАСС

«Қайғусиз шаҳардаги қўрқув»
Нада Тавфиқ, BBC, Янги Орлеан

Янги Орлеан зулматга чўмиши ваҳимали ҳиссиётларни уйғотди. Машҳур Француз квартали кўчалари қолдиқлар ва синиб тушган дарахт шохлари билан тўлиб-тошган.

Кўчада туриш оғриқли. Ёмғир ва тезлиги соатига 100 километрдан ортиқ тезликдаги шамол аҳён-аҳёнда пайдо бўлаётган йўловчиларни йиқитгудек. Шаҳар аҳолисининг катта қисми расмийларнинг огоҳлантиришларига қулоқ тутган ва уйда қолган. Улар ўзаро суҳбатда тўфонлар уларнинг ҳаётининг бир қисми эканини айтишади. Улар Янги Орлеанда яшаш тақдим этаётган бошқа имтиёзлар эвазига шундай муроса қилишади.

Шу билан бирга, унутмаслик керакки, кейинги довул янада вайронкор бўлиб чиқиши мумкин.

Кеннет МакГрудер 30 йилдан буён шу ерда яшаб келмқда. «Катрина» вақтида уни эвакуация қилишган. Қайтганида у уйини ер билан битта ҳолда кўрган. Бу қария ўша вақтда жуда оғир аҳволга тушганини айтади.

«Ида» кучайгандан кучаймоқда ва МакГрудер бу сафар бошқа жойга кетишга улгурмаслигига амин бўлган. У энди шаҳарнинг тўфон оқибатларини енгиллаштириши айтилган янги инфратузилмасига умид қилишига тўғри келади, аммо қўрқув йўқолмайди.

Brandon Bell / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA
Янги Орлеанга довул билан кучли шамол ҳам кириб келди
Фото: Scott Olson/Getty Images

«Ида» ушбу ҳудудга хотиралардан йўқолмайдиган ва вайронкор бўлган «Катрина» тўфонининг 16 йиллигида ёпирилди.

  • 2005 йилда АҚШ жануби фалокатли «Катрина» довули исканжасида қолган эди. Довул 1,8 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган ва 125 млрд доллар зарар етказган.

Ўшандан буён сув тошқинларидан ҳимояланиш чоралари кўрилган - янги тўғонлар қурилишига миллиардлаб доллар сарфланган. Ҳозирча улар иш бермоқда, шунда ҳам Янги Орлеан расмийлари ҳар эҳтимолга қарши кутилмаган сув тошқинлари ҳақида огоҳлантирган.

«Шубҳа йўқки, яқин кунлар ва олдиндаги ҳафта штатимиз учун оғир кечади, кўпчилик оғир синовлар билан тўқнашади. Аммо айтишим мумкинки, штат ҳар қачонгидан кўра жиддийроқ тайёргарлик кўрган», деди штат губернатори Жон Бел Эдвардс. У «Ида»ни 1850 йилдан буён штат тарихидаги энг кучли бўрон деб атади.

Кучли шамол Мексика кўрфази қирғоқлари яқинида жойлашган Кат-Офф шаҳридаги шифохона томини учириб юборган. Шифохона вакили бинога жиддий зарар етгани, аммо беморлар жабрланмаганини маълум қилган.

АҚШ Миллий метеорология хизмати твиттерида Янги Орлеан аҳолисига шундай тавсия берилган: «Ёпиқ иншоотлар ичкарисида ёки деразаси йўқ хоналарда қолинг ва у ерни тарк этманг».

Луизианадаги шифохоналар Covid-19 эпидемияси туфайли шусиз ҳам катта юклама билан ишламоқда. Штат касалланиш ҳолатлари кўплиги бўйича АҚШда учинчи ўринда бормоқда.

Одатда тўфон хавф солиши мумкин бўлган ҳудуддаги шифохоналар эвакуация қилинади, аммо бу сафар қирғоқдан узоқроқда жойлашган тиббий муассасаларда ҳам бўш ўринлар жуда кам қолган.

«Бу беморларни олиб боришимиз учун жойнинг ўзи йўқ. Штат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам», деган губернатор Эдвардс.

«Ида» туфайли Мексика кўрфазида нефть қазиб олиш деярли бутунлай тўхтаган.

Ҳудудлардан вайронкорлик ҳақида кўплаб хабарлар келмоқда, аммо зарар кўлами ҳозирча маълум эмас
Фото: Scott Olson/Getty Images

Мавзуга оид