“Сўз эркинлиги - биз эъзозлайдиган сўзсиз қадрият. Ўзбекистонда сўз эркинлиги эълон қилиниши яхши тушунган ҳолда қабул қилинган сиёсий қарор эди. Бу мамлакатни бутунлай ўзгартириб юборган қарор бўлди. Биз нафақат дунёга очилдик ва глобал кун тартибида қатнаша бошладик. Биз мамлакат ичида одамлар ва ҳокимият ўртасидаги тўсиқларни олиб ташладик. Сиёсий жараёнларнинг сукунатидан қутулдик”, деди Комил Алламжонов.
Унинг таъкидлашича, мамлакатда цензура тақиқланган, шунингдек, журналистларнинг ишига аралашиш ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ман этилган.
“Ва бу энди шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас. Ўзбекистон журналистлар ҳамжамияти бу қонунларнинг бажарилишини жуда қаттиқ назорат қилади. Таҳририятга қилинган ҳар қандай босим ҳолати дарҳол жамоатчиликка маълум бўлади ва камдан кам шахс материални олиб ташлаш талаби билан таҳририятга қўнғироқ қилмоқда.
ОАВ юқоридан бўладиган қўнғироқлардан мустақил бўлди. Уларнинг аксарияти нодавлат бўлиб, ахборот сиёсати қандай бўлишини ўзи ҳал қилади. Албатта, бундай қисқа вақт ичида бизни Ғарб услубидаги оммавий ахборот воситалари билан солиштириш қийин, лекин бу жараён тўхтовсиз давом этмоқда”, дейди Миллий масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси.
Маълум қилинишича, 2016 йилги журналистика ва 2021 йилги журналистика ер билан осмончалик фарқ қилади.

“Ҳа, бизда муаммолар бор ва улар кўп. “Оғиз ёпилганида” бирининг ўрнига бошқа муаммолар пайдо бўлди, журналистларнинг оёғидан чалиш, уларга босим ўтказиш, судлар билан таҳдид қилиш, даъво аризаси киритиш, заиф томонни топишга уриниш. Аммо ҳар бир бундай ҳолат - кучлироқ бўлиш учун сабабдир.
Албатта, сўз эркинлиги билан бир қаторда, мамлакатга турли ахборот оқими кириб келди ва биз барча демократик давлатлар бошидан кечираётган муаммоларга дуч келдик - дезинформация, фейк, анонимлар, ёлғон ва манипуляция.
Биз бутун дунё билан биргаликда ахборот урушлари даврига кирдик ва манипуляция қурбони бўлмаслик учун ҳақиқатни ёлғондан ажратишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада ҳали тажрибамиз кам. Аммо шунга қарамай, бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда”, деди Комил Алламжонов.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда мактабларда медиасаводхонликни жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу дарс узоқ вақтдан буён қўшнилар: Қозоғистон, Қирғизистондаги ўрта синфларда бор ва энди у Тожикистонда жорий этилади. Болалар мактабданоқ интернетдан қандай фойдаланишни билиб боради.








