Жаҳон | 21:02 / 18.09.2021
50586
6 дақиқада ўқилади

Америкалик миллиардер 2000 йилги қотилликда айбдор деб топилди. У бунга ўзи ҳақидаги фильм съёмкасида иқрор бўлиб қўйган

АҚШда HBO каналининг «Миллиардер сирлари» (The Jinx) номли ҳужжатли сериали қаҳрамони, кўчмас мулк бизнеси империяси меросхўри Роберт Дёрст ўзининг яқин дўсти Сьюзен Берманнинг ўлимида айбдор деб топилди. У бу жиноятига съёмка вақтида микрофон ёқилганидан бехабарлиги учун иқрор бўлиб қўйган.

Фото: AP

Суд аъзолари Дёрст 2000 йилда ўз рафиқасининг бедарак йўқолгани бўйича ишда кўрсатма беришига қаршилик кўрсатиш мақсадида Берманни ўлдирган деган хулосага келишган.

Айни вақтда 78 ёшда бўлган Дёрстнинг ўзи суд мажлисида қатнашмади, у коронавирус билан касалланган одам билан мулоқот қилгач, қамоқхонада изоляцияга олинган.

Унга ҳукм 18 октябрь куни эълон қилинади. У муддатидан олдин озод қилиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин. Ҳукм қандай бўлиши ва судланувчининг ёши ҳисобга олинишидан қатъи назар, у энди қамоқдан чиқа олиши даргумон.

55 ёшида ўлдирилган журналист ва ёзувчи Сьюзен Берман мафиоз отаси билан ўтган болалиги ҳақидаги китобидан кейин машҳурликка эришганди. 1982 йилда Дёрстнинг рафиқаси Кэтлин бедарак йўқолганида, Берман миллиардернинг вакили вазифасини бажарганди.

Ўшанда Дёрстга айблов эълон қилинмаган, аммо 1999 йилда бу иш яна тикланганди. Миллионер шошилинч равишда Нью-Йоркдан Техас штатидаги Галвестон шаҳарчасига жўнаб кетган, Америка нашрлари хабарига кўра, у бу ерда бир муддат давомида гунг аёл қиёфасида яшаган.

Дёрстнинг яқин дўсти бўлган Берман унга полициядан сўроқ учун чақирув бўлаётганини айтган. Кўп ўтмай бу аёл Калифорнияда жонсиз ҳолда топилган.

Айбловчилар версиясига кўра, Дёрст жами бўлиб уч кишини ўлдирган - учинчи қурбон Галвестонда яширинган миллионерни таниб қолган Моррис Блэк исм-шарифли кекса киши бўлган.

2001 йилда Дёрстни Блэкни ўлдириш айблови билан қўлга олишганида, миллиардер ўзаро жанжал вақтида қўшнисини тасодифан отиб қўйганини ва кейин унинг танасини бўлаклаганини маълум қилган. Якунда суд аъзолари Дёрст ўзини ҳимоялаш учун ҳаракат қилган деган хулосага келишган.

15 дақиқалик шон-шуҳрат

2010 йилда режиссёр Эндрю Жареки Кэтлин Дёрстнинг йўқолиши воқеаси асосида «Барча яхши нарсалар» (All Good Things) номли бадиий фильмни ишлайди, унда бош қаҳрамонларни Райан Гослинг ва Кирстен Данст ижро этган.

Премьера арафасида Дёрст режиссёр билан боғланган ва унга картинани кўрсатишган. Бизнесменга фильм ёққан ва у ўзи ҳақидаги «Миллиардернинг сирлари» номли кичик ҳужжатли фильм съёмкасида иштирок этишга розилик билдирган.

Сериал учун интервью бериш вақтида Дёрст рафиқаси билан жанжаллашиб қолгани ва унинг йўқолиши бўйича терговда полициячиларни алдаганини тан олган, аммо уни ёки Сьюзен Берманни ўлдирганини инкор этган.

Бир ярим йил вақт ўтиб сериал ижодкорлари Дёрстни яна интервьюга чақиришган, интервью вақтида унга Берманнинг ўлдирилиши ҳақидаги аноним хабар ва бизнесменнинг ўзи томонидан имзоланган конвертни кўрсатишади. Икки дастхат ҳам ўхшаш ва иккисида ҳам бир хилдаги орфографик хатолар бор эди.

Дёрст ҳамон қотилликларга алоқадорлигини рад этар, аммо жуда асабийлашарди. Съёмкадан кейин у ҳожатхонага чиққан, у бу ерда бир неча дақиқа давомида ўзи билан гаплашиб турган, аммо у микрофонни ечишни унутганди.

«Миллиардер сирлари» сериалининг сўнгги эпизоди эфирга чиқишига бир неча соат қолганида ҳукумат Янги Орлеанда Берманнинг қотиллигида гумондор сифатида Дёрстни ҳибсга олган.

Суд мажлиси вақтида ваннадан олинган ўша клип намойиш этилади.

Унда Дёрст шундай пичирлайди: «Мана. Қўлга тушдинг. Мен нима қилгандимми? Албатта, уларнинг барини ўлдирдим».

«Бадиий монтаж»
Дёрстнинг адвокатлари судда бу ёзувдан фойдаланилишига эътироз билдириб, иборалар Дёрстнинг тилидан турли вақтларда чиққан сўзлардан ясалганини иддао қилишади.

Чиндан ҳам, монтаж бўлганди - хусусан, «Мен нима қилгандимми?» ва «Албатта, уларнинг барини ўлдирдим» иборалари орасида 10 сониялик фарқ бор, оригинал ёзувда иккинчи ибора биринчисидан олдин келади.

Сериал муаллифлари монтаждан мақсад манипуляция бўлмагани, бу ишга бадиий зарурат туфайли қўл урилганини айтишади. Уларнинг фикрича, ибораларнинг жойи алмаштирилишидан мақсад сериални қотилликнинг тан олиши билан якунлаш бўлган ва бу фильмда драматизмни кучайтирган.

Аммо бундай бадиий ёндашув ёзувдан далил сифатида фойдаланишда мураккаблик келтириб чиқаради.

Натижада суд Дёрстнинг ваннадаги ғўлдираши ёзувини кўриб чиқиш учун қабул қилади.

Жоржтаун университети ҳуқуқ профессори Сайлас Вассерстромнинг изоҳлашича, одатда бундай ёзувни судда тақдим этиш қийинроқ бўлади, чунки бу Дёрстни хабардор қилмаган ҳолда тайёрланган.

Аммо шундай бўлса-да, унинг бу сўзлари ташқи таъсирсиз (спонтанлик) чиққани учун суд уни далил ўрнида қабул қилиши мумкин эди.

Чикаго университети ҳуқуқ профессори Эрик Зункелнинг фикрича, одатда суд полиция томонидан тайёрланган ёки полициячи босими остида қилинган иқрорларни қабул қилмайди, чунки бундай вазиятда иқрор бўлувчининг самимийлиги шубҳа остида бўлади. Дёрст билан боғлиқ вазият анча мураккаброқ: у сериал муаллифларига бир ярим йил фарқ билан икки марта интервью берган (Зункель буни оқловчи томон учун «ҳақиқий даҳшатнинг ўзгинаси» дея таърифлайди) ва у микрофонни ўз ихтиёри билан таққан.

Эндиликда Кэтлин Дёрстнинг оиласи баёнот билан чиқиб, Нью-Йоркдаги Вестчестер округи прокуратурасини  Дёрстни рафиқасининг қотиллиги бўйича жиноий жавобгарликка тортишга чақирмоқда.

«Лос-Анжелесдаги суд тизими ниҳоят Берманлар оиласи фойдасига қарор чиқарди. Энди Вестчестер ҳам Маккормаклар учун шу ишни қилиши керак», дейилади баёнотда.