17:57 / 20.09.2021
6491

Ўзбекистонда инсон аъзоларини кўчириш бўйича янги қонун кучга кириши кутилмоқда

Ўзбекистонда инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси бўйича қонун ҳужжатларига ўзгаришлар киритилиши мумкин. “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўпка, жигар трансплантациялари билан биргаликда юрак, буйрак ва бошқа инсон аъзолари ҳам кўчириб ўтказилиши қайд этилган. Бу ҳақда 20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг томонидан “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти хусусида ўтказилган тадбирда маълум қилинди.

Видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Республикада бундай амалиётлар ўтказилмаслиги кўпгина беморлар катта маблағ эвазига хорижга боришига, имконияти йўқ беморларнинг эса бевақт ўлимларига сабаб бўлар эди.

Сўнгги йилларда мамлакатда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайрасини кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Аммо инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси борасида қонунчиликда белгиланган нормалар бугунги кун талабларига мос эмас. Янги қонун лойиҳасида мавжуд муаммолар бўйича аниқ тартиблар белгиланиши режалаштирилган.

Сенат қўмитаси аъзоси Манзура Салимова янги қонун лойиҳасида эътибор қаратилган энг муҳим жиҳатлар ҳақида гапирди.

Қонунда учта муҳим жиҳатга эътибор қаратилади:

  • Мазкур қонун лойиҳаси тасдиқлангач, инсон аъзолари учун тиббий нуқтайи назардан муҳтож бемор ва шундай беморларга ўз аъзосини беришни истайдиган донорлар реестри шакллантирилади.
  • Шу пайтга қадар фақат жигар ва ўпка трансплантациясига рухсат берилган эди. Тасдиқланадиган ушбу қонунга кўра, эндиликда буйрак, юрак ва бошқа бир қатор инсон аъзоларини ҳам кўчириб ўтказиш операцияларини ўзимизда амалга ошириш мумкин бўлади. Аввал фақат яқин қариндошларгина донорлик қила олиши мумкин эди. Қонун лойиҳасида эса донорликка кенг имконият яратилган, яъни бошқа шахслар ҳам донорлик қила олади.
  • Трансплантацияга муҳтож беморларга мурдалардан кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда. Бунда бемор тириклик чоғида ундан рухсат олиш ёки вафотидан кейин яқинларидан рухсат олиш тегишли тартиб-қоидалар асосида бажарилади. Бундай усулда йўл тутиш Ўзбекистонда беморларнинг эҳтиёжини қондиришда муҳим ҳисобланади.

Ҳозирда қонун лойиҳаси вилоятлар кесимида тарғибот ишлари кетяпти. Барча таклиф ва мулоҳазалар ўрганиб чиқилгач, Олий мажлис депутатлари ва сенаторлар ўртасида муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинади.

Қабул қилинадиган қонунда руҳий касаллиги бор шахслардан, 1- ва 2- гуруҳ ногиронларидан, ҳомиладорлардан, меҳрибонлик ва саховат уйларидаги фуқароларнинг тана аъзоларини кўчириб ўтказиш тақиқланади.

Top