13:40 / 27.09.2021
6770

Энди кўп қаватли уйлар жамоатчилик рухсатисиз қурилмайди – Экоқўмита

Давлат Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижоновга кўра, кўп қаватли уйлар қураётганлар жамоатчиликдан, аҳолидан розилик олмаган, эндиликда эса қандай қурилиш ё бузилиш объекти бўлмасин, аввало, жамоатчилик олдидан ўтади.

АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида давлат Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов кўп қаватли уйлар қурилишида қандай янги талаблар қўйилаётгани, бундан буён янги кўп қаватли уйларни қуришда маҳаллий жамоатчилик эшитуви йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берди.

Матбуот анжуманида Kun.uz журналисти айрим яшил ҳудудлар, парк ва хиёбонлардаги ерлар (масалан, Тошкентдаги Абдулла Қодирий номидаги боғ ва Миллий боғ) қурилиш учун баъзи ташкилотларга ажратиб берилгани ва бундан қўмита хабардор ёки йўқлиги, нима учун қурилиш учун ажратилаётган ердаги яшиллик, дарахтзорлар ва умуман экология ҳисобга олинмаётгани ҳақида савол берди.

Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов объектлар экологик хавф нуқтайи назаридан 4 та категорияга бўлиниши, кўп қаватли уйлар қураётганлар 4-категорияга кириб қолгани ва бу категория учун аввал аҳолидан розилик олинмаганини, эндиликда барча категориялар учун жамоатчилик эшитуви талаби қўйилаётганини қайд этди.

“Давлат Экология қўмитаси ҳеч кимдан қўрқмайди. Президентнинг очиқлик сиёсати ҳолатида бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳамма ўз ҳақ-ҳуқуқларини билади. Тизимда қолоқликлар бўлган, буни тан олиш лозим. Дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинганига энди 2 йил бўлди, қурилишлар эса анчадан бери давом этяпти. Қўмита қошида Экологик экспертиза бўлими бор. Ким қаерда қандай қурилиш қилмоқчи бўлса, аввало, Экологик экспертиза хулосасини олади. Экологлар хулоса бераётганда жойига чиқиб ўрганишади – дарахтлар бор-йўқлиги, сув ва ҳавога ўша қурилишнинг таъсири, қисқаси, барча маълумотлар йиғилади, таҳлил қилинади ва шундан кейингина хулоса беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 541-сонли қарорида бир эътиборли жиҳати бор: 4 та категория бор. Ана шу 4 категориянинг 1- ва 2- категорияларга табиатга таъсири юқори корхоналар киради. 3- ва 4-категориялар эса мос равишда таъсири камроқ корхоналар. Қарорга кўра дастлабки 2 категория учун жамоатчилик эшитуви ўтказилади. Қолган икки категория учун эса бундай талаб йўқ. Дейлик, бирор завод қуриладиган бўлса, унинг эгаси атрофдаги аҳолидан розилик учун имзо йиғади. Ҳамма рози бўлсагина, маҳалла раиси имзоси қўйилган ҳужжатни бизга олиб келишади, шундан сўнггина биз экспертиза ўтказиб, хулоса берамиз. Рухсат берганда ҳам ўша ҳудудда, дейлик, 20 та дарахт бўлса, уларни кесмаслик шарти билан хулоса берамиз. Бу 1- ва 2-категория – завод, фабрикаларга тааллуқли.

Ана энди энг қизиқ жойига келдик. Кўп қаватли уйлар қураётганларнинг ҳаммаси 4-категорияда “ўтирибди”. Бунда жамоатчилик эшитуви йўқ. Тўғри бизга келади, биз жойига чиқамиз, ўрганамиз, хулоса берамиз – дарахтлар бўлса, юқорида айтганимдек, уларни кесмасликни айтамиз. Бироқ қурувчи бироз вақтдан сўнг дарахтларни кесиб ташлаши эҳтимоли юқори. Аҳоли ҳам биздан норози бўлади: нима учун Экоқўмита котлован қурилишга рухсат берди? Ана шу муаммони бартараф этиш учун 3- ва 4-категорияларга ҳам жамоатчилик эшитуви талаби қўйилди. Бундан буён қандай қурилиш ё бузилиш объекти бўлмасин, аввало, жамоатчилик олдидан ўтади. Табиатга зарар етказилиши масаласи 99 фоиз ҳал бўлади”, дейди қўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов.

Top