13:45 / 03.10.2021
24359

Туркиялик олим Бухородан Алп Эр Тўнганинг қабрини топганини маълум қилди

Туркиялик профессор Нежати Демир Ўзбекистонда олиб борган изланишлари натижасида Алп Эр Тўнга (Афросиёб)нинг қабрини топганини айтмоқда. У бу ҳақда Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

Олимнинг қайд этишича, бутун дунё туркийларининг умумий аждоди сифатида эътироф этиладиган Алп Эр Тўнганинг қабри Бухоро ҳудудидан топилган. Профессор тўлиқ маълумот яқин кунларда очиқланишини таъкидлаган.

“Бу бизнинг бутун турк дунёсига мурожаатимиздир... Барча туркийларнинг умумий отаси ҳисобланган Алп Эр Тўнганинг қабри мен томонимдан Бухородан топилди. Турк дунёсини қутлайман”, деб ёзган Нежати Демир.

Hürriyet нашри мухбири билан суҳбатда профессор Демир: “Қадимги араб ва форс манбаларида Алп Эр Тўнганинг қабри Бухорода экани қайд этилган эди. Шунингдек, мени ўзбекистонлик тарихчи ва тадқиқотчилар ҳам қўллаб-қувватлашди. Яқин кунларда барча тафсилотларни сўзлаб бераман”, деб айтган. Бироқ у қабр Бухоронинг айнан қаеридан топилганига аниқлик киритмаган.

Бу хабар турк дунёси томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинган. Чунки Алп Эр Тўнга туркий халқларнинг бобокалони, илк давлатчиликка асос солган баҳодир жангчи ва йўлбошчи ҳисобланади. Айрим олимлар Алп Эр Тўнга шунчаки афсонавий қаҳрамон бўлган, ҳаётда яшаб ўтмаган деган фикрда бўлиб, буни тарихий манбаларда у ҳақдаги маълумотлар бир-бирига зид экани билан асослашган. Алп Эр Тўнга қабрининг топилгани унинг тарихда чиндан ҳам яшаб ўтганига рад этиб бўлмас далил ҳисобланади.

Тарихий манбаларга кўра, Алп Эр Тўнга VII асрда яшаб ўтган. У сак қабилаларини бирлаштириб, эроний шоҳларга қарши кураш олиб борган ҳамда Туркистон, Эрон ва Озарбoйжоннинг маълум қисмини ўз ичига олган Турон давлатига асос солган. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида у адолатли ҳукмдор ҳамда қўрқмас жангчи сифатида тилга олинган.

Тарихчи Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, Алп Эр Тўнга тарқоқ қабилаларни бирлаштириб, мустақил Турон давлатига асос солган туркийларнинг биринчи қоони (хоқони) ҳисобланади. Туркий манбаларда у Алп Эр Тўнга ва Тўнга Алп Эр, форсий манбаларда Афросиёб номи билан тилга олинган. Самарқанд шаҳрининг шимолида жойлашган ва XIII аср бошида мўғуллар босқинидан сўнг вайрон этилган Афросиёб харобалари Алп Эр Тўнга асос солган давлат қолдиқларидир.

Профессор Нежати Демир 1964 йилнинг 20 апрелида туғилган. 1996 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2000 йили доцент, 2003 йили профессор этиб тайинланган. 2010 йилдан буён у йирик архивларини тадқиқ этиб, турк эртаклари, афсоналари, шеърлари, мақоллари ва бошқа оғзаки ижод намуналарини ўрганиб келади.

Top