Гарчи кўп ўтмай Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот бериб, бу хабарлар асоссиз эканини билдирган бўлса-да, кўплаб ўзбекистонликлар Афғонистонда ўзбек тилининг келажаги масаласидан хавотирларини билдириб келаётганди.

7 октябр куни эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказди. Унда толиблар Афғонистонда ўзбек тилининг ривожланишига кафолат бергани айтилди.

Kun.uz мухбири нафақат Афғонистон, балки Ўзбекистонга чегарадош бошқа давлатларда ўзбек тилининг ўрганилиши, бунинг учун яратилган шароитлар борасида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов билан интервью уюштирди.

Марказ директорининг хавотир билдиришича, бу борадаги аҳвол йиллар давомида жуда оғир ҳолатга келиб қолган.

— Иномжон ака, фикрингизча, бугун Ўзбекистонда қардош ва бошқа миллат тиллари ривожланиши, ўрганилиши учун қай даражада имконият яратилган?

— Ўзбекистонда бугун 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари яшайди. Уларга тили, урф-одат ва қадриятларини ривожлантириши учун керакли барча шароитлар яратилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги 140 га яқин миллий маданий марказлар айни шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда бугун таълим-тарбия муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида ҳам иш олиб боради.

Агар расмий рақамларга қарасак, бугун мамлакатдаги 10 минг 8 та мактабнинг 1 минг 476 тасида рус ва қардош тиллар ўқитилмоқда. Бунда жумладан, 899 та мактабда рус тилида, 133 тасида қорақалпоқ, 218 тасида қозоқ, 38 тасида қирғиз, 165 тасида тожик ва 23 тасида туркман тилида таълим берилади.

Демак, хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон бугун Марказий Осиёдаги энг толерант давлат. Бу ерда этник озчилик бўлган бирликларнинг ўз тилида таълим олишига ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммо йўқ.

— Ўзбек тили, унинг ривожланиши, ўрганилиши ва бунинг учун шароитлар борасида қўшни давлатларда аҳвол қандай? Келинг, давлатлар мисолида номма-ном таҳлил қилсак?

— Биз ўтган асрнинг саксонинчи йилларида олий таълимни олганмиз. Ўша пайтларда қўшни давлат ёшларининг Ўзбекистонга келиб ўқиши тажрибаси йўлга қўйилганди.