“Америка орзуси” йўлида жунгли оралаб: одамлар АҚШга бориш учун нималарга тайёр?
Грин-карта мавсуми бошланиши билан, жуда кўпчилик яна Америка орзусига шўнғиди. Бу давлатга бориш иштиёқи шу қадар кучлики, кўпчилик жонини хатарга қўйишдан ҳам тоймаслиги янгилик эмас. Аммо ватандошларимиз орасида фақат ўзини эмас, ҳатто болаларини ҳам хатарли йўллардан олиб ўтишга уринаётганлар борлиги ҳайратланарли.
Ижтимоий тармоқларда қатор видеолар тарқалди. Унда Жунгли ўрмонлари бўйлаб балчиқ йўлларда ҳаракатланаётганлар тасвирланган. Улардан бири, асли самарқандлик экани айтилган инсон тожикча сўзлар билан Америкага боришда бу йўлдан бепул бўлса-да фойдаланмасликни тавсия қилади.
Иккинчи видеода эса бир аёл шу мазмундаги сўзларни айтади, фақат бу лавҳада ёш болалар ҳам кўринади.
Америкага интилиш тарихи
Бу давлатга интилиш анча кўҳна тарихга эга. Кашф этилганидан кейин узоқ йиллар “Янги дунё” деб аталган қитъа дастлаб олтин васвасаси туфайли, кейинчалик чегарасиз унумдор ерлар билан ва ниҳоят тараққиёт ҳамда катта даромад манбайи сифатида ўзига оҳанрабодай тортиб келмоқда. Бошқа давлатлардаги қашшоқлик, консерваторларча тизимлар, янги ғоялар қўллаб-қувватланмаслиги сабаб ҳар йили миллионлаб инсонлар АҚШга боришга ҳаракат қилишади.
Қўшма Штатлар давлат сифатида шаклланган дастлабки йилларда хорижий фуқаролар кўчиб келишига бирорта монелик бўлмаган, аксинча, муҳожирлик кўп жиҳатдан қўллаб-қувватланган. АҚШ давлат сифатида шакллангандан кейинги бир неча аср айнан мигрантлар аҳоли ўсишининг асосий манбаси бўлиб келишган.
Кўпчилик Америка деганда инглиззабон давлатни тасаввур қилади. Аммо асрлар давомида испан, немис, француз, ирланд тиллари ҳам бу давлатда асосий тил сифатида ишлатиб келинган ва ҳатто аксарият ҳудудларда инглиз тилини билишмаган ҳам.
Аммо келувчилар таркибида кескин ўзгариш бор. 19-аср охирида муҳожирларнинг 85 фоизи Европа давлатларидан келган бўлса, 20-аср охирига келиб бу кўрсаткич 22 фоизга тушиб кетди. Осиё ва Лотин Америкасидан келувчилар эса, аксинча, бу давр оралиғида 2,5 фоиздан 68 фоизга қадар кўтарилди.
Шунингдек, депортация қилинганлар кўрсаткичи ҳам кескин орта бошлаган. 1990 йилда турли сабабларга кўра 30 минг киши АҚШдан бадарға қилинган бўлса, 2013 йилга келибоқ бу кўрсаткич 440 минг кишига яқинлашди.
Вақтлар келиб Америкага муҳожирлар оқими шу қадар кучайиб кетдики, давлат буни тартибга солиш ҳақида ўйлай бошлайди. Тақиқлар қўйилди, виза тизими жорий қилинди, чегаралар мустаҳкамланди. Тўсиқ қўйилган ондан бошлаб уни айланиб ўтиш йўллари ҳам қидирила бошланди ва бу жараён ҳануз давом этмоқда.
Мексика койотлари
АҚШга ноқонуний кириб боришда койотлар хизмати беқиёс. Койот – аслида бўрининг бир тури. Асосан чўлларда яшовчи бу жонивор номи АҚШ чегарасида одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан ҳам қўллана бошланган. Койотлар катта пуллар эвазига Америкага ўтказиб қўйишни ваъда қилишади ва уларни поллеро деб ҳам аташади.
Бугунги кунда АҚШга нелегал мигрантлар оқимининг деярли 80 фоизи Мексика чегаралари орқали амалга оширилади. Бунинг аниқ сабаби бор – шимол тарафдан АҚШ фақат Канада билан чегарадош, Канадага кириш эса АҚШга киришдай мураккаб. Россияга сув орқали яқин бўлган Аляска ҳудудига ҳеч ким интилмайди, жуда қийин йўл бу.
Жануб томондан эса Мексика билан 3145 километрлик чегара ястаниб ётибди. Асосан чўл, дашт ва ўрмонлардан иборат бу масофада назорат қилинмайдиган ёки суст назоратдаги ҳудудлар ҳам борлиги койотларга қўл келади.
Сўнгги йилларда АҚШ чегараларининг қаттиқ мустаҳкамланиши, собиқ президент Трамп буйруғи билан ҳатто баланд девор қурилиши койотлар хизматига талаб ҳам, тўланадиган пуллар миқдори ҳам кескин ошишига сабаб бўлди. Вазият шу даражага етдики, бир вақтлар наркотик савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳлар ҳам бу бизнесга жиддий эътибор қарата бошлашди.
Койотлар қўллайдиган усуллар ранг-баранг. Энг кенг тарқалган усул – назоратсиз ҳудудлар орқали АҚШ чегарасига етказиб қўйиш. Талаблар жуда қатъий бўлса-да, натижага кафолат берилмайди. Яъни пул тўлиқ ёки катта қисми олдиндан олинади, борувчидан катта куч талаб қилинади. Зарур пайтларда югуриш, яшириниш ва ҳатто ўқларга чап бериш зарурати тушунтирилади.
Туннеллар усули ҳам кенг қўлланилади. Жиноий гуруҳлар бир вақтлар контрабанда учун қўллаган ер ости йўллари бугунги кунда асосан одам савдоси учун хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, жарликларга муваққат кўприклар қуриш, сузиб ўтиш, хавфли бўлса-да парапланлар орқали учириш, ҳатто чегарадан махсус ҳимоя воситалари кийдирган ҳолда ирғитиб ўтказиб юбориш ҳам қўллаб кўрилган.
Койотлар ўз ишини шу қадар тизимли олиб борадиларки, ҳар бир босқичнинг ўз эгаси бор:
1. Вакетон – чегарадан ўтиш истагида бўлганларни жамловчи, пулларини келишувчи шахс. Вакетонлар – тизимдаги энг қуйи поғона.
2. Чеквадор – чеквадорлар жиддий ишни бажаришади, чегара ҳудуддаги вазиятни назорат қилишади. Улар техник жиҳатдан энг яхши қуролланган ва муҳожирлар ҳаракатини четдан туриб мувофиқлаштириб боришади.
3. Куидандеро – булар кўпроқ АҚШ томонида туриб патрулни чалғитиш билан шуғуллунишади. Асосан АҚШ фуқаролари бўлган ёш болалар, қўлга тушсалар ҳам жиддий жазога тортилишмайди.
4. Босслар ёки социослар – ҳар икки томонда бўлишлари ҳам мумкин. Бутун тизимни назорат қилувчи ва пулнинг катта қисмининг эгаси бўлган криминал авторитет. Зарур ҳолларда катта пуллар тикиб бизнесни ривожлантириш чораларини кўради.
Кўпчилик Мексика чегараси деганда фақат ноқонуний миграцияни тушуниб қолган. Лекин бу чегарадан ҳар йили ўртача 350 млн одам ва 5 млн автомобиль қонуний тарзда ўтиб қайтади ҳамда бу чегара ҳаракат интенсивлиги бўйича энг гавжумларидан бири. Шунингдек, ноқонуний ҳаракатланган мигрантларнинг аксарияти ҳам АҚШ ҳудудига киришлари билан қонуний йўллар тута бошлайдилар – ўзларини қочоқ дея таништирадилар, қийин аҳволдалигини кўрсатишга уринадилар, болаларини кўрсатиб шафқат сўрайдилар. АҚШ қонунларига кўра, бундай ҳолатда мамлакат ҳудудидан бадарға қилиш фақат суд ҳукмига кўра амалга оширилади. Судларда эса бу каби ишлар тиқилиб ётгани учун жараён йилларга чўзилиб кетади, маҳкама белгиланган тақдирда ҳам мигрантлар кўп ҳолларда унга келишмайди.
Катта оқимга қарамай, Мексика–АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳоллари камаймоқда. 2007 йилда мексикалик ноқонуний муҳожирлар умумий миқдорнинг 57 фоизи(6,9 млн киши)ни ташкил қилса, 2017 йилга келиб уларнинг сони илк марта умумий миқдорнинг ярмидан камроғини – 4,9 млн кишини ташкил қилди.
Ўзбекистондан АҚШга ноқонуний бориш ҳам асосан койотларга боғлиқ. Биринчи навбатда, Мексика қўшимча виза талаб қилмайдиган давлатлар визаси (масалан, Шенген визаси) олинади. Иккинчи давлат орқали Мексикага училади ва койотларга мурожаат қилинади.
Бу усуллардан ўзбекистонликлар орасида самарқандликлар кўпроқ фойдаланиши айтилади.
Муҳожирлик деганда кўпчилик ўз юртида жиддий қийинчиликларга дуч келиб, иложсизликдан хорижга йўл олишни тушунади. Бу ўринда вазият бошқача. Ноқонуний йўллар билан бўлса-да АҚШга йўл олаётганларнинг аксарияти у ёки бу сабаблар билан депортацияга учраганлар ва қайтиб кира олмаётганлардир. Уларнинг бойликлари бутун умрларига етиши мумкин, аммо Америкадаги тайёр ишлари, мунтазам даромадлари ҳар қандай қийинчиликларни енгишга ундайди.
Бугунги кунда койотлар хизмати вазиятга кўра 30-35 минг долларга чиқиб кетгани бежиз эмас.
Хитойдан АҚШ сари
Хитой тараққиёти АҚШга йўл олишни сусайтиргани йўқ. Аксинча, пулдор қатлам кўпайгани янада яхши ҳаётга интилишни кучайтирган. Аксарият хитойликлар инвестицион дастурлар, яъни маълум маблағларни АҚШ иқтисодиётига киритиш эвазига бу давлатда муайян муддат яшаш ҳуқуқини сотиб олишади. Аммо ҳамма ҳам эмас, имконияти чекланганлар ёки бадарға қилинганлар барибир ноқонуний йўллар орқали ҳаракатланишади.
Умуман, Хитойдан АҚШга оммавий жўнаш 1990-йилларда авж олган. Ўша пайтларда президентлик қилган ва Хитой давлатчилик тузуми танқидчиси бўлган катта Буш ҳар қандай хитойлик АҚШга етиб келса ҳамда сиёсий қочқинлик мақомини сўраса, рад жавобини бермаган. Бу имконият Хитойдан муҳожирлар оқимининг кескин ошишига сабаб бўлган. Ўша йиллари йўлга қўйилган усуллар ҳамон ишлатилади.
Энг самарали ва кенг қўлланадигани – юк кемалари орқали сузиб боришдир. Муҳожирлар бунда 30–40 кунлаб совуқ, иссиқ, очлик, элементар шароитсизликни енгиб ўтишлари лозим. Шунингдек, юк контейнерлари ичида кетиш ҳам оммалашган. Йўл давомида ҳаво етишмовчилиги ёки турли касалликлардан ўлиш ҳам оддий ҳолга айланган.
Айни пайтда қочоқлик мақоми сўраш иш бермай қўйган. Шундай бўлса-да, ўз давлатлари ҳам ривожланишда илғор бўлишига қарамай, уддабурро хитойликлар барибир АҚШга интилишни давом эттиришяпти.
Бошқа йўллар ҳам бор
АҚШга кириш учун учинчи давлат сифатида Куба, Гватемала, Панама каби давлатларни танлайдиганлар, сув орқали киришга уринадиганлар ҳам бор. Аммо бу йўллар кам самарали, жуда мураккаб ва ўта хавфлидир.
Хўш, натижа нима бўлади?
Муҳожирларнинг дунё бўйлаб ўз юртларига жўнатадиган пуллари миқдори пандемияга қадар йилига ўртача 600–700 млрд доллар атрофида бўлган. Бу маблағнинг салмоқли қисми АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Лекин бу фақат жўнатилган пуллар, аслида Америкада яшовчи муҳожирларнинг аксарияти (Россиядагилардан фарқли равишда) топган пулларининг катта қисмини шу давлатнинг ўзида сарфлайдилар, ўзлари, болаларининг таълим олиши, яъни инсон капитали сифатида ривожланиш учун сарфлайдилар.
Ўзбекистонлик ишчилар
Турли маълумотларга кўра, АҚШда 80 мингдан ортиқ ҳамюртимиз бор. Уларнинг фаолият тури ҳам жуда ранг-баранг. Бундан 20 йиллар олдин ўзбекистонликлар асосан таксичилик, хўжалик ишлари, қурувчилик соҳаларида ишлаган бўлсалар, 10 йиллар олдин бу тенденция меҳмонхонадаги ишлар, умумий овқатланиш тармоқлари соҳаларига кўчган.
Бугунги кунга келиб АҚШга бораётган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги йирик транспорт соҳасида ўз ўрнини топмоқда ва яхшигина даромад қилмоқда.
Факт: АҚШ шундай давлатки, ноқонуний муҳожирлар ҳам ўн йиллаб бемалол ишлаб, яшайверишлари мумкин. Калифорния каби штатларда ҳатто ноқонуний муҳожирлар адвокатлик амалиёти билан шуғулланиб, судларда ҳимоячилик қилган ҳолатлар ҳам учрайди.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
17:47 / 22.11.2024
Кремл Россияга мигрантлар нима учун кераклигини тушунтирди
13:52 / 22.11.2024