22:11 / 27.10.2021
24837

“Мен тезпишар лағмон сотмайман – мен одамларга вақт бераман”

Япониялик Момофоку Андо урушдан кейинги даврда қуритилган лағмон ва зираворлар халтачасидан иборат тўпламни ўйлаб топган. Ҳозирда у асос солган Nissin компанияси йилига 4,2 млрд доллар даромад кўрмоқда.

Фото: AFP/Europress

Қуритилган лағмон кашфиётчиси Момофуку Андо 1910 йилда Тайванда туғилди. Ота-онаси эрта вафот этишгани сабабли болани матолар дўконини бошқарадиган буваси ҳамда бувиси катта қилишди.

У 22 ёшидан тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. Тайбэйда тўқимачилик компаниясини очди. 23 ёшида Японияга кўчиб ўтди. Осакада кийим-кечак ишлаб чиқариш компаниясини бошқарди. Шунингдек, айнан шу даврда Киотодаги Рицумейкан университетида иқтисодиёт бўйича ўқиди.

Андо 1930-йилларда / Фото: Nissin.com

Иккинчи жаҳон уруши вақтида Андо слайд проекторлар яратди, кўмир сотди, казармалар қурди, туз ишлаб чиқарди ва мактабни бошқарди. 1948 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун икки йил қамоқхонада ўтирди. 1950 йилда кредит иттифоқи директори бўлди, бироқ 1957 йилда ишидан ва банкротлик туфайли ҳамма мол-мулкидан айрилди.

1955 йилда Япония II жаҳон уруши оқибатларини бошдан кечираётган, мамлакатда эса очлик кузатилаётганди. АҚШ мамлакатга гуманитар ёрдам сифатида буғдой унини етказиб берарди. Мамлакат расмийлари аҳолини японлар орасида оммалашмаган нонни ейишга ундашарди.

Андонинг ҳикоя қилишича, унда лағмоннинг янги турини яратиш ғояси рамён сотилаётган раста ёнидан ўтиб кетаётганида туғилган. У ерда жуда катта навбат кутиш юзага келганди. Тадбиркор осон тайёрланадиган ва узоқ сақланадиган лағмон яратиш ҳақида ўйлай бошлади.

Бир куни у таниши Кунидаро Аримото билан учрашиб қолди. Ўша вақтда Аримото ҳукуматда ишларди. Андо унга шундай деди: “Нонга қўшимча (“начинка”) ёки гарнир керак. Лекин японлар уни фақат чой билан ейишади. Бу эса саломатлик учун фойдали эмас. Бизда лағмон азал-азалдан истеъмол қилинади. Нима учун ундан тайёрланган лағмонни тарғиб қилмаслик керак, ахир японларга ёқади-ку?” Саволга жавобан Аримото бу муаммони ўзи ечишини айтди.

1957 йилда тадбиркор лағмон тайёрлаш учун аввал ишлатилган машина, 18 кг ун, ўсимлик ёғи ва бошқа масаллиқларни сотиб олди. Уйидаги боғда ўчоқ ва дастгоҳли шийпон қурди ва бир йилни тажриба учун сарфлади. У суткасига тўрт соатдан ортиқ ухламасди.

Nissin музейи. Андо ишлаган шийпоннинг қайта яратилган нусхаси / Фото: Cupnoodles Museum

Маҳсулот яратиш бўйича ҳаракатлар муваффақиятсизлик билан тугарди. Бир куни у рафиқаси темпура (анъанавий япон овқати)ни қандай қовураётганини кузатди, тез қовуриш жараёнида лағмон сувдан халос бўлишини кўрди. Қайнаган сув қўшиш орқали лағмон яна истеъмол учун тайёр бўларди. Бу ёндашув маҳсулотнинг асосига айланди. 1958 йилда Андо рецептни ишлаб чиқди.

Яримтайёр лағмон ишлаб чиқариш

1958 йилда Андо Ниссин деб номланган қизил ва сариқ рангли қадоқдаги тез тайёрланадиган лағмоннинг илк ўрамини ишлаб чиқарди.

Nissin лағмонининг илк ўрами шундай кўринишда эди. Фото: Nissin музейи

Компания номи – “Nissin”ни Андонинг ўзи ўйлаб топган. Уни “кундан кунга мусаффо ва муҳташам таъм яратиш” дея таржима қилиш мумкин.

Андонинг илк маҳсулоти “Nissin Chikin Ramen” дея номланганди. Унинг ўрамида ҳам инглиз, ҳам япон тилларида ёзилган эди.

Лағмон товуқ ва зираворлар ҳамда таъм ва ҳид кучайтиргичлар билан тўйинтирилиб, пальма ёғида қовурилганди. Харидор унинг устига қайнаган сув қуйиб, уч дақиқадан кейин истеъмол қилиши мумкин эди.

Нархи 37 иен (2021 йилда бу 1,8 доллар дегани), оддий удон лағмони эса 6 иен (2021 йилда 0,3 долларга яқин) бўлган. Янги кашф этилган лағмоннинг яроқлилик муддати узоқроқ эди.

Товуқ таъмли лағмон глобал муваффақият олиб келди. Биринчи йил компания Chikin Ramen'дан 16 миллион порция сотди. Беш йилдан кейин эса Chicken Ramen'нинг йиллик савдолари 4,3 млрд иен (2021 йил бўйича 2 миллион доллардан ортиқ)га етди.

“Товуқ шўрвасидан фойдаланилгани учун тезпишар рамён турли мамлакатларда диний тақиқларни чеклаб ўта олди. Ҳиндлар мол гўштини, мусулмонлар эса чўчқа гўштини ейишмайди. Бироқ товуқ гўшти истеъмолини тақиқловчи маданият, дин ёки мамлакат йўқ”, – деганди Момофуку Андо.

1963 йилда Nissin зираворлари алоҳида қадоқда бўлган тезпишар лағмон Nissin Yakisoba'ни бозорга чиқарди. Ўша вақтда компания йилига 200 миллионта ўрамдаги лағмонни сотарди. 1968 йилда 3,5 миллиард ўрамдан ортиқ сотилган.

Cup Noodles – стакандаги лағмон

1960-йиллар охирига келиб, Андо тезпишар лағмонни халқаро бозорга олиб чиқди.1970 йилда АҚШда Nissin Foods шуъба корхонасини очди. У ерда лағмон Top Ramen маркаси остида сотилган. Бозорнинг маҳаллий ўзига хос хусусияти маълум бўлди – америкаликлар лағмонни кўпинча стаканда тайёрлашган.

Андо америкалик харидорларга лағмонни идиши билан сотишга қарор қилди. Шу тариқа, Cup Noodles формати пайдо бўлди. Кашфиётчи бир қўлда ушлаш мумкин бўлган идиш устида ишлади. Компания идишни пенопластдан ишлаб чиқди.

Стакандаги лағмон 1971 йил 18 сентябрда чиқди. Йил якунига кўра, компания савдолари 21 млрд иендан ортди. Бу 2021 йилдаги 588 млн долларга яқинлашади.

АҚШда мазкур маҳсулот 1993 йилгача Cup O' Noodles деб аталди. Кейин эса “О” олиб ташланди. Маҳсулот нафақат АҚШ, балки Японияда ҳам сотиларди.

Андо 1971 йилда, янги маҳсулот – Cup Noodles билан / Фото: Nissin.com

У вақтда бир стакан лағмон 100 иен, ўрамдаги лағмон эса 25 иен бўлган. Шунинг учун дастлаб савдолар яхши эмасди. Андо бутун мамлакат бўйлаб лағмонни тайёрлаш учун қайноқ сув берадиган махсус аппарат ўрнатишни ўйлаб топди. Япония бўйлаб 20 мингдан ортиқ аппарат ўрнатилди.

Cup Noodles лапшаларини сотувчи автомат / Фото: Ucarecdn.com

1971 йилда McDonald's Япониядаги илк ресторанини Гинза туманига жойлаштирди. Андо эса Cup Noodles билан савдо қиладиган дўконини ана шу ресторан рўпарасида очди.

Маҳсулоти у қадар машҳур бўлмагани учун Nissin уни полициячилар ва бошқа хавфсизлик кучларига сотмоқчи бўлди. 1972 йил Cup Noodles'ни машҳур қилган ҳодиса содир бўлди. Телевидениеда Асама-Сансо тоғ пансионатидаги нохуш воқеа кенг ёритиларди. Беш нафар қуролланган киши пансионат биносини эгаллаб олиб, бир аёлни гаровга олади. Кейинги 10 кун давомида Япония телевидениесида бу воқеа кенг ёритилди.

Токио шаҳар полиция бошқармаси ходимлари пансионат қамали вақтида Cup Noodles лағмонини ейишган саҳна омма орасида машҳурликка эришди. Ана шу воқеадан кейин савдолар ҳажми кескин ошди. Машҳурлик шу даражага етдики, Nissin кунига 650 минг ўрам ишлаб чиқарса ҳам талабни қондира олмади.

Япон полициячилари Cup Noodles тановул қилмоқда / Фото: Nissin

1989 йилга келиб, Cup Noodles анъанавий ўрамдаги лағмонга нисбатан яхшироқ сотила бошланди. 2021 йилга келиб, у классик лағмонга қараганда икки марта машҳурроқ.

Cup Noodles муваффақиятга эришгани туфайли глобал равишда кенгайди.

  • 1975 йилда Nissin Бразилияга келди;
  • 1981 йилда эса Сингапурда очилди (1981 йил якунига кўра савдолар 111 млрд иендан ортиқни ташкил этди);
  • 1984 йилда Гонконгда;
  • 1991 йилда Ҳиндистонда;
  • 2008 йилда Россияда;
  • 2011 йилда Вьетнамда пайдо бўлди (йил якунларига кўра савдолар 371 млрд иендан ортиқ бўлди).
Лапшани қайнатиб олиш учун ўрнатилган қайноқ сувли автоматлар / Фото: Nissan

1999 йилнинг ноябрь ойида компания Осакада Cupnoodles Museum лағмон тарихи музейини очди. Ташрифчилар рамён учун мустақил тарзда лағмон тайёрлашлари, унинг учун ғаройиб дизайндаги ўрамни яратишлари, Андо шийпонининг қайта тикланган нусхасини томоша қилишлари ва лағмон билан боғлиқ интерактив кўнгилочар ўйинларни кўришлари мумкин.

Nissin тарихига кўра, Андо 94 ёшга тўлганида ўзининг сўнгги кашфиёти – фазода тайёрлаш мумкин бўлган тезпишар лағмон Space Ram'ни яратди. Компания томонидан маълум қилинишича, фазовий шароитларга мос бўлиши учун лағмон рецепти ўзгартирилди. Бундан ташқари, вазнсизлик шароитида “сузиб кетиш”га қўймаслик учун лағмон тухум оқи билан қопланган. Шўрваси ҳам қуюқроқ тайёрланган.

Компания зираворлар таъмини кучайтирди. Чунки фазода рецепторларнинг сезгирлиги камаяди. Лағмон 70 ℃ даражада пишиши учун ундаги крахмал даражаси ҳам ўзгартирилди. Фирма бундай лағмоннинг бир неча – товуқли, денгиз маҳсулотлари ва карри таъми вариантларини яратди.

“Ҳайратланарли жиҳати, Ерда истеъмол қилганимдагидек таъмдаги тезпишар лағмонни истеъмол қила олдим”, деганди космонавт Соити Ногути.

Космонавт Соити Ногути қуритилган лағмонни космосда истеъмол қилмоқда.
У 2005 ва 2009 йилларда Nissan лапшаларини ўзи билан фазога олиб кетган / Фото: Nissan

Nissin бу лағмондан “No Border” серияли реклама видеороликларида фойдаланди.

2007 йил 5 январда 96 ёшда Момофуку Андо ҳаётдан кўз юмди. Вафот этгунига қадар деярли ҳар куни у Chikin Ramen истеъмол қилган. Ўғли Коки компания бош директори бўлди. Вице президент ва компания операцион директорлигига иккинчи ўғли Норитака тайинланди. 2021 йилда ҳам компанияни улар бошқаряпти.

Момофуку Андо тамойиллари

Тадбиркор ўз ҳаёти ва фаолиятининг тамойилларини қуйидагича баён этган.

  • Таом билан боғлиқ иш – муқаддас касб.
  • Егулик етарлича бўлганида жаҳонда тинчлик бўлади.
  • Гўзаллик ва саломатлик учун оқиллик билан овқатланинг.
  • Атрофингизга катта қизиқиш билан қаранг.
  • Озиқ-овқат – глобал саноат.
  • Шикоят қилишни тўхтатганда, ақл бовар қилмас куч топасиз.
  • Янги нарса яратиш имконига эга бўлмаган ҳеч бир компания узоқ умр кўрмайди.
  • Мен тезпишар лағмон сотмайман. Мен мижозларга вақтни таклиф этаман.
  • Одамлар овқатланмаса, ҳеч нарса қилолмайди.

Андо вафотидан кейинги Nissin

Nissin лағмоннинг янги таъмлари устида доимий равишда тажриба олиб бормоқда. Компания ҳар йили бозорга 300дан ортиқ маҳсулот чиқаради, бироқ уларнинг 1 фоизигина доимий ишлаб чиқаришда қолади. Шу тариқа 2006 йилда АҚШ учун маҳсулотлари рецептини ўзгартиришди.

Рецепт янгилангани билан, нарх ўзгармай қолди: битта ўрам учун 45 цент. Компания янги рецепт устида бир йил давомида ўнта ходим шуғулланганини маълум қилди. Янги товуқли лағмон таъмини яратиш учун 13 марта уриниб кўришган.

2009 йилда Nissin паст калорияли Cup Noodles лағмонини ишлаб чиқарди. У овқатланишига эътиборли кишилар учун мўлжалланган. Янги лағмонда 198 килокалория бор эди (асл нусхадан 60 фоиз камроқ). Бундай натижага эришиш учун клетчаткага бой лағмон ва кўп қовурмасдан қуритиш технологиясидан фойдаланилди.

1971 йилдан 2020 йилгача бутун дунёда 50 млрддан ортиқ Cup Noodle сотилган. Nissin компаниясининг 2020 йил учун ҳисоботига кўра, компаниянинг даромади 4,2 млрд долларни ташкил қилган. Шундан 57 фоизи Япония, 7,8 фоизи Сингапур, 14 фоизи АҚШ, 9,2 фоизи Хитой, 1,6 фоизи Осиёнинг бошқа мамлакатлари, 1,6 фоизи Европа, Яқин Шарқ ва Африка улушига тўғри келади.

2021 йилда Nissin совитилган ва музлатилган яримтайёр ҳолдаги лағмон, қандолат маҳсулотлари ва ичимликлар ҳам ишлаб чиқаряпти. Компания турли мамлакатларда юздан ортиқ турдаги маҳсулотлар билан савдо қилади.

Vc.ru сайтидан таржима қилинди

Top