Ўзбекистон | 08:05 / 29.10.2021
6682
4 дақиқада ўқилади

Фойдали қазилмаларни қазиб олувчиларга солиқ солишнинг янги тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

Фото: РИА Новости / Виталий Безруких

“Ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солишни такомиллаштириш муносабати билан Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳасининг мақсади - ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоблаш тартибини янада такомиллаштириш ҳисобланади. Қонун лойиҳаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи моддалардан иборат.

Хусусан, фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун махсус рента солиғи  тўловчилари ҳисобланган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга солиқ солиш мақсадида солиқ ҳисобини АҚШ доллари бўйича ҳисоблаш усулида юритиш ҳуқуқини бериш мўлжалланмоқда.

Янги нефть ва газ қудуқларини, саноат усулида фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб, дастлабки икки йил давомида, кейинги уч йилда мазкур қудуқларга нисбатан белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставкасини қўллаш кўзда тутилган.

Геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишлари ўтказиш учун ажратилган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилади.

XVIII бўлим, “Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ” янги таҳрирда баён этилмоқда ҳамда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибини такомиллаштиришни назарда тутади. 

Хусусан қуйидагилар:

а) солиқ солиш объекти сифатида қазиб олинадиган (ажратиб олинадиган) фойдали қазилмалар ҳажмини белгилаш тартиби аниқлаштирилмоқда, бу эса солиқ солиш объектини камайтиради;

б) солиқ солинадиган база учун уни белгилашнинг хусусиятлари жорий этилмоқда:

нефт ва табиий газни ишлаб чиқаришда, уларни солиқ тўловчининг ўзи қайта ишлаган ҳолатда ёки қайтариш шарти асосида;

қимматбаҳо металлар бозори London Ассоциациясида ёки London металл биржасида котировка қилинадиган металларнинг айрим турларини қазиб олиш (ажратиб олиш) пайтида. Шу билан бирга, ушбу металлар учун солиқ базасини ўртача арифметик биржа баҳосидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаш таклиф этилади;

в) юридик шахслар учун солиқ даври учун жорий календар йил ўрнига чорак этиб белгилаш таклиф этилади;

д) солиқ ҳисоботларини топшириш охирги муддати – юридик шахслар учун йил якунлари асосида ҳисобот давридан кейинги ой 20 кунидан кечиктирмай белгиланади, яъни 20 январгача мос равишда солиқ ушбу муддатга қадар тўланади.

Фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича махсус рента солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини назарда тутувчи янги “Фойдали қазилмаларни қазиб олишда махсус рента солиғи” XVIIII бўлими билан тўлдирилмоқда.

Фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича махсус рента солиғи углеводородлар, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни янги конлар учун қазиб олиш (ажратиб олиш) билан шуғулланувчи юридик шахслар учун жорий этилади (2021 йил 1 сентябрдан кейин олинган лицензия майдонларига нисбатан).

Фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича махсус рента солиғи жорий этилиши ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг паст ставкалари билан биргаликда:

инвесторларга барча капитал харажатлари ва инвестициялар бўйича талаб этилган даромадлиликни қоплаш (қазиб олиш бошланганидан юқори солиқ ставкалари қўлламаган ҳолда);

фойдали қазилмалар миқдори кам бўлган конларнинг ривожланишини таъминлаш (фойдали қазилма бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини камайтириб, уларнинг рентабеллигини таъминлаш орқали);

нархларнинг ошиши ва (ёки) рентабелликнинг ошиши туфайли олинган қўшимча даромад давлат ва инвесторлар ўртасида тақсимлаш имконини беради.

Мавзуга оид