09:50 / 03.11.2021
7628

Ўзбекистонда пахтани териб олиш ишларини молиялаштириш учун қўшимча маблағлар ажратилди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “2021 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, тижорат банклари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари таклифига асосан 2021 йил пахта хомашёси ҳосилини қўлда ва пахта териш машиналари ёрдамида йиғиб-териб олиш учун талаб этиладиган маблағлар ва уларнинг манбалари маъқулланди.

Кластерларга 1,6 трлн сўмгача ресурслар ажратилади, айрим ҳудудларда пахта терувчиларга амалдаги ставкага қўшимча равишда ҳар бир килограмм пахта учун 230 сўм устама ҳақ тўланади. Машинада пахта йиғиб олиш хизмати харажатларининг 30 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Молия вазирлиги пахта-тўқимачилик кластерларига пахта хомашёсини териб олиш учун йиллик 14 фоиз ставкада (шундан 1 фоиз банк маржаси) кредит ажратиш мақсадида олти ой муддатда қайтариш шарти билан “Агробанк” АТБ депозитига 1,6 триллион сўмгача маблағлар жойлаштирилишини таъминлайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва пахта-тўқимачилик кластерларининг:

  • пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари билан ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган аҳолидан иборат терим отрядлари раҳбарлари ўртасида мавсумий ишга қабул қилиш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларини тузиш; 
  • терим отрядлари раҳбарларига пахта йиғим-терими якунига қадар 2 миллион сўм миқдорида меҳнат ҳақини тўлаш учун қилинган харажатларни пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жорий йил 1 декабрга қадар тақдим этилган аниқ ҳисоб-китоблар ва буюртмаларга асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва  вилоятлар ҳокимликларининг пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига имтиёз ва преференциялар бериш орқали пахта териш машиналари билан таъминланганлик даражасини ошириш ҳамда пахта йиғим-теримини механизациялашни рағбатлантириш тўғрисидаги таклифларига мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

  • 2021-2023 йилларда Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида тавсия этилган хизмат тарифларидан келиб чиққан ҳолда пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хомашёсини йиғиб-териб олиш хизмат баҳосининг 30 фоизи республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
  • пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 3 йил муддатга божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинади ҳамда “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади;
  • Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида пахта хомашёси йиғим-теримига теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига республика бюджети маблағлари ҳисобидан 230 сўмдан устама ҳақ тўланади.

Қарор билан белгиланган қўшимча харажатлар “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун билан тасдиқланган давлат бюджетининг 2021 йил параметрларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига трансфертлар учун назарда тутилган маблағларни 60 млрд сўмга ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳосилни сақлаб қолишни таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун ажратилган маблағларни 35 млрд сўмга камайтириш эвазига ва қолган қисми республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши назарда тутилади.

Top