14:30 / 11.11.2021
17524

Видеоўйинлар, стримлар ва киберспорт — йўқотилаётган болалик ёки профессионал касб

Шиддат билан оммалашган видеоўйинлар соатлаб вақтини шунга кетказаётган дунё ёшлари олдида иккита йўл қолдирмоқда – болаликни йўқотиш ёки ўйин ўйнаб даромад олиш. Иккинчи йўлда кўзланган манзилга компютер ўйинини ўйнаётганлардан мингдан биригина етиб бора олади. Kun.uz ана шундай ёшлар билан суҳбатлашди.

Бугун видеоўйинлар билан профессионал шуғулланаётганлар сони актив спортнинг унча-мунча туридан кўпроқ. 2021 йил октябрь ойида Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган “The International” киберспорт бўйича жаҳон чемпионатида Россия терма жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, 18 млн долларни қўлга киритди.

1940-50-йилларда пайдо бўлган видеоўйинлар бугун дунё иқтисодиётида катта ўрин эгаллаган йўналишлардан бирига айланиб улгурган. Ўзбекистонга ҳам 1990-йилларда видеоўйинлар кириб кела бошлади. Ҳозирда ўрта ёшдаги инсонлар “Super Mario” ва “Mortal Kombat” каби ўйинларни яхши эслашади.

Авваллари видеоўйинлар вақт ўтказиш ва чарчоқ чиқариш учун ўйналган бўлса, бугун бу соҳа билан профессионал шуғулланаётган инсонлар бор. Бугун дунё ўзгарди, шу ўринда видеоўйинлар ҳам. Уларнинг янги турлари кўпайиб, соҳа ўзига хос бозор сифатида шаклланди. Ҳатто кейинги Олимпиада ўйинлари орасида киберспорт бўйича мусобақалар ўтказилиши ҳам белгиланди.

Kun.uz Ўзбекистонда киберспорт ва унга яқин йўналишларда машғул ёшлар билан суҳбатлашди.

Дисклеймер: Мазкур кўрсатув компьютер ўйинларини ўйнашга тарғибот эмас. Эслатиб ўтамиз, компьютер ўйинларига берилиб кетиш боланинг ақлий ва жисмоний ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 2018 йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти онлайн ва видеоўйинларга қарамликни касалликлар рўйхатига киритган.

Ғайратбек Мадаминов

Ғайратбек Мадаминов Хоразм вилоятидан. Тахаллуси – Фезот. Ёшлигидан компьютер ўйинларига қизиққан ва кўп вақтини шунга сарфлаган.

Ғайратбек 2019 йилда YouTube ижтимоий тармоғида видеоўйинларни шарҳлаб борувчи (стрим) канал очишга қарор қилади ва ушбу ишни бошлайди. Ҳозирда унинг каналида 174 мингдан зиёд обуначи бор. Асосан қизиқарли, янги чиққан ҳамда обуначилар томонидан танланган видеоўйинларни ўйнаш ва уларни шарҳлаш билан шуғулланади.

Азизжон Жўраев

Иккинчи қаҳрамонимиз эса наманганлик стример ва киберспортчи Азизжон Жўраев. Унинг таxаллуси – Азик. Россияга ўқишга борган Азизжон карантин пайтида ушбу йўналишга кириб қолган. У ҳозирда оммалашган “Pubg mobile” ўйинини ўйнаш билан бирга 195 минг обуначига эга YouTube тармоғидаги каналида шарҳлаб ҳам боради.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ўтказилиб туриладиган киберспорт мусобақаларида қатнашади.

Ҳикматилло Шаробиддинов

Кейинги қаҳрамонимиз – МДҲ давлатларида ўтказиладиган киберспорт мусобақаларида Ўзбекистон номидан норасмий тарзда қатнашиб келаётган Ҳикматилло Шаробиддинов. Ҳикматилло ҳам ишлаш учун Россияга бориб, бўш вақтида мобиль ўйинлар ўйнаши ортидан киберспортга қадам қўйган. У ҳозирда Европа турнирларида ҳам иштирок этиш учун ҳаракат қилмоқда.

Сенатор тахаллусли Ҳикматиллонинг YouTube каналида 176 минг обуначиси бор

Ушбу ёшлар ҳозирда стрим ва киберспорт орқасидан даромад олаётгани эътиборга молик. Масалан, Ҳикматилло Шаробиддинов ўзининг жамоаси билан МДҲ мамлакатлари ўртасида ўтказиладиган турнирларда қатнашиб, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиляпти. Унинг таъкидлашича, халқаро турнирларда қатнашаётган жамоалар орасида фақат ўзбеклардан ташкил топган ва анча таниқли бўлган киберспорт жамоаси ҳозирча битта. Азизжон Жўраев ҳам ўз жамоасини йиғишни бошлаган ва ҳозирда Ўзбекистонда ўтказилаётган киберспорт турнирларида қатнашиб келмоқда.

Даромад манбайи бўлиш билан бир қаторда видеоўйинларнинг зарарли томонлари ҳам кўп. Қаҳрамонларимиз ўйин ўйнаш вақти ва чегарасига амал қилишга интилишади.

Уларнинг фикрига кўра, ёш болаларга видеоўйинлар ўйнаш вақтини чеклаш керак. Чунки компьютер ўйинларига қарамлик ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан инсонга салбий таъсир қилиши исботланган.

Тоҳиржон Турсунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Боймирза Халилов.

Top