Ўзбекистон | 13:12 / 17.11.2022
7362
2 дақиқада ўқилади

Киберспорт бўйича бакалавриат таълим йўналиши очилади 

Фото: Getty Images

“Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Киберспорт турлари бўйича республика ва халқаро чемпионатлар ва турнирлар ташкил этиш, нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда муносиб иштирок этиш киберспорт турларини ривожлантириш асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

2023 йилдан анъанавий тарзда киберспорт турлари бўйича: ҳар йили апрель ойида Uzbekistan Esports Championship республика чемпионати; ҳар йили декабрь ойида “Вазирлар Маҳкамаси кубоги” турнири; ҳар йили июнь ойида “Ёшлар кубоги” турнири ўтказилади. 

Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил қилинди. Киберспортда ping муаммосини босқичма-босқич бартараф қилишни назарда тутувчи киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2023/2024 ўқув йилидан “Спорт фаолияти: киберспорт” бакалавриат таълим йўналиши очилади ҳамда ушбу йўналиш бўйича ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланади.

Uzbekistan Esports Championship республика чемпионатида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган киберспортчилар 2023/2024 ўқув йилидан мазкур бакалавриат таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳонларни топширишдан озод қилиниб, уларга максимал балл берилади.

Мавзуга оид