Жаҳон | 19:04 / 12.11.2021
17835
3 дақиқада ўқилади

Антарктидадан уч минг километр узоқликда ноёб пингвин тури топилди

Бу турга мансуб пингвинлар фақат Антарктида қирғоқлари ва материк яқинидаги оролларда яшайди. Уни бошқа жойларда учратиш деярли имконсиз.

Фото: HARRY SINGH

 

Янги Зеландия қирғоқбўйи аҳолиси пляжлардан бирида ноёб меҳмон – Адели пингвинини учратишди. Уни кўрганларнинг сўзларига кўра, пингвин узоқ вақт ҳаракатсиз турган. Бу мазкур турга мансуб пингвин вакили Янги Зеландияда учраши билан боғлиқ учинчи ҳолат. Дастлабки бу каби икки ҳодиса 1962 ва 1993 йилларда кузатилган.

Пингвиннинг мазкур тури колониялари илк марта француз тадқиқотчиси Жюль Дюмон-Дюрвиль томонидан 1840 йилда кашф этилган. Дюрвиль уларни ўз рафииқасининг исми – Адели, жониворларни учратган ерни эса Адели Ери деб атаган.

Янги Зеландия пляжида пингвинни биринчи бўлиб шу ерда яшовчи Гарри Сингҳ учратди. Дастлаб у пингвинни қирғоқда унутиб қолдирилган катта юмшоқ ўйинчоқ деб ўйлади. «У бир соат давомида қимирламади ва ҳолдан тойиган эди», дейди Сингҳ.

Унинг сўзларига кўра, қутқарувчилар махсус гуруҳи келгунига қадар пингвин яна сувга тушишидан кўпроқ қўрққан. Чунки бу ҳолатида пингвин осонликча Янги Зеландия қирғоқларида яшайдиган денгиз йиртқичларининг ўлжасига айланарди.

Янги зеландияликлар Пингу деб номлашга улгурган пингвинни даволаш билан ўн йил давомида пингвинларни қутқариб келаётган мутахассис, биолог Томас Стрэкл шуғулланяпти. Унга ветеринарлар жамоаси ёрдам беради. Мутахассиснинг сўзларига кўра, узоқ вақт фаолияти давомида турли пингвинларни учратган, бироқ бу ўлкаларда мазкур турни ҳеч қачон кўрмаган. Пингу таҳлиллари шуни кўрсатдики, жонивор чарчаган ва сувсизланган. Бир неча кундирки, пингвин махсус трубка орқали озиқлантириляпти.

Тўлиқ тузалгач, у сувга қўйиб юборилади. Антарктидага қайтиб кетиш-кетмаслигини эса олимлар билишмайди. Уларнинг сўзларига кўра, Адели пингвинларини учратиш ҳолатлари кўпайиши ушбу жониворлар яшайдиган муҳит ўзгарганини билдирувчи хавотирли белги бўлади.

Жорий йилнинг февралида Антарктиданинг шимолий учида Цельсий бўйича +20,75 даража қайд этилган. Бу тарихдаги энг юқори ҳарорат. Жаҳон метеорология ташилоти маълумотларига кўра, сўнгги 12 йил ичида глобал исиш таъсири остида Антарктида музликлари жадал қисқармоқда.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид