Ўзбекистон | 18:30 / 13.11.2021
18135
2 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати қоидалари: ҳаракатни тартибга солувчи элементларнинг бир-биридан қандай устунлик томони бор?

Kun.uz йўл ҳаракати қоидалари бўйича мутахассис, Сенат экспертлар кенгаши аъзоси Носиржон Зокиров билан амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига шарҳларни тақдим этиб боради. Дастлабки мақолада тартибга солувчи элементларнинг бир-биридан устунлиги ҳақида сўз боради.

Светофорлар йўл белгиларидан устун ҳисобланади. Маъно жиҳатидан светофорлар йўл белгиларига зид бўлса, йўл ҳаракати иштирокчилари светофор ишораларига бўйсунади.

Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари” 2015 йил 24 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори билан тасдиқланган. 2016 йил 1 мартдан кучга кирган.

Янги қабул қилинган йўл белгилари ва йўл чизиқлари ҳамда бошқа қоидаларни халққа етказиш учун маълум муддат керак бўлган, шу сабабдан қоидалар 3 ойдан кейин кучга кирган, чунки янги тартиб-қоидаларни халққа тушунтириш учун вақт лозим бўлган. 2019 йил 9 апрелда ВМнинг 292-қарори билан ушбу қоидаларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

“Йўл ҳаракати қоидалари” Ўзбекистонда йўл ҳаракатини тартибга соладиган ягона ҳужжатдир. Бошқа барча ҳужжатлар унга асосланган бўлиши, аксинча зид бўлмаслиги керак.

Йўл ҳаракатини тартибга солувчи элементларнинг бир-биридан устунлик тарафлари бор.

Агар улар тўрт даражага бўлинса, энг қуйида йўл чизиқлари туради. Ундан юқорида йўл белгилари. Бу шуни англатадики, йўл чизиқлари маъно жиҳатидан йўл белгиларига зид бўлиб қолганда барча йўл белгиларига амал қилиши керак.

Светофорлар йўл белгиларидан устун ҳисобланади. Маъно жиҳатидан светофорлар йўл белгиларига зид бўлса, йўл ҳаракати иштирокчилари светофор ишораларига бўйсунади. Албатта, бунда барча йўл белгилари назарда тутилмаяпти. Балки, фақат Имтиёз гуруҳига кирувчи йўл белгиларининг маъноси билан зид келганда, светофор ишорасига амал қилинади.

Буларнинг барчасидан устунликка тартибга солувчи эга ҳисобланади. Агар йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқараётган бўлса, йўл чизиқлари, йўл белгилари ва светофор ишоралари ёки мазмунидан қатъи назар барча тартибга солувчи буйруғига бўйсуниши шарт.

Мавзуга оид