Жаҳон | 15:55 / 14.11.2021
5843
9 дақиқада ўқилади

Минглаб ўлимлар ва сиёсий можаролар. Сўнгги йиллардаги йирик миграцион инқирозлар ҳақида

Айни пайтда Беларусь ва Евроиттифоқ вакили бўлган Польша ўртасида юзага келган фавқулодда ҳолат миграция муаммосига яна бир нигоҳ ташлашга ундайди.

Фото: АР/ТАСС

Одамлар яхши шароитлар излаб кўчиб юриши инсоният пайдо бўлганидан бери бор. Йигирманчи асрга келиб бу ҳолат оммавий тус олди. Бунинг бир неча сабаби бор эди: кўчиб юриш осонлашди, ривожланган ва ривожланмаган давлатлар ўртасидаги фарқ кескинлашиб кетди, замонавий технологиялар, ОАВ одамларга бошқа жойлар жозибасини кўз-кўз қилди ва ниҳоят шунчаки кўчиб ўтувчилар ҳисоб-китоб қилина бошланди.

Маълумотларга кўра, 2010 йилдаёқ дунёда мигрантлар сони 200 миллиондан ошган (сайёра аҳолисининг 3 фоизидан кўпроқ). Айни дамда бу кўрсаткич 250-300 миллион атрофида баҳоланади ва 2050 йилга бориб 400 миллиондан ошиши кутилмоқда. Яъни амалда мигрантлар сони АҚШ, Россия, Покистон, Индонезия ёки Бразилия каби йирик давлатлар аҳолиси сонидан ё ошиб кетган, ё яқин келажакда ошиб кетади.

Бугунги кунда миграция Европанинг асосий бош оғриғига айланган ва қитъа сиёсатчиларини иккига бўлиб ташламоқда. Бир тарафдан инсон ҳуқуқлари асосида демократик тузум қурганлар урушлар, очарчилик каби муаммолар гирдобида қолган давлатлардан келувчиларга ёрдам бериш керак деган фикрни илгари сурса, иккинчи тарафдагилар дарвозаларни очгандан сўнг оқимни тўхтатиб бўлмаслиги, билимсизлик, жиноятчилик даражаси кескин ошиб кетиши, маданиятлар ва эътиқодлар ўртасида зиддиятлар кучайишини айтиб жар солади.

Ҳар икки томоннинг ҳам аргументлари асосли албатта. Лекин вақти-вақти билан бу баҳслар жуда кучайиб кетади. Чунки миграция тўлқинланиб туради, бунинг ортидан келиб чиққан инқироз фақат иқтисодиётга эмас, ғоялар, сиёсат оламида ҳам юз беради.

Тарихга назар ташланса, инсоният жуда кўп миграцион тўлқинларни бошдан кечирган. Уларнинг энг йириги жаҳон урушлари даврига тўғри келади ҳамда унда одамзод асосан ўзи ва болаларининг жонини сақлаш учунгина қочишга мажбур бўлган. Бугунги кунда ҳам урушларнинг таъсири бўлса-да, асосан яхши ҳаёт излаганлар катта ҳиссани ташкил қилмоқда.

Яқин 10 йиллик тарихнинг ўзида дунё бир нечта миграцион инқирозни бошдан кечирди ва биз уларни шартли равишда бўлиб, таҳлил қилишга уринамиз.

Араб баҳори турткиси

2010 йилда Тунисда аравада мева сотувчи майда савдогар Муҳаммад Буаззизий назорат органлари келиб молларини мусодара қилгани туфайли норозилик сифатида ўзини ёқиб юборади. Камбағалнинг кўпчилик кўз ўнгида азобланиб жон бериши туфайли пайдо бўлган норозилик қай даражада кучайиши, тарқалиши ва неча давлатларни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди.

Тунисда бошланган намойишлар қўшни давлатларга тарқалди ва умумий араб баҳори номини олади. Қайсидир давлатларда раҳбарлар алмашди (Тунис, Миср, Яман), қайси бирларидир амалда парчаланиб кетди ва ҳануз бирика олмаяпти (Ливия), қайси бирларидадир 10 йилдирки уруш давом этмоқда (Сурия).

Бу жараённинг ўзига хос жиҳати – миграцион оқимларнинг кескин кучайиши бўлди ва бу ҳамон давом этмоқда. Одамлар сув, қуруқлик, ҳаво, умуман, қандай йўл бўлса барчаси орқали Европага интила бошлади. Юзлаб, минглаб инсонлар сувларда чўкди, чегараларда ҳалок бўлди, умидсизликдан ортга қайтди.

Фото: Gregorio Borgia / AP / Scanpix

Қуролли ҳаракатлар чоғида Муаммар Қаззофийнинг бир гапи кейинчалик кўпчиликнинг ёдига тушади: “Бизни ағдаришни истаган Европа муҳожирлар оқимига дуч келади”. Чиндан ҳам Қаззофий 2008-2010-йилларда бир неча марта Европага миграция оқимини назорат қилиш бўйича лойиҳалар тақдим этган ва ҳамкорлик таклиф қилганди. Аммо Европадагилар, хусусан Франция нафақат бу таклифларни қабул қилмади, балки Қаззофийни ағдаришда фаол иштирок этди.

Натижа кўп куттирмади – 2011 йилда – 18 минг, 2013 йилда – 43 минг, 2014 йилга келиб эса Ливия қирғоқларидан 218 минг киши Европага равона бўлди. Қизиғи, 2014 йилда Европа жами 276 минг муҳожирни қабул қилган.

Бу йўлда чўкиб кетиш ҳам оммавий тус олди. 2013 йилда 600, 2014 йилда 3,5 минг киши сувга ғарқ бўлди. 2014 йилда Италиянинг Лампедуза ороли яқинидаги кемада бирданига 274 киши чўкиб кетган бўлса, Сицилия яқинида биргина кема чўкишидан 850 инсон сувга ғарқ бўлиб ўлим топди. Бу йўналишда бўлмаса-да, Ўрта Ер денгизида чўкиб кетган ва қирғоқда ётган 3 ёшли Айлон Курдийнинг сурати бутун дунёни ларзага солди ва Европанинг асрий анъаналари қаттиқ танқид қилинишига сабаб бўлди. Ўшанда нафақат Айлоннинг ўзи, балки онаси, 5 яшар акаси ҳам сувга ғарқ бўлган, фақат ота тирик қолганди.

Фото: REUTERS/Nilufer Demir/DHA

Сурия-Туркия омили                                                          

2015-2016-йилларга келиб Суриядаги уруш жиддий босқичга кирди ва унда йирик давлатлар ҳам аралаша бошлади. Бу эса Суриядан оммавий қочқинлар пайдо бўлиши ва унинг асосан Туркия томон йўналишига сабаб бўлди. Вазиятдан чиқиш учун Туркия ва Европа ўзига хос ечимга эришди – Евроиттифоқ оқимни назорат қилиш ва мигрантларга кўмак бериш учун маблағ ажратди, Туркия эса уларни ўз ҳудудида сақлаб, таъминлаб турди.

Ўша йиллари 13,5 миллион суриялик гуманитар ёрдамга муҳтож бўлган бўлса, 7 миллиондан ортиқ одам мамлакатни ташлаб чиқди ва уларнинг ярмидан кўпроғи Туркиядан қўним топди. 2021 йилга келиб уларнинг расмий сони 4 миллионга яқинлашиб қолган ҳамда бу масала Туркия ва Евроиттифоқ ўртасидаги баҳсларга тез-тез сабаб бўлиб туради.

АҚШ, 2021

Фото: EPA/Vostock-photo

Трамп кетди, Байден келди. Бири муҳожирлардан ҳимояланиш учун чегарада темирдан девор қурганди. Иккинчиси тақиқларни юмшатди ва янги муаммолар гирдобига ўралашиб қолди.

2021 йилнинг баҳор-ёз ойларида АҚШ ва Мексика чегараларида муҳожирларнинг улкан армияси пайдо бўлди. Шундоқ ҳам мексикалик муҳожирларни эплай олмаётган АҚШ энди Ҳондурас, Гватемала, Сальвадор каби давлатлардан поездларда, автомобилларда ва ҳатто юзлаб километрларни пиёда босиб ўтаётган одамларни нима қилишни билмай қолди.

Тахтдан тушган Трамп эса ўз интервьюларида рақиби Байденни тинимсиз ёмонлар, “Мана шу суҳбатимиз давомида минглаб муҳожирлар мамлакатимизга кириб келди, улар сони миллионларга етади ва ҳамма нарсамиз вайрон бўлади” дея суҳбатни қизитарди.

АҚШга интилганларнинг янги тўлқини ўзига хос усулни қўллашди – улар 15,5 минг нафардан ортиқ болаларни ота-оналарисиз АҚШ ҳудудига киритиб юборди. Бирор давлат, айниқса демократик анъаналарга содиқ АҚШ болаларга нисбатан қаттиққўллик қила олмас, қабул қилишга мажбур эди. Ўзлари ҳаётдан умидларини узган ота-оналар фарзандлари келажаги учун шу йўлни тутишни маъқул кўрган.

Афғонистон, умидлар сўниши

Бу давлатдаги реал вазиятни баҳолаш мушкул. АҚШ ва НАТОнинг 20 йиллик ҳарбий ҳаракатлардан сўнг шошилинч чиқиб кетиши миллионлар юрагига ғулғула солиб қўйди. Самолётларга осилиб учишгача борганлар, учоқнинг ичини тўлдириб ўтириб олганлар тасвирлари ҳамманинг ёдида. Аммо бу фақат бошланиши эди, жуда кўпчилик иложсиз вазиятда қолди, ҳукуматни эгаллаган “Толибон” чегараларни ҳам ёпиб қўйди.

Шуниси аниқки, Афғонистондаги вазият туфайли қочқинлар, муҳожирлар оқими кучайиши эҳтимоли катта ва бунинг Ўзбекистонга ҳам бевосита таъсири бўлади.

Беларусда ҳолат

Фото: Леонид Щеглов/БелТА/ТАСС

Беларусь-Польша чегарасида бир неча минг киши тўпланиши шунчаки тузумлар ўртасидаги ўйиндан бошқа нарса эмаслиги айтилмоқда. Унга кўра, Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат устидан парвозлар тўхтатилиши билан мигрантлар ричагини ишга солди ва чегарада тўпланиш ва бузиб ўтишга эркин шароит яратиб берди. Евроиттифоққа дарвоза вазифасини бажариб турган Польша эса бу ҳаракатни Россия ва Беларуснинг навбатдаги кирдикори дея баҳоламоқда.

Аброр Зоҳидов