Саксовул панаси ва қамишлар ораси — бу Қизилқум чўли билан туташиб кетган Айдаркўл соҳилларида моҳир овчилар паналаб, ўлжанинг келишини пойлайдиган энг қулай жой. Айни кунларда ҳам ов мавсуми бошланган, Айдаркўл осмони нотинч, эрта тонг ва ярим тунда милтиқ товушлари атрофдаги сукунатни бузиб туради.


Кўл соҳилларида ҳам қушлар, ҳам чўл ҳайвонлари борлиги туфайли ов ишқибозларининг севимли жойига айланган. Ҳар йили ов мавсумида бу манзилга турли вилоятлардан юзлаб овчилар келади. Улар орасида табиатни севувчи, рухсатномага эга моҳир овчилар ҳам, овни даромад манбаига айлантириб олган, ёввойи табиатга озор етказувчи браконьерлар ҳам бор.


Навоийлик овчи Элёр Йўлдошевнинг таъкидлашича, овнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Аввало, кутиш керак. Қайси кундир ов бароридан келади, қайсидир куни эса йўқ. Ҳозир овчилар асосан ўрдак овламоқда экан. Ғоз камлиги учун анча машаққат билан отилади.

Яна бир овчи Ҳамза Раззоқов эса ов жараёни ҳақида шундай дейди:
“Ов милтиғимдан 15 йилдан бери фойдаланаман. Ўқни эса асосан ўзимиз тайёрлаймиз, бунинг учун барча аппаратларимиз бор. Ўқ отиладиган ҳайвонга қараб турлича тайёрланади. Масалан, ғоз учун алоҳида, ўрдак учун алоҳида. Ов жараёни мен учун хобби. Овга чиқсам дам оламан. Табиатимиз жуда чиройли, ҳаво тоза. Қаранг, қандай гўзал жойлар. Бу ерларга келмаслик мумкинми?! Одам сувни кўриб, қамишларни кўриб маза қилади. Тепадан қушлар учади. Кўп отмаймиз, ов йўлланмасида нечта белгиланган бўлса, шунча овлаймиз. Барчасини қонуний қиламиз, рухсатномамиз бор, “Овчилар жамияти”дан йўлланма оламиз”.

Кундузи кўлга қўнган қушлар тунда шамол кучайса, атрофдаги кичик кўлларга учиб ўтади. Кўчиш асосан эрта тонгда ва кун ботишда юз беради. Овчилар ҳали тонг отмасдан кичик кўллар атрофидаги қамишзорлар орасига беркиниб, ўрдакларнинг учиб ўтишини пойлаб ўтиришади. Айрим овчилар эса ўзи ўтирган жой яқинидаги сувга 40-50 та ўрдак макетларини боғлаб қўйишади. Бу ҳақиқий ўрдакларни чалғитиб, чақириш учун. Пастлаб учган ҳамда макетларга алданган ўрдаклар агарда овчининг отган ўқи тегса, ўлжага айланади.
























