15:28 / 17.11.2021
4048

Ўзбекистон-Евроиттифоқ муносабатлари, Марказий Осиё ва Афғонистон – Абдулазиз Комилов интервьюсидан иқтибослар

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

«Ўзбекистон Республикаси – Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги мажлисида қатнашаётган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Euractiv» медиа-порталига интервью берди.

Kun.uz Ўзбекистон-Евроиттифоқ муносабатлари, Марказий Осиё ва Европа давлатлари ҳамкорлиги, Афғонистондаги жорий вазият ҳақида сўз юритилган интервьюдаги муҳим фикрларни иқтибос келтиради.

«Европа иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши йўлида жумладан техник кўмак кўрсатиш йўли билан аниқ ёрдамлар бермоқда». 

«Айни вақтда Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари Европанинг 25 мамлакатидаги 71 университет билан ҳамкорликда таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Биз Ўзбекистонда Европанинг илғор университетлари филиаллари кенгайишидан мамнун бўламиз».

«2019 йилда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегиясига 3та асосий йўналишда ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Булар:

  • қонун устуворлиги таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва хавфсизликни таъминлаш орқали минтақа давлатлари барқарорлигини ошириш;
  • таълим, илмий изланишлар ва минтақавий ҳамкорликни орқали иқтисодий ўсишга эришиш;
  • институционал механизмлар фаолиятини мустаҳкамлаш».

«Ўзбекистон афғон халқи билан узоқ йиллик дўстлик, умумий тарих ва дин, урф-одатлар билан боғланган.

Ҳозирги вақтда «Толибон» ҳукумати халқаро тан олинишга эришиш учун ҳаракат қилмоқда. Бу халқаро ҳамжамиятга янги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш ҳамда афғон халқининг тинч ҳаётга қайтишига ёрдам бериш имкониятини беради. Биз бу давлатни 90-йилларда бўлгани каби яккаланиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак».

«74,5 миллиондан ортиқ аҳолига эга Марказий Осиё аҳолиси сўнгги 10 йилликда йилига бир миллион кишида ўсмоқда. Мутахассисларга кўра, агар ушбу минтақа умумий иқтисодий макон бўлганида, хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳамда халқаро меҳнат бозоридаги роли ошган бўларди.

Шунингдек, бу борада нафақат МДҲ мамлакатлари тажрибасини ўрганиш ва ривожлантириш, балки Европа иттифоқидаги умумий бозор шаклланиши тажрибасини ўрганиш ва у билан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйишимиз лозим».

«Европа мамлакатимиздаги таълим тизимини такомиллаштириш, унинг кўлами ва сифатини оширишда муҳим роль ўйнаши мумкин. Масалан «Эрасмус+» дастури орқали талаблар алмашинувини фаоллаштириш ва Ўзбекистонда Европа олий таълим муассасалари филиалларини очиш орқали».

«Европа иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш иқтисодиётимиз рақобатбардошлиги ошиши, янги иш ўринлари яратилиши, инновация, қишлоқ хўжалиги, экология, соғликни сақлаш ва шаҳарсозлик соҳаларида олдимизга қўйилган миллий вазифаларни амалга оширишда муҳим омиллардан бири бўлади, деб ишонамиз».

Top