Ўзбекистон | 19:02 / 24.11.2021
25978
3 дақиқада ўқилади

Айрим туман ҳокимлари президент қарорларини тушунмайди – Шавкат Мирзиёев

Келгуси йилда пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер майдонлари аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилиши маълум қилинди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, мева-сабзавотчилик кластерлари ва томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Йиғилишда ер муаммолари алоҳида муҳокама қилинди.

«Яқинда қабул қилинган қарорлар билан пахта-тўқимачилик ва ғалла кластерлари фаолияти билан боғлиқ барча масалалар ечиб берилди. Оғир масалалар эди, лекин ечимини топдик. Энди ҳар бир вилоят ҳокими бу масала билан жиддий шуғулланиши лозим.

Бунинг ҳисобидан, тўқимачилик саноати корхоналари экспорти жорий йилда – 3 миллиард доллардан, келгуси беш йилда эса – 7 миллиард доллардан оширилади. Албатта бу маррага етишимиз керак.

Худди шундай ишлаб, мева-сабзавотчилик экспортини бугунги кундаги 1,2 миллиард доллардан, камида 5 миллиард долларга кўпайтириш бўйича барча имкониятлар бор.

Бу борада, Асака, Ангор, Денов, Жомбой, Самарқанд, Олтиариқ, Қува, Юқори Чирчиқ, Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик кластерлари фаолияти тўғри йўлга қўйилиб, улар 25-30 миллион доллардан маҳсулот экспорт қилмоқда. Лекин 25та туманда экспорт 1 миллион доллардан ошмаган бўлса, мева-сабзавотга ихтисослашган 8та туманда кластерлар ташкил этилмаган. Бу туман ҳокимлари нима қилиб юрибди?

Кеча ҳар бир вилоят ҳокимига йўл қўйилган қолоқликлар кўрсатиб берилди. Энг ёмони айрим туман ҳокимлари президент қарорларини тушунмайди. Энди натижа кўрсатилиши керак. Биласиз, коррупцияга оид жиддий қарорлар қабул қиляпмиз. Энди ҳар бир пул чиқиши шаффоф ва халқ учун ошкора бўлиши керак», деди президент.

Келгуси йилда пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар майдонлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилиши маълум қилинди. 

«Биз келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшаган 80 минг гектар ерларни аҳолига бўлиб беряпмиз. Бундан ташқари, 70 минг гектар ерлар «оборот»га қайтарилади. Аҳолининг ўзида ҳам 500 минг гектар атрофида томорқа ерлари мавжуд.

Ушбу ерлардан қўшимча 10 миллион тонна маҳсулот олиш, 1,5 миллион аҳолини банд қилиш ва 800 миллион долларлик экспорт қилишга шароит яратилмоқда», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Жорий йил 1 декабрдан Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан мева-сабзавот етиштирувчиларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилиши, бунда, «кластер–фермер–банк» занжири асосида маҳсулот ҳажми ва молиялаштириш муддатлари аниқ кўрсатилган уч томонлама шартномалар тузилиши маълум қилинган.

Мавзуга оид