Йил бошида дунё матбуотида Ўзбекистон ҳудудидан динозаврнинг авваллари фанга маълум бўлмаган тури аниқлангани ҳақида шов-шувли хабарлар пайдо бўлди. Кейинчалик Учқудуқ туманидаги Жирақудуқ дарасидан қазиб олинган динозавр суяклари канадалик олимлар ва Япониянинг Нагоя университети палеонтологлари томонидан тўлиқ ўрганилиб, баҳо берилгани маълум қилинди.

Жирақудуқ Учқудуқ тумани марказидан қарийб 100 км олисда жойлашган. Мингбулоқ овулига қадар асфалт йўлдан, кейин эса 30 км қум оралаб юриб борилади. Дарага яқинлашган сари текисликлар қум барханлари ва ботиқларга алмашади. Инсонни ёввойи табиат ва кимсасиз манзиллар ҳайрати чулғаб олади.

Аслида, Жирақудуқда дунё олимлари томонидан бир неча маротаба экспедиция тузилиб, археологик қазиш ишлари олиб борилган. Жараёнда кўплаб топилмалар топилган. Айрим манбаларда Қизилқум кенгликлари ўрнида бир пайтлар Тетис денгизи бўлганлиги ҳақида тахминлар ҳам учрайди. 

«Қизилқум саҳросининг геологик ҳолатини ўрганиш учун катта тадқиқот ишлари ўтказилган. Бундан 50-60 йил илгари Жирақудуқ дараси мутахассислар томонидан мукаммал ўрганиб чиқилган. Олимларнинг тошўрмон ҳақидаги илмий паспортларини ўрганиб чиққанимизда мана шу ҳудудда бундан 100 миллион йил муқаддам Тетис денгизи бўлганлиги ҳақидаги маълумотларга дуч келдик.

Айниқса, Қизилқум саҳросида қадимда дунёдаги энг йирик ўтхўр динозаврлар яшаганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам бор. Бу маълумотларни тасдиқлаш мақсадида Жирақудуқдан топилган динозаврнинг суяклари олиниб, илмий-текшириш институтларида ўрганилган. Ҳақиқатан ҳам динозаврнинг ҳамда денгизда яшаган йиртқич балиқларнинг топилган суякларидан тажриба ўтказиб, жониворларнинг тури ҳамда ёшини аниқлаш имкониятига эга бўлинган.