Ўзбекистон | 16:05 / 22.12.2021
20596
5 дақиқада ўқилади

Ургутда ясалган мини-трактор: У турли юмушларда беминнат хизматчи бўлмоқда

Ургутлик ака-ука пайвандчилар ясаган мини трактор билан ер ҳайдаш, мола қилиш ва эгат олиш мумкин. Унинг тиркамасида эса 2 тоннагача юк ташиса бўлади.

Хўжабаланд маҳалласида яшовчи ака-ука Зиёвуддин ва Муйибхон Убайдуллаевларнинг касби чилангар-пайвандчи. Ёзда турли буюмлар, қишда иситиш печлари ясаб сотишади. Ака-укалар техникага жуда қизиқишади. Ана шу қизиқиш ортидан ўтган йил ёзда мини трактор ясашган.

Мини тракторни ясашда улар турли машиналарга тегишли эски эҳтиёт қисмлардан фойдаланишган. Двигател ўрнига чироқ кўп ўчган замонларда ўзлари ишлатган, сўнгра керак бўлмай қолган Хитойча «движок»ни ўрнатишган.

Бошқа эҳтиёт қисмларга ҳам кўп пул сарфланмаган. Мини тракторнинг довруғи атрофга тарқалгач, уни 20 миллион сўмга сотиб олмоқчи бўлиб харидор келган.

«Техникага жуда қизиқамиз. Ўтган йил пандемия даврида ишимизда бироз узилишлар бўлди. Ана шу пайтда акам билан мини тракторни ясашга киришдик. Унга эҳтиёт қисмларни териб чиқиш, пайвандлаш ва бошқа барча ишларни ўзимиз бажардик. 6 миллионча маблағ сарфладик. Движок ўзимизда бор эди. Унга турли транспорт воситаларининг эски эҳтиёт қисмларини ўрнатдик. Натижада универсал тарзда ишлатса бўладиган қулай кўмакчига эга бўлдик», — дейди Муйибхон Убайдуллаев.

Ер ҳайдашда тракторнинг шиналарига темирдан ясалган, махсус тишли ҳалқа ўрнатилади. Ҳалқа ўрнатилгач, трактор ерни қийналмасдан ҳайдай олади. Тракторга тиркама тақиб ҳаракатланганда махсус тишлар ечиб қўйилади.

Тракторга машинанинг ўт олдиргичи ўрнатилган. Мабодо аккамлятори ўтириб қолганда уни ип билан тортиб ҳам ўт олдирса бўлади. Тракторга «Матиз»нинг қувватлагичи, «Жигули»нинг иккита орқа кўприги ўрнатилган.

«Тракторчанинг тўрт ғилдираги ҳам бирдай ҳаракатланади. Унга тезликни оширувчи педал ўрнатилмаган. Трактор ҳаракатланганда унинг двигател қуввати ошиб бораверади. Тормоз педали босилганда унинг тўртта ғилдираги ҳам бирданига тўхтайди.

«Хитой движок» иккита тасмани айлантиради. Улар эса карданга борган ўқни ҳаракатлантиради. Тасма қизиб тез узилиб кетмаслиги учун уни совутиб турадиган мослама ҳам ўрнатганмиз. Бундан ташқари тиркама ва плуг ҳамда бошқа мосламаларни кўтариб туширадиган ускуналар ўрнатилган. Улар катта тракторникидай мой билан ишлайди», — деди усталар.

Зиёвуддин Убайдуллаевнинг таъкидлашича, мини тракторда двигател ўрнига движок ўрнатилгани учун унинг ёнилғи сарфи жуда кам. 2-3 литр бензин қуйилса анча ишни бажариб беради. Мини тракторнинг тиркамасига 2 тоннагача юк ортиш мумкин.

«Ўтган йил ҳовлимда озроқ қурилиш қилдим. Бир «Камаз»чилар бир машина тупроқни 300 минг сўм дейишди. Шундан сўнг 3-4 километр наридан тупроқни ўзим ташиб келтирдим. Шунингдек, эрта баҳорда томорқани шу трактор билан ҳайдадик. Ёзда картошкани ковлаб олдик», — дейди Зиёвуддин Убайдуллаев.

Трактор тиркамаси ортилган юкни ўзи ағдаради. Бундан ташқари ер ҳайдаш учун плуги, картошка ковлайдиган ва ҳайдалган ерни текислайдиган мосламалари бор.

Мини тракторни Зиёвуддин Убайдуллаев бошқармоқда. У ўз юмушларидан ортиб ака-укаларининг турли хизматларини қилиб беради. Бундан ташқари, қўни-қўшниларнинг ҳам оғирини енгил қилиб келмоқда.

«Эрта баҳордан кеч кузгача томарқамиздаги барча ишларни шу тракторда бажардик. Пичан, жўхорипоя ва шох-шаббаларни шунда ташидик. Авваллари бу ишлар учун анча маблағ сарфлардик.

Қўни-қўшнилардан кимдир келса акам уларнинг ҳам юкларини ташиб, ерларини ҳайдаб берди. Қилган хизмати учун фалон пул берасан демайди. Рози бўлиб беришганини олади», — дейди Муйибхон Убайдуллаев.

Усталар авваллари камроқ нарсани бир жойдан иккинчи жойга катта трактор ёки юк машинасида олиб бориш учун анча маблағ сарфлашган. Энди эса бундай юкларни мини тракторда ташиб олиш осон ва арзон тушмоқда.

Зиёвуддин ва Муйибхон Убайдуллаевларнинг кўп режалари бор. Улар келажакда янада ихчам ва мукаммал трактор ва бошқа транспорт воситаларини ясашни ният қилишган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид