18:52 / 07.01.2022
8886

Фанлар бўйича халқаро имтиҳонларни энди Ўзбекистонда ҳам топшириш мумкин. Бу нима учун муҳим?

Cambridge Assessment International Education ташкилоти республикадаги 4та президент мактабини халқаро имтиҳонларни ўтказиш маркази сифатида тан олди. Бу – ўзбек ўқувчиларига халқаро А-level имтиҳонларини хорижга чиқмай, Ўзбекистон ҳудудида топшириш имкониятини беради.

Имтиҳоннинг аҳамияти ва ўтказилиш тартиби ҳақида Президент таълим муассасалари агентлиги Мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари Гавҳар Ишимова Kun.uz'га берган интервьюсида маълумот берди.

Гавҳар Ишимова  / Фото: Kun.uz

— А-level сертификати нима, у Ўзбекистондаги ўқувчига қандай имтиёз беради?

— Хорижий ОТМлар бизникидек фан кесимида имтиҳон ўтказмайди. Улар халқаро тан олинган сертификатларга эга номзодларни ўқишга қабул қилади. Ана шундай сертификатлардан бири Cambridge Assessment ташкилоти томонидан бериладиган А-level ҳисобланади. Буни қўлга киритган номзод хорижий ОТМларга имтиҳон топшириб юрмайди, шу сертификат унинг билимини кўрсатади.

А-level 1750дан ортиқ ОТМларда тан олинган ва топ-20талик университетлар ҳам сертификатни қабул қилади.

— А-level учун имтиҳонлар қаерда ўтказилади?

— Шу пайтгача ўзбекистонликлар бу имтиҳонни топшириш учун Cambridge Assessment тан олган марказ қайси давлатда бўлса, ўша ерга бориб, имтиҳон топширар эди. Энди бу имконият ўзимизда пайдо бўлади. Яқинда Нукус, Хива, Наманган ва Тошкентдаги президент мактаблари Cambridge Assessment томонидан халқаро имтиҳонларни ўтказиш маркази деб тан олинди. У ерга республика бўйича истаган ўқувчи бориб, имтиҳон топшириши мумкин.

— Ўзбекистонда А-level имтиҳонини ўтказишга қандай эҳтиёж бор эди?

— Президент мактаби ўқувчиларининг 88 фоизига хорижий университетлардан таклифнома келди. Бунда улардаги А-level сертификати муҳим рол ўйнади. Шундан кейин бизга кўпчилик сертификатни қандай олиш бўйича мурожаат қилишни бошлашди. Шу сабаб Cambridge Assessment аккредитациясидан ўтган ва халқаро марказ томонидан тан олинган 4та ҳудуддаги президент мактабида имтиҳонни ташкиллаштирамиз. Кейинги ўқув йилидан эса 14та ҳудудда ҳам имтиҳон топшириш мумкин бўлади.

— Имтиҳонни топшириш учун ёш чегараси белгиланганми?

— Cambridge Assessment А-level'дан ташқари АS ва IGCSE сертификатларини ҳам беради. Булар ҳам маълум бир хорижий университетларга киришда талаб қилинади. А-level'ни топшириш учун кўпроқ билим ва малака керак. Президент мактаблари ўқувчилари IGCSE'ни 8–9-, AS'ни 10-, ва А-level'ни 11-синфда топширишади.

Лекин четдан келган талабгорлар нечанчи синфда ўқишидан қатъи назар, ўз билими ва хоҳишига қараб, исталган турдаги имтиҳонни топшириши мумкин. Cambridge Assessment ёш чегараси бўйича ҳеч қандай чеклов қўймаган.

— Талабгорлар қайси фанлардан имтиҳон топшириши ва имтиҳонга қандай тайёрланиши ҳақида маълумот бера оласизми?

— Cambridge Assessment имтиҳон учун 50дан ортиқ турдаги фанни тақдим этади, талабгор эса 3тадан 5тагача фан танлайди. Саволлар ташкилот дастурлари асосида тузилади ва дастурлар ҳар йили эълон қилинади. Ҳар бир дастур йилдан йилга такомиллаштирилади. Шунинг учун қайси йилги дастур асосида тайёрланган бўлсангиз, сизга шу йилдаги дастур бўйича тузилган саволлар берилади. Бу дастурларни ташкилот сайтидан олиш мумкин.

Талабгор инглиз тилини билиш даражасидан ташқари, танлаган фанига оид атама ва терминларни тўғри ўзлаштириши керак. Шуни тавсия қилардикки, ҳар йили имтиҳонлар ўтганидан кейин, саволлар интернетга жойлаб борилади. Номзод шу саволларни ўқиб, имтиҳон топшириш учун ўзида кўникма ҳосил қилса бўлади. Саволлар ўқувчининг хотирасини аниқлашни мақсад қилмаган. Ўқувчининг билими, кўникма ва малакаси баҳоланади. Айрим аниқ фанлардан лаборатория ишлари ҳам берилади. Шу нарса имтиҳонга олтин стандарт мақом берилишига сабаб бўлган.

— Имтиҳонлар қай тартибда ва қачон ўтказилади?

— Имтиҳонлар бутун дунёда май-июн ойларида бўлиб ўтади. Бу мавсумда йиқилганлар учун октябр-ноябр ойида яна имконият берилади. Имтиҳон бутун дунёда бир кунда, бир хил соатда ўтказилади. Тест онлайн бўлмайди, Cambridge Assessment ўзи тан олган, стандартларига жавоб берадиган марказларда ўзи варақаларини жўнатади, уларнинг ўз назоратчилари бўлади.

Имтиҳонларда бир хил саволлар тарқатилади. Материаллар тарқалиб кетишининг олдини олиш учун шундай қилинган. Жавоблар август ойида почта орқали юборилади. Ўзбекистонда талабгорларни рўйхатга олиш 20 январдан кейин бошланади. Регистрация билан боғлиқ қўшимча маълумотларни агентлик сайтига жойлаб борамиз.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Top